Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланди. Жорий йил илк бор нишонланган ушбу байрам туманимизда ҳам 10 декабрь куни мўҳташам “ВЕРСАЛ” базмгоҳида деҳқонларимизнинг “Ҳосил байрами” тадбирлари билан уйғунлашган ҳолда юқори савияда уюштирилди. Унда минг нафарга яқин соҳа фидойилари, илғор фермерлар, миришкор боғбону -соҳибкорлар, соҳага тегишли ташкилот ва корхоналар вакиллари ҳамда меҳмонлар учун байрамона стол безатилди.
Ноз-неъматга тўла тўкин дастурхон атрофида иштирокчилар бу йилги ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилиш баробарида келгуси йил режаси учун ҳам ўзаро фикрлашиб, мириқиб суҳбат қурдилар. Эл суйган туманимизнинг таниқли санъаткорлари тамонидан ижро этилган куй-қўшиқларга дилдан жўшиб рақсга тушдилар. Бир гуруҳ илғорлар ва фаолларга туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари тантанали равишда топширилди. Эътирофли жиҳати шундаки, туман ҳокими Ш.Жамоловнинг таклифи ва ташаббуси билан шу куни кам таъминланган оилаларнинг етти нафар фарзандларини “Суннат тўйи” ҳам ўтказилиши ва унда тўйболаларнинг ҳар бирини ўн нафардан яқинлари иштирок этганлиги байрамнинг ҳаққоний ўзбекона тўйга уланиб кетганлигидан далолат берди. Ушбу кун шодлик ва қувончга тўла мурғак қалбларнинг хотирасида бир умрга муҳрланиб қолди. Болажонларга туман ҳокимлиги томонидан кийим бош, велосипедлар ҳадя этилди ва уларнинг ҳар бири номига банкда 50.000 сўмдан омонат дафтарчаси очилди.
- Набираларимга шундай қувончли лаҳзаларни бахш этган туман ҳокимиятига чексиз миннатдорчилигимизни билдирамиз, - дейди икки нафар тўйболанинг бувиси, тадбир иштирокчиси Хуршида Раҳматова. - Ҳаёт сўқмоқларида бироз қоқилиб, йўлдан адашиб ёрдамга мўҳтож бўлиб юрган вақтимизда “Йўл харитаси” бўйича хонадонимизга ташриф буюрган туман ҳокимининг оиламизга қилган яхшиликлари, кўрсатган ғамхўрликлари учун чин дилдан рахмат айтаман. Илоҳим, мўҳтарам Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган оқилона ва доно сиёсатга содиқ, инсонлар манфаати йўлида тиним билмайдиган бундай раҳбарлар доимо соғ-омон бўлишсин.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.