Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АЁЛ САОДАТИ

Туман тарихида икки аёлнинг номи ҳурмат-эҳтиром билан тилга олинади. Ойшакар Олчинбоева билан Раҳима Ҳакимова, бири Иккинчи жаҳон уруши йилларида оғир дамларда райком секретари, урушдан кейинги йилларда ўн йил туманнинг биринчи раҳбари бўлиб, элга бош бўлган.Иккинчиси эса Ўзбекистон мустақиллик йилларида туман ҳокими вазифасида азму шижоат билан ишлади, бунёдкорлик ишларига бош бўлди. Иккови ҳам Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати сифатида халқнинг муносиб вакиллари бўлишган.

Қуйида икки жасоратли, фидойи аёлнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятидан айрим лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
УРУШ ЙИЛЛАРИ
1943 йил ўрталарида Ойшакар Олчинбоева Самарқанд вилояти партия қўмитасининг секретари - хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб сайланди. Оила ва аёллар масалалари, хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатишдек олижаноб мақсадларда икки йил фидокорона тер тўкди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар меҳнатини рағбатлантиришдек мураккаб вазифани сидқидилдан бажариб партия ва совет идоралари ишончини қозонди.
* * *
Ўшанда қирқинчи йилларнинг охирлари эди. Самарқанд туман партия қўмитасига биттагина фойтун арава ажратилган, унда ҳам райкомнинг биринчи секретари юрар, зарур топшириқлар бўлиб қолса иккинчи ёки учинчи секретарь минарди.
Ойшакар Олчинбоева райкомнинг кадрлар масалалари бўйича секретари бўлиб фаолият юритаётганига икки йилдан ошди. Шанба куни эди, Ойшакар тушдан кейин Хожа Ахрор Вали даҳасидаги мактабга борди. У ерда ўқувчиларга сабоқ бераётган ўқитувчилар билан дилдан суҳбатлашди. Икки нафар фронтовик муаллим билан эса қайрағоч тагида супада ўтириб гурунглашди.
- Сизларни туман кенгаши депутатлигига номзод этиб рўйхатга оламиз, райком партия аъзоси ҳам бўласизлар, - деди О.Олчинбоева. - Урушдан хориб чиққан халққа партия сиёсатини тушунтириш, қишлоқ болаларини олий ўқув юртларига ўқишга даъват этиш, одамларни эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда бизларга кўмакчи бўласизлар.
Бири қўлтиқтаёқда юради, бирининг эса бир қўли протез. Уруш асорати, аммо руҳлари тетик, ишлаяпти. Халқнинг болаларини ўқитаяпти. Аёл раҳбарнинг эътибори ва ҳурматидан уруш қатнашчилари нигоҳида умид, ишонч пайдо бўлди. Ойшакар опа фронтовик ўқитувчиларнинг қўлини сиқиб омонлашди.
Қош қорайиб қолганига қарамай катта ариқ бўйидаги харобгина уйга кирди. Бу уйга кечаги кунда "Қора хат" келганди. Урушда ҳалок бўлган ўғилнинг доғида адойи тамом бўлаёзган онаизор бир четда деворга суяниб ўтирибди. Ойшакар опа онаизордан хол-аҳвол сўради, рўзғоридаги каму кўстни кўриб чўнтагидан икки-уч сўм пул берди. Нарироқда эски олача, кўрпача ҳам идраб турибди.
- Она, бардам бўлинг, элга келган "тўй", ўзингизни асранг,- деди райком секретари энгашиб момонинг ёнига ўтираркан.
- "Тўй" дема, уруш, қирғин дегин, номи ўчсин урушнинг,- мунгсиз йиғлади аёл.
Ойшакар опа дарчадан ташқарига йўналаркан, нариги кўчадаги уйга зимдан назар солди. Бу уйга ҳам "Қора хат" келган. Ундан ҳам ҳол сўради, кўнглига далда бўлди.
Яна бир-икки жойга кирди. Аёллар билан учрашди, турмушини сўради. Кеч кириб қоронғи туша бошлади. Ойшакар фойтунга ўтириб Хожаи Кафширдан Сўзангарон томонга оқиб келадиган Наводон ариғи ёқалаб юрди. Эгнида қора костюм, бошида рўмол. У фойтун аравада ҳушёр ва огоҳ бўлиб атрофига назар солиб бораркан, таниш ва нотаниш одамларнинг "активист аёл"га салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашганидан хурсанд бўлди.
