Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Қайтарилган пора

- Ўғлим, бугун қўшнимиз Носирнинг келини Зулайхо олдимга келган эди, - деди кечки овқат маҳали Шокир ота бир ой олдин янги лавозимга тайинланган ўғли Аброрга.

Отасининг кинояли оҳангдаги сўзларидан таажжубланган Аброр:
- У хотиннинг сизда нима иши бор экан, - деб сўради. Ишқилиб анави масала ҳақида айтмаган бўлсин-да, кўнглига шубҳа оралади уни.
- Кеча бир илтимос билан олдингга борган экан. Мана буни сенга бериб қўйишимни айтди. Бунинг нима эканлигини ўзинг тушунган бўлсанг керак?- деди Шокир ота имоли қараш билан газетага ўралган нарсани стол четига қўйиб.
- Дада, сиздан илтимос, менинг ишларимга аралашманг...
- Ўғлим, ишларингга аралашмоқчи эмасман. Аммо шу гапим ёдингда бўлсин. Бу фоний дунёда ҳамма нарса - ёшлик, мол-мулк, мансабу мартаба ҳам асло абадий эмас. Нафс ва бойлик қулига айланганинг сари у кўзингни кўр, қулоғингни кар қилиб қўяди. Оқибатда кимлигингни унутиб, ўзлигингни йўқотасан...
- Айтмасангиз ҳам ўзим яхши биламан. Бундай насиҳатларингизни аввал ҳам кўп марта эшитганман. Ҳозир замон бошқача. Одамлар шундай йўл тутишга мажбур бўлаяпти, буёғи тирикчилик... - деди Аброр отасига.
- Йўқ, ўғлим сен нотўғри ўйлаяпсан. Айрим нопок йўлга кирган кимсаларнинг шахсий манфаат ва худбинлиги туфайли билиб-билмай хатога йўл қўяётганлари учун замонни айблаш тўғри эмас. Ҳалол яшаб ўз ризқини топаётганлар қанча? Агар хотиржам яшамоқчи бўлсанг, ҳалол бўл. Келган-кетганга, қўл остингдаги ҳамкасбларингга меҳр-мурувват кўрсат. Халқ сени дуо қилсин. Фақат шундагина ишингда унум, рўзғорингда барака бўлади...
- Уфф, яна бошланди...
Ўғлининг бепарво гапларидан ранжиган Шокир ота бошқа бир оғиз сўз гапирмай, хонадан чиқиб кетди.
Бир муддат ўйга ботган Аброр ўзига-ўзи: "Нима, дадам бу гап билан менга одамлардан пул олма, демоқчи бўлдиларми? Текинга мушук офтобга чиқармиди...
Бу курсига осонлик билан ўтирганим йўқ, менда ҳам орзу-ҳавас деган нарсалар бор... Ёши бир жойга етиб кексайган дадам буни қаердан ҳам билсин...Топиб келганимга шукр қилиш ўрнига насиҳат қиладилар...Аёл зотининг сочи узун, ақли калта бўлади деб тўғри айтишган экан. Зулайхо опага ҳам ҳайронман. Шу пулни дадамга бериб нима қиларди, ўзимга берса ҳам бўларди-ку!..." деди.
Асаблари таранглашиб, кўзлари ғазабга тўлди. Жаҳл билан столга мушт урган Аброр пулни санамоқчи бўлиб, газета ўрамини очди. Бир маҳал у газетада чоп этилган қуйидаги ҳикматни ўқиб қолди:
"Амал, кибр ва лаззат баҳслашиб қолишди. Амал деди: "Амалдор мени ўзининг қули деб ўйлайди. Аслида, ўзи менинг қулим эканини билмайди". Кибр деди: "Гапинг рост. Фақат шуни унутмаки, бу мен туфайлидир. Чунки у амал курсисига ўтирган лаҳзада кўзларига парда тортган мен бўламан". Лаззат деди: "Иккингиз ҳам хато сўзлайсиз. У сизларнинг домингизга менга бўлган чексиз муҳаббати туфайли илинди. Зеро, мени севмаган инсон сизларга парво ҳам қилмайди".
Ҳикматни ўқиб таъсирланган Аброрнинг пешонасидан совуқ тер чиқди. У кеч тушиб қолганига қарамай, дарҳол қўшниси Зулайхо опа бериб кетган газета ўрамидаги пулни унга қайтарди. Қилган ишидан пушаймон эканлигини айтиб, Зулайхо опадан кечирим сўради....
Шокир ота Аброрнинг тўғри хулоса чиқариб қилган хатосини вақтида тузатганидан мамнун бўлди...

Фотима МАҲМУДОВА


Дата добавления: 16/11/2018 14:29;   Просмотров: 864
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку