Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини оммага атрофлича тушунтириб етказишда, илғор ташаббусларни оммалаштиришда, жойлардаги муаммоларни кўтариб чиқиш борасида сезиларли ишлар олиб бораётганини инкор қилиб бўлмайди. Шунга қарамай, оммавий ахборот воситаларига қўйиладиган талаблар олдингиларидан катта фарқ қилади. Чунки жамиятимиз ҳаётида, айниқса, кейинги уч йилда кечган даврни муболағасиз айтиш керакки, беқиёс янгиланишлар, одамлар руҳияти, кайфиятидаги ўзгаришлар, янгича ўй, фикр, ҳаётга ишонч билан теранроқ назар ташлаш кабилар шундоққина кўз ўнгимизда кечмоқда.
Дунё миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, глобаллашув жараёнлари кучайиб, ахборот маконлари, ундан олинадиган манбалар кўпайгандан ҳам кўпайиб кетди. Энди танлаб ўқиш, танлаб тинглаш, танлаб кўриш имконияти пайдо бўлди. Ҳаммамизга кундек маълум, ахборот бозорида рақобат аллақачон бошланиб кетган. Шундай экан, ҳар бир ахборот тарқатувчининг, образли қилиб айтганда, отини қамчилаш пайти келди. Бу шундай бозорки, илло, тасаввур қилишга ҳам ақлингиз етмайди. Маҳсулотингиз сифатли бўлса, омадингиз келгани шу, бордию у бозорбоп бўлмаса, унда бозорданмас, ўзингиздан ўпкаланг. Тамом, вассалом!
Яна бир ёқда ижтимоий тармоқлар, сайтлару блогерлар кўпайиб бораяпти. Буларга ҳарпу зарп айтиш, буларнинг тезкорлиги-ю, қолаверса, яна қатор имкониятлари олдида рақобатда бўлиш катта медиа майдонида осон кечмайди, албатта. Ҳар бир режасини ақл тарозусига солиб, ён-атрофга назар ташлаган ҳолда, вазиятни ўрганиб, теран фикрлаш асосида иш юритадиган раҳбар, ижодкор, ташкилотчи бу синовлардан қийналмасдан ўта олади. Бозор иқтисодиётининг талаби раҳбар, қолаверса, ходимлардан ҳам ҳар жабҳада тадбиркорлик, омилкорликни талаб этаяпти.
Яшириб нима қилдик, бир пайтлари довруғи элга етган, молиявий бақувват, катта имкониятларга эга бўлган, бугун эса иқтисодий қийинчиликлардан бели букилиб, зўрға кунини ўтказаётган нашрлар ҳам талайгина. Аксинча, оддийгина туман газетаси бўлса-да, бировни ака, бировни ука деб, обуначиларининг кўнглини олиб, ишни яхши йўлга қўйиб, эмин-эркин фаолият юритаётган нашрлар ҳам борки, улардан ибрат олса, ўрганса арзийди.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Публицистика кенгашининг йиллик ҳисоботига бағишланган йиғилиши бўлди. Унда республика газеталарининг бош муҳаррирлари, журналист, олимлар, тажрибали ижодкорлар жам бўлишиб, ўтган 2019 йил давомида газета, журнал, китобларда босилган публицистик мақолалар, телевидение, радио орқали берилган эшиттириш, кўрсатувлар, ижтимоий тармоқларда турли жанрларда берилган материалларни атрофлича таҳлил қилишди. Мавзу юзасидан фикрлар билдирилди, баҳс-мунозаралар анча вақтгача давом этди. Шунингдек, йиғилишда журналистикамизнинг ҳозирги аҳволи, бевосита босма нашрларнинг фаолияти, истиқболи ҳақида мутахассис, соҳа олимлари, ижодкорлар жон куйдириб, ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Албатта, яна гап мавзуси бугунги кун журналистининг вазифаси ва масъулиятига тақалди. Айниқса, Ўзбекистон журналистикасининг келажак истиқболи - ёш журналистларга эътибор бериш, уларни тарбиялаш, таҳририятларда "Устоз-шогирд" тизимини самарали тарзда ташкил этиш ҳақида ҳам жўяли фикрлар айтилди. Айтиш керак, йиғилишда тажрибали журналистлар, соҳа ходимлари бугунги кунда мамлакатимиз ва хорижда кечаётган жараёнларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда тезкорлик етишмаётгани, хусусан, шаҳар ҳамда узоқ қишлоқларимизда кечаётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини, ишлаб чиқаришдаги илғор тажрибаларни ёритишда ортда қолинаётгани, газеталарда танқидий, таҳлилий мақолаларнинг камлиги, саҳифаларда берилаётган материалларнинг эса мазмуни, сифати талаб даражасида эмаслиги ҳақида ҳақли фикрлар билдиришди.
Янги Ўзбекистоннинг доно, фидойи, тажрибали сарбони билан йўлга чиққанига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Бу йўл қанчалик узоқ, машаққатли, оғир бўлмасин, мақсад кўнгиллардек ёруғ, режалар пухта, мўлжал эса аниқ. Айтиш жоизки, мамлакатимизда энг яхши эзгу мақсад йўлида қўйилган қадамларни, энг муҳим янгиликларни омма орасида тарғибу ташвиқ этиш, оммалаштиришда, одамларнинг қалби, юрагидаги гапларини, жойлардаги муаммолар, камчиликларни олиб чиқишда оммавий ахборот воситаларида ишлаётган журналист, ижод аҳлининг муносиб ўрни бор.
Шундай экан, марра бизники, келажак бизники, дея оламиз.
Юсуф ҲАМДАМОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди
(«Ҳуррият» газетасидан олинди)
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.