Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АЁЛНИ АНГЛАШ ЎЗЛИКНИ АНГЛАШДИР

Инсон манфаатларини юрт тинчлиги, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидан айро ҳолда тасаввур эта олмаймиз. Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда мавқеини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Дарҳақиқат, соғлом жамият, соғлом оила, баркамол авлод аслида аёл меҳнати, меҳридан яралади.

Аёл зоти ҳар бир ишга қалб қўрини қўшиб бажаради. Ўтган йиллар мобайнида хотин-қизлар қўмитаси маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бу борада муайян ишларни амалга ошириб келмоқда. Лекин бугун замон мутлақо ўзгарди. Энди фаолиятимизни тубдан ўзгартириш, давр талаби асосида ишлаш фурсати келди. Чунки, бугунги давр соҳадаги ишларнинг ҳолати, яъни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан чиқарилган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида мавжуд камчилик ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинган. Фармонга биноан Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланиб, устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Шунингдек, оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш мақсадида Республика "Оила" илмий-амалий маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Жорий йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади. Қувонарли жиҳати, Фармонга мувофиқ жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга бериладиган "Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилди.
Ҳа, аёлни англаш ўзликни англаш демакдир. Давлатимиз раҳбарининг "Хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак" деган сўзлари бундан буён ҳаётда ҳамда фаолиятимизда ўз ифодасини топмоғи лозим. Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиб, уларни мустаҳкамлашга,салоҳиятини тўла намоён этишга, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиздир. Имкониятдан фойдаланган ҳолда мунис ва мўҳтарам онажонларни, азиз ва қадрли опа-сингилларимизни барчасини гўзалик ва нафосат байрами 8 март-Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этаман. Лабларидан кулгу, юзларидан табассум ҳеч қачон аримасин.

З.ШОДИЕВА,
Туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси


Последнее редактирование: 09/03/2018 16:01;   Просмотров: 1225
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку