Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида» ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан туманда муайян ишлар амалга оширилди.
Уруш қатнашчилари ҳамда ногиронларига 5 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти, қимматбаҳо қўл соати ва озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмасини уч нафар тумандош жангчи фахрийларимизга тантанали равишда топшириш маросими туман ҳокими бошчилигида мудофаа ишлари бўлими, барча сектор раҳбарлари, жамоат ташкилотлари, Ёшлар иттифоқи, ОАВ, маҳалла фаоллари, мактаб ўқувчилари иштирокида юқори савияда ўтказилди.
Биринчи бўлиб Талибарзуи поён маҳалласида истиқомат қилувчи уруш фахрийси Салом бобо Исоқов хонадонига борганимизда, отахонни уруғ-аймоқлари, маҳалладошлари, ёру дўстлари, набира, эваралари қуршовида кўриб хурсанд бўлдик. Бу уй-ҳовлида 45 млн сўмлик таъмир ва ободончилик ишлари амалга оширилганидан давлатимизнинг кекса авлод вакилларига кўрсатаётган доимий эътибор ва ғамхўрликларидан Салом бобонинг қизи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Ҳабиба Исоқова тўлқинланиб гапирди. 100 ёш билан юзлашаётган отахон навқирон йигитлик пайтида Ватан ҳимоясига отланиб, бир қўлидан ажралади. Уйга қайтгач узоқ йиллар хўжаликда сувчилик касби билан шуғулланади. Қатор орден ва медаллар билан тақдирланган бу фидойи отахон бугун юрт ардоғида, эл эътиборида. Шу куни Аҳад бобо Очилов хонадонида ҳам байрамона кайфият ҳукм сурарди. У кишини суҳбатга тортганимизда, жанговар ёшлик йилларини эсга олди:
Немис босқинчиларига қарши курашни Моздок шаҳрида бошлаб Берлингача бордим. Ғалаба шодиёнасини ўша ерда нишонладик. Юртбошимизга раҳмат, бизга катта ҳурмат-эътибор кўрсатиб, пиру бадавлат, тинч-осойишта яшашимизни таъминламоқда. Бу мукофотлардан бошимиз кўкка етди. Урушдан кейин 52 йил мактабда ўқитувчи, илмий бўлим мудири бўлиб ишладим. 95 ёшни қаршилаяпман. 27 та чевара бор. Кисловодскка бориш тадоригини кўряпман.
Отахоннинг дуосини олиб учинчи хонадоннинг азиз отахони Жума бобо Ҳасанов ҳузурига бордик. Бу инсон ҳам мардлик майдонида жасорат кўрсатиб, бир қанча орден ва медаллар соҳиби бўлган экан. Жанговар ҳаёт йўли Москва остонасидан бошланиб Витебск, Смоленск, Кенигсберггача чўзилган. Қувончли зафар кунларини немис тупроғида кутиб олгач, ҳарбий хизматни яна 16 ой Япония диёрида давом эттирди. Уйга қайтишда кўкси орден ва медаллар билан зийнат топганди.
Айни пайтда 98 ёшли падари бузругвор серфайз ва баркамол хонадон бағрида, эътибор ва эъзоз оғушида бахтли ҳаёт кечирмоқда. 107 нафар набираю чевараларнинг суюкли дуогўй бувасидир. Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ибратли ҳаёт йўлидан кексаю ёш маҳалладошлари огоҳ ва баҳраманддир.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.