Эрта тонг туриб, радионинг қулоғини бураган эдим довудий овоз соҳиби, оташнафас ҳофиз Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ижросидаги Бобур ғазали билан айтиладиган "Наврўзи Ажам" қўшиғи янгради. Қўшиқ матни қуйидагича эди:
Баҳор айёмидур дағи йигитликнинг авонидур,
Кетур соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.
Гаҳе саҳро узори лола шаклидан эрур гулгун,
Гаҳе саҳни чаман гул чеҳрасидан арғувонидур.
Қўшиқнинг сеҳри, оҳангининг жозибадорлиги, ҳофизнинг ширадоровози мени мафтун этди. Қалбимга Наврўз, баҳор нафасини олиб кирди. Уйқудан уйғонган дов-дарахтларнинг ранг- баранг гуллари, ғунчалардан таралаётган хушбўй ҳидлар мени буткул хушнуд этди. Кайфиятим кўтарилиб, ўзини чаманзор, гулзор ичида юргандай ҳис қилдим.
Ҳа қишнинг қаҳри, рутубатли тонглари энди хуш ифорли, муаттар майсалар шивирловчи кунлар билан ўрин алмашди. Табиатда жонланиш юз бериб, бутун борлиқ яшнаб кетди. Дераза ойналарига тақиллаб урилаётган зумрад томчилар баҳорий куй бошлади. Баҳор кишилар қалбига кўтаринкилик, хуш кайфият, тетиклик бағишлаши билан бирга, янги кун-Наврўзни ҳам ҳадя этди. Ана шундай дамда кўнгил дилторлар қўшиқлар тинглагиси келади.
Мана бугун Наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасансевикли эркам,
Қўлимда гул, сени кутарман.
Умрим бўйи куйлаб ўтарман,
Сен баҳорни соғинмадингму?...
Наврўзи олам қўшиқ бўлиб дилларга қуйилаяпти. Баҳорни гўзалликни соғиниб қолган қалбларда қўшиқ сеҳри ажиб бир сурур, жўшқинлик уйғотаётир. Наврўз айёми деҳқончиликни бошлаш рамзи, бунёдкорлик, яратувчанлик мезонидир. Ҳув қирдан эниб тушаётган она совлиқ ортидаги қўзичоқ диканглаб сакрайди. Подачи қиши билан қўрада ётган отарини яйловга ҳайдайди.: "Қурей!", "Қурей!" Табиатнинг ўзига хос симфонияси бошланади, бу пайтда Далада, қирларда баҳор! Марварид ғунчасин очиб, бойчечак жилмаяди. Болалар шўх-шўдон қўшиқ бошлаб юборишди:
Қаттиқ ердан қатраб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак...
Наврўз байрами болаларга олам-олам завқу-шавқ бахтиёрлик бағишлайди. Уларнинг қўшиқларида Наврўз ўз ифодасини топган. Бу қутлуғ айём кунлари жажжилар "Бойчечак", "Читтигул", "Сумалак", "Чори чамбар", "Бинафша", "Наврўз келди", "Оқ теракми кўк терак", "Турналар", "Лайлак келди", "Ёмғир ёғалоқ" каби қўшиқларни мароқ билан куйлайдилар. Булар академик Юнус Ражабийнинг "Ўзбек халқ мусиқаси" китобининг учинчи жилдида жамланган.
Баҳор! Дов дарахтлар уйғониб атроф кўм-кўк либосга бурканди. Қиш бўйи увоқ ва дон излаб, чирқиллашган чумчуқлар ҳам новдаларга тизилишиб баҳорий наволарга жўр бўлишади.
Шарқ мусиқаси илмининг улуғ донишманди, академик олим, мусиқашунос Юнус Ражабий, "Мусиқа меросимизга бир назар" китобида "Наврўзи сабо" ашуласининг Навоий ғазали билан айтиладиган матнини шарҳлайди:
Сабуҳи васл аро бир қадаҳ, эй сокин даврон.
Неча хижрон туни махмурлуғ бирла йўқолгаймен...