"Халқаро хотин-қизлар байрами яқинлашмоқда, беш-ўнта фаол хотин-қизларга совға улашиб табриклаш керак,- ҳаёлидан ўтказди Ойшакар.- Сўнгра Наврўзи айём келаётир! Бу ҳам элимизнинг азалий кўҳна байрами. Райком партияда кичикроқ йиғилиш ўтказиб, Ҳожа Ахрор Вали даҳасидаги ҳовуз бўйида қайрағочлар тагида супада миллий байрамни нишонлаймиз".
Фойтун-аравани булвар этагидан пастга қараб бошлади. Шундоқ Амир Темур мақбараси, Руҳобод мақбараси кўзга ташланди. Улуғлар хоки пойи қаршисида отдан тушиб, таъзим қилди. Наводон ариғи бўйидаги Чашмаи зилолга қаради. "Неча йиллар, асрлардан бери отилиб чиқаётган булоқ суви шифо, оби ҳаётдан улуғ боболар сув ичганлар", ҳаёлидан ўтказди у.
"Бурҳониддин Соғаржий, Амир Темур Соҳибқироннинг руҳониятли пирларидан,- деганди унга таълим берган устозлари.- Бу жой табаррук, юқорида Амир Темур мақбараси табаррук жойлар. Соғаржийни Руҳобод дерлар, авлодларидан тўққиз нафар фарзанду набиралари дафн этилган. Бу муқаддас жойда Муҳаммад пайғамбарнинг соч толалари қўйилган олтин қутича сақланади. Гумбазлар остига ҳам олтин суви юргизилган. Нарироқда эса булоқ…"
Ойшакар Руҳобод мақбараси этагида Пулисафед маҳалласидаги уйларига етиб келганида қоронғу тушиб қолганди. Шундоқ дарча олдида фойтундан тушди, турмуш ўртоғи илиқ кутиб олди. Шундоқ аёлига меҳр билан қаради. Эндигина ўттиз ёшга кирган соҳибжамол аёл, юз-кўзидан нур ёғилиб турибди. Шунда Тозагул қизи туғилган, бир ёшдан ошганди. Ойшакар гўдакни бағрига босди. Шундоқ ён қўшнилари сигир сутидан келтирди. Биргалашиб ширгуруч тамадди қилишди.
Тунда уйлари эшигига чиқиб кўҳна шаҳарга қаради. Асрлар қаъридан сўзлагувчи Регистон майдони, маҳобатли Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари кишини ҳайратга солади. Ҳали кўчаларда от-арава, эшак-аравалар тўхтагани йўқ. Олисдан карвонсарой аҳлининг товуши эшитилади. Бирта-иккита эшиги очиқ дўконларда савдо бўлаётир.
Уйга кириб ширин хаёллар оғушида ухлади.
Ўшанда 1948 йилнинг 3 марти эди. Хотин-қизлар байрамига тайёргарлик, баҳорги буғдой экишнинг бошланиши ва бошқа тадбирлар ўтди. Райком партия идорасига кириб келганида чошгоҳ бўлиб қолганди. Орадан уч кун ўтиб 1948 йил 11 мартда Ойшакар Олчинбоевани Самарқанд тумани партия комитетининг биринчи секретари этиб тайинлади. Ойдин йўллар, катта ҳаёт ташвишлари бошланмоқда эди.
* * *
Дарғом каналининг икки қирғоғида жойлашган Самарқанд тумани серҳосил боғлари, ноз-неъматлари, ариқ ва ҳовузлари билан машҳур. Бир томони Зарафшон тоғ тизмалари, Оҳалик сойлари, бир томони Дарғом канали бўйларидаги хушҳаво жойлар, оромгоҳлар азалдан жаннатмонанд ҳисобланган. Соҳибқирон Амир Темурнинг Боғи Беҳишт, Боғи Дилкушо сингари боғ-саройлари мана шу ҳудудда бўлган. Самарқандни ўраб турган боғлар, тоғлар сурури мана шу қишлоқ туманининг соҳибкорлари меҳнати билан тилларда достон бўлган.
