Ҳақиқатан ҳам пахта-миллий бойлигимиз. Деҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган «оқ олтин»ни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан териб топшириш, мамлакат хирмонининг юксалишига ҳисса қўшиш қалби қайноқ инсонлар бурчидир. Буни яхши тушунган фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилот, маҳаллалардан борган ҳашарчилар пахта ҳосилини йиғиштириб олишда пахтакорлага яқиндан ёрдам бермоқдалар.
Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, жорий йилнинг 16 октябрида пахта йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида вилоят зиёлилари томонидан 30 кунлик зарбдор ойлик эълон қилинди. Пахта хирмони ҳал бўладиган паллага кирди. Айни дамда ҳосил деҳқонлар, қишлоқ аҳли, уюшмаган аҳоли кўмагида териб олинмоқда. Ҳашарчилар учун қулай иш ва дам олиш шароитлари яратилгани боис пахта пешма-пеш териб топширилмоқда. Туманимизга бириктирилган Пастдарғом туманининг Ш.Рашидов-2, Эски Гумбаз ва Самарқанд ММТПларда жами 118 фермер хўжаликларининг 2226 гектар ерида пахта етиштирилиб, давлатга жами тўрт минг тонна хомашё топширилди.
Шундай экан, йиғим-теримда иштирок этаётган хашарчилар ишларини ўрганиб халқ депутатлари туман Кенгашига қуйидаги таклифларни киритдим:
- ҳудудларда пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг бажарилиши;
- пахта йиғим-теримига халқ таълими муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида таълим олаётганлар, ўқитувчилар ҳамда тиббиёт ходимларини теримга жалб этиш ҳолатларига йўл қўймаслик;
- пахта йиғим-теримига жойларда уюшмаган аҳолини кенг жалб этиш чораларини кўриш, бунда асосий эътибор ҳукуматимиз томонидан бу йилги пахта йиғим теримини ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарор моҳиятига қаратиш;
- пахта йиғим-теримига фермер хўжалиги ишчиларини жалб этилганлиги устидан самарали мониторинг ташкил этиш;
- пахта йиғим-терими учун тижорат банклари томонидан ўз вақтида тўловларни амалга оширилишини;
- теримга жалб этилган ҳашарчиларнинг маданий ҳордиқ олишлари учун ташкил этилаётган тадбирлар;
- ҳудудларда пахта йиғим-терими учун секторларга бириктирилган вакиллар маъсулиятини ошириш талаб этилади.
Шу ишларга амал қилинса ўйлайманки, 30 кунлик зарбдор ойлик кўнгилдагидек якунланади ва «оқ олтин» вақтида сифати билан териб топширилади.
Н.САЪДУЛЛАЕВ, туман Кенгаши депутати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.