"Наврўзи Сабо"нинг бу байтидан кўринадики, ғазал вазн ва оҳанг хусусиятлари мазмунга мос. Қўшиқчиликнинг гултожи ҳисобланган бундай мақом тузилишда айтилган ва Наврўзни мадҳ этган ашулалар жуда кўп яратилган. "Наврўзи ажам", "Наврўзи Бузрук", "Наврўзи Хоро", "Наврўзи Сабо", "Наврўзи Баёти" ва бошқалар шулар жумласидандир. Бу мақом наволари Ўзбекистон халқ артистлари Ориф ҳожи Алимахсумов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Карим Мўминов, Шокиржон Эргашев, Берта Довудова, Саодат Қобулова, Икромжон Бўронов ва бошқа санъаткорлар ижросида сайқал топган. Ўзбекистон халқ артисти Абдуқодир Исмоилов биринчи бўлиб найда "Наврўзи Ажам"куйини ижро этганди. Мақсудхўжа Юсупов танбурда, Ахмадхон Ҳожибоев сурнайда, Турғун Алиматов сатода, Абдусоат Вахобов дуторда, Мухаммаджон Мирзаев рубобда бу куйни маромига етказиб ижро этганлар. Айни пайтда Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошида ташкил этилган мақомчилар дастаси "Наврўзи Ажам" куйини ўзгача жозиба, ўйноқилик билан ижро этиб мухлисларнинг олқишига сазовор бўлдилар.
Ўтмиш шоирлари Наврўзни навбаҳорнинг лолаларида, ғамни чекинтирган шодлик онларида боғу-бўстонлар сайрида хуллас ҳар бир сонияда тараннум этганлар. Огаҳий ҳам, Бобур ҳам, Навоий Муқумий, Фурқат ҳам Наврўз мушоирасида диллар торини чертувчи ўйноқи оҳанглар тузиб, сўз сеҳри билан дилларни мафтун этувчи мухаббатни улуғлаб, ўз шеърият шайдоларига мухаббат улашган. Муқумий ғунча қатларидаги доғларни, лолаю гуллар ўрнида ўсиб чиққан янтоқларни қоралаб, вақти чоғликни шодумонлик билан ўйнаб кулишларни, боғ сайри, омонликни улуғласа, Огаҳий боғу бўстонсиз турмушни тан олмай, боғ аро ишратни, нурли ҳаётни, ғамдан озод бўлган кўнгилни тараннум этади. Фурқат эса навбаҳор фаслини шундай тараннум этади:
Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар,
Дўстлар ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар.
Субҳидам тушиб шабнам бўлди сабзалар хуррам,
Гул узра томиб кам-кам ёғди абри найсонлар...
Ана шу ўйноқи мисраларга хос ҳолда дилрабо оҳанг яратган халқ артисти Таваккал Қодиров ўзининг сеҳирли нолишлари билан янада сайқаллаштиришга эришган.
Ҳа, Наврўз оҳангларининг ўзига хос сеҳри бор. Уни тинглаган ҳар бир кишининг дили орзиқиб кетади. Қалбидаги ғуборлар қўшиқнинг дилрабо кучи таъсирида нурга, куйга йўғрилади. Ахир "Баҳор кетма менинг боғимдан", "Баҳор келди", "Ўрик гуллаганда", "Сайри боғ этсанг нетар", "Бооғим бор бахорим бор" каби дилга яқин қўшиқлар кимга завқу-шавқ бағишламайди дейсиз. Дарҳақиқат, бундан кейин ҳам халқимиз дилига, руҳига сингиб кетган бу шодиёна байрам ҳақида бастакорларимиз, шоирларимиз янги шеърлар, қўшиқ ва куйлар яратиб кишиларга маънавий озиқ бераверадилар. Зеро Наврўз ҳақидаги ғазаллар, шеърлар, куй ва қўшиқлар охири кўринмас бир оқимдирки, унинг нихоясига етиб бўлмайди.
Мана катта дошқозонлар қурилиб, сумалак пишириляпти. Биқирлаб сумалак қайнаган дошқозонлар атрофида баҳорий наволар ила йўғрилган куй-қўшиқлар бошлаган ёш-яланглар, рақсга тушаётган қиз-жувонларга момолар жўр бўлишмоқда. Ниятимиз холис. Наврўз қувончга тўлдириб, дилларни ёндирибҳаммани меҳмондорчиликка чорласин, санъаткор-ҳофизу шоиру оқинлар эса янги-янги шеър ва қўшиқлар ила Наврўз мадҳини баралла куйлайверсин.
Олимжон Ғафуров
Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, мусиқашунос
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.