Ойшакар Олчинбоева уруш йиллари ва урушдан кейинги йилларда Самарқанд туманида ўн йил фаолият олиб борди. Аввал райкомнинг иккинчи секретари, кейинроқ эса биринчи секретари сифатида ишлаб, элни ортидан эргаштирди. Комсомолда ишлаб тобланган, жасур ва фидойи аёл атрофига ёшларни тўплаб боғлар яратди. Оҳалик қишлоғи атрофида чашмалар бўйида дам олиш масканлари қурдирди. Айниқса, тоғолди ҳудудларда олманинг ширин-шакар навларини эктирди. Одамларга қулай иш шароити яратиб, деҳқончилик маданиятини юксалтирди.
- Сочак қишлоғи Дарғом каналининг ўнг қирғоғида жойлашган, бу ҳудудда эллигинчи йилларда яратилган узумзорлар бор,- деганди суҳбатларимизнинг бирида Самарқанд ва Комсомол туманларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган Баҳронқул Бўронов ҳаётлик чоғлари. - Одамлар бу боғларни Ойшакар опа кўчат эктириб боғ қилган, тонна-тонна узум ва майизни уруш йиллари фронтга - Москвага жўнатган, дейишарди. Ҳозирги Бадал қишлоғи, Сочак қишлоқлари атрофидаги машҳур боғлар Олчинбоевадан қолган. У киши ўзи туғилиб ўсган Сайрам туманидан узумнинг кишмиш, қоражанжал, тоифи каби навларини келтирган. Ва унинг раҳбарлигида боғлар беш-ўн йилда "яшартирилган". Ҳозир ҳам бу анъана давом этиб келаётир.
* * *
Шу ўринда бир ривоят ёдга тушди. Эмишки, қадимда мана шу заминда Тахти Қорача довонидан тушиб келишда йўл бўйида жаннатий боғ бўлган экан. Тоғу тошлардан оқиб келадиган муздек сувдан ичган мевалар ҳосили - анжиру шафтоли, нок ва анор, узумнинг олий навларини йўлдан ўтадиган карвон эгалари сотиб олиб, ўз юртларига олиб кетишаркан.
Кунларнинг бирида Хоразм элидан келаётган карвон соҳиби Беҳишт боғида тўхтаб, боғбондан икки шингил узум, тўққизта анор, яна бир сават олма беришини айтибди. Боғбон Хоразмшоҳнинг карвону сарбон элчиларига айтган меваю сархил узумни тортиқ қила туриб, савол берибди.
- Сиз нега икки шингил узум, тўққизта анор ва бир сават олма дедингиз? Бунинг таъбирини тушунмадим, - дебди бошини эгиб.
Шунда анжирзор орасидан боғбоннинг қизи югуриб чиқиб, ота, нега тушунмайсиз. Олий ҳазратнинг тўққиз қизи - паришта, икки шингил узуми - шириндан шакар набираси ва бир сават олма дегани, қариндош уруғи, ҳамсоялари-да, дебди.
Боғбон қизнинг таъбиридан лолу ҳайрон қолган хоразмлик карвон бошлиғи қизга Хиванинг гиламидан, Ҳазораспнинг қуритилган балиғидан ва каттакон тандир патирнон туҳфа қилибди.
Карвон йўлида давом этибди.
Орадан йиллар ўтиб ўн икки яшар қизалоқ улғайиб, ўн олтига тўлганида Хоразмдан совчи келибди. Шунда отаси совчи-элчиларга "Битта тоштароқ, ойна ва асал келтиринглар", дебди. Бунинг маъносини тушунмаган совчилар ўз элига бориб, Самарқандлик боғбон қизнинг истагини айтибди. Шунда Хивалик наққош йигит ёрига атаб арабий имлоларда чиройли дастрўмол юборибди ва унда шундай ёзувлар бор экан. " Тоштароқ - саришталик, ойна - чирой ва камолот, асал эса ширин муомаладир", деб битибди ва Буюк Ипак йўли бўйлаб кетадиган йўлдаги карвонлардан бериб юборибди.
