Маълумки, яна саноқли кунлардан сўнг, келгуси йил ҳосили учун ғалла экиш ишлари бошланади.
Таъкидлаш керакки, буғдой экилган далада куздан бошлаб бегона ўтлар бош кўтаради ва ўсимликларга жиддий зарар етказади. Олимларнинг таъкидлашича бизда бегона ўтларнинг 200 га яқин турлари тарқалган бўлиб, улардан 40 га яқин турлари у ёки бу даражада ғалла экинларига зарар етказади. Натижада дон ҳосилига путур етади, сифати пасаяди, ўрим-йиғимда ҳийла исрофгарчилик бўлади ва ҳоказо. Буларга мисол сифатида юлдуз ўт, шамак, ғумай, ажриқ, шўра, гултожихўраз, қўйпечак, зарпечак, семиз ўт, итузум, қирқбўғим, қўйтикан, жағ-жағ ва бошқаларни келтириш мумкин. Шундай экан бегона ўтларнинг тарқалишига йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ўғитлардан тўғри фойдаланиш, экинларни алмашлаб экишга риоя қилиш, дала атрофларини бегона ўтлардан тозалаш, уларга қарши ўз вақтида кимёвий ишлов бериш каби юмушларни амалга ошириш талаб этилади.
Бундан ташқари кузги ғалла майсаларига бир қатор касалликлар хусусан, буғдой сариқ занги, қўнғир занг, ун шудринг, сариқ доғланиш, чанг қоракуя, қаттиқ қоракуя, буғдой септариози ва бошқалар жиддий равишда зарар етказади. Шу ўринда буғдойда, масалан ун шудринг касаллиги ҳаво ҳарорати 15-20 даража бўлганда кенг тарқалиб, жуда тез ривожланади. Шунинг учун унга қарши чидамли навларни экиш ҳамда кимёвий фунгицидлардан фойдаланиш тавсия этилади. Шунингдек, буғдойнинг сариқ занги ҳам ўта хавфли касаллик ҳисобланади ва бунга қарши фоликур, импакт ёки байлетон препаратлари қўлланилади. Акс ҳолда улар буғдой ҳосилининг 30-35 баъзан эса 55-60 фоизгача қисмини йўқ қилиши мумкин.
Бизда кузги буғдойга бир қатор зараркунандалар ҳам жиддий зарар етказади ва буларга, масалан зарарли хасва, ширалар, шилимшиқ қурт, буғдой ва тамаки трипслари, пашша, қарсилдоқ қўнғиз ва бошқаларни мисол келтириш мумкин. Улар дастлабки пайтда ғаллага кучсиз зарар кўрсатганда, механик ёки биологик усулларда кураш чораларини қўллаш мумкин ва агарда зарарлаш даражаси ўта хавфли бўлса, у ҳолда зудлик билан кимёвий усуллар ёрдамида кураш чоралари амалга оширилади.
Мисол учун зарарли хасвага қарши БИ-8, фуфанон, ципефос, децис, суми альфа каби дори воситаларини қўллаш яхши самара беради. Худди ана шу препаратларни ширага ҳам қўллаш мумкин. Буғдой ва тамаки трипсларига қарши куздаги шудгор сифатли қилиб олиб борилса уларнинг 80-90 фоизи қирилиб кетади. Вегетация даврида эса буғдой поясида улардан 8-10 дона етук зоти бўлганда тавсия этилган препаратлар орқали кимёвий кураш чоралари ўтказилади. Худди шундай шилимшиқ қурт ва қарсилдоқ қўнғизга қарши ҳам шу тариқа кураш чораларини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади
Х.БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори
А.РАҲИМОВ
Ф.АБДУҲАМИТОВ,
Карантин инспекторлари
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.