Юртимизда ёши элликни қоралаб қолган кўпчилик онахонларимиз бугунги кунда фарзандлари ардоғида, невараларини суйиб умргузаронлик қилишмоқда. Келинларимиз ибо-ҳаёси, жозибаси ва латофати билан, қизларимиз эса ҳусну-малоҳати, одоб-ахлоқи, хулқи билан доимо қадрланиб, эъзозланиб келинган. Ҳозирда туб ислоҳотлар амалга оширилаётган, одам савдосига қарши оммавий кураш кетаётган бир даврда, ўз нафсининг қулига айланиб, аёл деган шарафли ва улуғ номга доғ тушираётганлар онда-сонда бўлсада учраб турганлиги афсусланарли ҳол, албатта.
Дунёда касблар кўп. Ҳар ким ўзи истаган соҳа бўйича илм олиб, ўз касбининг устаси бўлиши мумкин. Бунинг учун барча имтиёзлар, шароитлар мавжуд. Агарда, Баҳора ҳам шаҳвоний ва нопок йўл билан моддий бойлик орттиришни мақсад қилмай, юқоридаги каби имтиёз ва шароитлардан тўғри фойдаланганида эди, бугун суднинг қора курсисида ўтириб, юзи шувут бўлмасди.
Баҳора Исаева 1968 йилда Булунғур туманида туғилган. Ўрта маълумотли, муқаддам судланмаган, бир нафар фарзанднинг онаси. У салкам ўн йилдан буён М.Камолова, Ш.Нуриллаев, С.Нуриллаев, М.Рахмонова, Н.Мамарахимова каби шахслар ва бошқа гумашталари билан мунтазам равишда аёлларни олиб-сотиш, ёллаш, яъни Таиланд давлатига олиб бориб, у ерда шаҳвоний мақсадларда фойдаланиб, фоҳишалик қилиш билан шуғуллантириб, жиноий йўл билан бўлса-да моддий бойлик орттириш мақсадида ушбу гуруҳга бошчилик қилиб келган. Ачинарлиси, Жамила Аҳмедова, Севара Зияева, Шаҳноза Ҳайитова, Элмира Раимова ва бошқа жабрланувчиларнинг барчаси Таиланд давлатининг Бангкок шаҳрига бориб, Б.Исаеванинг ихтиёрида шаҳвоний ишларни амалга ошириб, Б.Исаевага йўл ва турар-жой харажатлари билан таъминлаганлиги учун тунги клубларда 8000-10.000 АҚШ доллари ишлаб бериб, сўнгра ўзларининг эҳтиёжлари учун ишлаганликларини тасдиқлашган.
Муборак Рахмонова, Мавлуда Камоловаларнинг берган гувоҳлигига қараганда ҳужжатларида чалкашликлари бўлган мижозлар қўшни Қозоғистон, Россия, Украина ва Туркия давлатлари орқали стиккер виза ва визасиз айланма йўллар орқали бориб-келиб турганлигини тасдиқлашди.
Судланувчи Б.Исаева очиқ суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳақиқатдан ҳам 2006 йилдан бошлаб Таиланд давлатининг Бангкок шаҳрига ишлаш учун бориб келганлигини, у 2007-2008 йилларда ўзига Бангкок шаҳридан ижарага хонадон олганлигини ва ушбу уйда Ўзбекистон Республикасидан келган қизларни ижарага қўйганлигини, уларга бу ерда фоҳишалик билан шуғулланиш учун шароит яратиб берганлигини тан олиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди.
Суд Б.Исаеванинг муқаддам судланмаганлигини жиноий қилмиши ижтимоий хавфлилик даражасини камайтирувчи ҳолат дея баҳолаб, судланувчининг келгусидаги хулқ-атворини ўз назоратига олган «Самарқанд» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Кафолат хати» ни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 15-моддаси 3-қисми «г» банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 7 (етти) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
П.ҒАФФОРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.