Боғбон қиз совға- туҳфани олиб, муродига етибди. Анор, беҳи тугиб рўмолга солиб юборибди. Шу тариқа Хоразм ва Самарқанд эли боғу боғбонлари, ширин лутф инсонлари туфайли қуда-анда, борди-келди қилишган экан.
Бу ривоятни бундан чорак аср муқаддам Янгиобод чўли ўрнида янги ва обод маскан - Гулобод шаҳарчаси қурилаётганида туман ҳокими , Олий Кенгаш депутати Раҳима Ҳакимова айтиб берганди. Раҳима опа ҳам Ойшакар Олчинбоевадек ғайратли, айтар сўзи айтарли аёл бўлган. Ўн беш йил туманнинг биринчи раҳбари бўлиб элда обрў-эътибор топди. Шу биргина ривояти билан Самарқанд тумани боғбонларига, боғбон қизларига таърифу тавсиф берганди. Ва, демадимки, Ойшакар Олчинбоева тўғрисида юраги тўлиб-тошиб гапирганди. Шу боис Ойшакар Олчинбоева қадим ривоятлар замиридан келиб чиқиб, ўз даврида кўп-кўп боғлар яратди, анорзорлар барпо этди. Бу улуғвор ишларни Самарқанд эли, соҳибкорлари жуда яхши биладилар.
-Отам Орзу Маҳмудов ўтган аср қирқинчи йиллари охири эллигинчи йилларда Самарқанд вилоят партия қўмитасининг биринчи секретари бўлиб фаолият кўрсатганлар,- дея хотирлайди меҳнат фахрийси Маҳорат Орзиевна Боқиева.- Мен ўсмир бола эдим. Уйимизга оилавий тадбирлар баҳонасида вилоят партия қўмитасининг секретари Шароф Рашидов, Самарқанд туман партия қўмитаси биринчи секретари Ойшакар Олчинбоева ва бошқа таниқли кишилар ташриф буюрар, улар кўпроқ юрт тинчлиги, одамларнинг турмуш шароити мавзуси баробарида эртанги фаровон ҳаёт, адабиёт ҳамда тўй-маросимлар ҳақида суҳбатлашарди. Шароф Рашидов катта ижодкор, Иккинчи жаҳон уруши азоб-уқубатларини бошидан кечирган инсон сифатида келажакка ишонч билан гапирар, Ўзбекистонимиз тараққий топган республикалар қаторида гуллаб-яшнашини башорат қиларди. Албатта, катталар суҳбатида ўз қарашлари, ўтли нигоҳлари билан кўпчиликнинг эътиборини тортадиган Ойшакар Олчинбоева ҳам дадил фикрларини ўртага ташларди. Баъзида сўзларини рус тилида ифодалаб, сўнгра таржимасини чиройли талаффузда ифодалай оладиган бу назокатли, ўта маданиятли аёлнинг гаплари ҳаммага маъқул бўларди. Шароф ака ўзига тенгдош аёлни ниҳоятда ҳурмат қилар, унинг раҳбарлигидаги Самарқанд тумани иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги билан қизиқарди.
-Ойшакар опа билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлиб ишладик,- дейди меҳнат фахрийси Дўпал Носирова.- У киши ўтган аср олтмишинчи йилларида Самарқанд шаҳар ижроқўми раиси ўринбосари, Самарқанд тумани ижроқўми раиси лавозимларида тўлиб-тошиб ишладилар. Мен Самарқанд шаҳар ижроқўмида фаолият юритдим. Обкомнинг биринчи секретари Саид Нўъмонович Усмонов вилоятда хотин-қиз кадрлар масаласига ниҳоятда эътибор билан қарар, аёлларни қўллаб-қувватларди. Ўша йиллари Ойшакар опа вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати этиб сайландилар. Халқнинг ишончли вакили, депутат аёлни давраларда, тўй-томошаларда халқ олқишлаб, иззат-икром кўрсатишарди. Мажлисларда Ойшакар опа оташин нутқ сўзлаб, ёшларни азму шижоатли, доимо ҳаётнинг олдинги сафларида бўлишга даъват этарди.

Нормурод КАРИМЗОДА
Убай ҚОДИР


Последнее редактирование: 13/05/2020 16:11;   Просмотров: 884
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку