Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"БЕФАРОСАТ"ЛАРНИНГ ЛОҚАЙДЛИГИ

ёхуд чиқиндидан қутулиб касалликка "осон" тутилиб қолманг!

-Ўғлим, йиғилиб қолган ахлатларни чиройли қилиб елим халтага солиб қўйдим, мактабга кетишингда йўл-йўлакай бирор панароқ жойга, уймиздан четроққа қўйиб кет, фақат эҳтиёт бўл, тағин, биров кўриб қолмасин.
-Яна укамнинг ишлатилган "памперс"лари солинган, чириган пўчоққа тўла халтами обормайман, ана, шанба куни ахлат ташувчи машина келади, бериб юборамиз.
-Энди ахлатга ҳам пул тўлашимиз керакми? Сал ақлингни ишлатсанг-чи ...
Атроф-муҳит ободлигини таъминлаш, маҳалла кўчаларини тоза, озода сақлаш мақсадида бугун деярли барча маҳаллаларда Туман ободонлаштириш бошқармаси билан ҳамкорликда чиқинди ташиш транспортлари йўлга қўйилган. Шунга қарамай кўчаларда, ариқлар ичида чиқинди уюмларининг тўпланганлигига кўзим тушиб, таъбимиз хира тортади. Беихтиёр ўйга ботасан киши, бу фаросатсизликми ёки лоқайдлик?
Айниқса тун ярмида хеч ким кўрмаяпти, деб ўзгаларнинг уйи олдида, кўча, маҳалласи бошида, хуллас, тўғри келган жойга ахлат ташлаб кетиш, экин суғориладиган ариқларнинг чиқиндига тўлиб ётган кўриниши аслида бефаросат одамларнинг лоқайдлигидан келиб чиқаётган ҳолат эмасми?
Нахотки мактаб ёшидаги боланинг ақли етган нарса катталарнинг хаёлига келмаса. Ахир теварак-атрофга сочилиб ётган чиқиндилар нафақат экологик муаммоларга сабаб бўлади, балки, шу билан бир қаторда "микроб" ташувчи ҳашаротларнинг кўпайиши натижасида инфекцион касалликларнинг келиб чиқишига олиб келади. Чиқиндидан шу тариқа қутилиш касалликка "осон" тутилиш дегани-ку бу!
Аслида лоқайдлик ҳам кичик бир хатолик. Ана шу хатолар эса катта-кичиклиги билан эмас, балки унинг оқибати билан баҳоланишини унутмайлик...

Фотима МАҲМУДОВА


Дата добавления: 08/09/2017 11:00;   Просмотров: 1360
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку