Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚАЙТА ЭКИЛГАН ТУТ

Ҳайҳотдек ҳовли ўртасида не-не воқеа- ҳодисаларга гувоҳ, ёши асрга тенгдош, баҳайбат тут дарахти ўсарди. Катта ҳовлида ака-укалар Тоҳир ва Толиб ота-онаси бағрида, ўз оилалари билан тинч-тотув, фаровон яшаб келишарди. Тоҳир ака серфарзанд, Толиб аканинг эса икки нафар - бир ўғил ва қизи бор эди. Ҳаммалари бир қозондан овқатланишарди. Тоҳир аканинг ўғли Фаррух амакиваччаси Собиржон билан тенгдош эди. Бувиси ҳар гал Собиржонни эскирган кийимларини Фаррухга олиб берар, у эса бундан хурсанд бўлиб, худди янги кийим кийгандек севинарди. Маҳалладошлар бу катта оиланинг ўзаро аҳил-иноқлигига, меҳр-оқибатларига ҳамиша ҳавас билан боқарди. Қиз узатсак, шундай хонадонга ёки ўғил уйлантирсак, шундай хонадондан қелин қилсак, деб орзу қилувчилар кўп эди.

Орадан йиллар ўтди. Ака-уканинг бирин-кетин аввал отаси, кейин волидаи муҳтарамаси оламдан ўтишди. Ота-оналарининг вафотидан кўп ўтмай, ака-ука орасига совуқчилик тушди. Ҳовли ўртасидаги баҳайбат тут дарахти кесилиб, ўрнида девор қад ростлади. Энди фарзандлар ҳам алоҳида-алоҳида оилаларда тарбияланиб улғайишди. Фаррух чет давлатда ўқиб келиб, бир ташкилот раҳбари бўлди. Бироз эрка ўсган Собиржон эса ичкиликка ружу қўйиб, майхўрликни ўзига касб этди. Доимо сархуш юрадиган Собиржон кимни кўрса, "Анави Фаррух бор-ку, мени эски кийимларимни кийиб катта бўлган. Уларнинг ҳеч вақоси йўқ эди", деб сафсата сотиб, миннатли гаплар гапирарди. Бундай таъна-дашномлар Фаррухнинг ҳам қулоғига етиб борар, у бундан канчалик эзилмасин, жон-жигарини хафа қилишни асло хоҳламасди.
Тақдирнинг ўйинини кўрингки, Собиржон хасталаниб шифохонага ётқизилди. Докторлар Собиржонни икки буйраги ҳам хаста эканлигини айтишди. Фақат унга яқин қариндошларидан бирининг буйраги олиб ўтказилса, яшаб кетиши мумкин эди. Шунда Фаррух ҳеч иккиланмай амакиваччасига битта буйрагини беришга рози эканлигини билдирди. Улар Ҳиндистонда мураккаб операцияни ўтказиб келдилар. Ҳозирда ҳар иккисини ҳам биттадан буйраги бўлса ҳам соғ-саломат.
Шу тариқа узилган қариндошлик ришталари қайтадан тикланди. Оталари томонидан қурилган ўртадаги девор олиб ташланди. Ҳайҳотдек катта ҳовли яна ўз аслига қайтди, ўртадан эса тут дарахти экилди.

Маъмуржон МУҲСИНОВ


Дата добавления: 22/02/2019 12:50;   Просмотров: 826
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку