Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АЁЛ ОЖИЗА ЭМАС...

- Дада, бошловчининг гапини эшитдингизми, "аёл ожиза эмас" деб уларни кўкка кўтариб мақтаяпти. Нима, бошқа мавзу йўқми? Бу ҳам майли, лекин у раҳбар бўладими ёки оддий уй бекаси, барибир ожиза. Ахир, ўрни келганда ҳақиқатни ҳам тан олиш керак-ку! Мана раҳбарим Наргиза опа, ишхонада жуда қаттиққўл, талабчан, айтгани-айтган, дегани-деган, бир сўзли аёллар тоифасидан. Лекин уни эрининг ёнида танимай қоласиз, худди "мулойим супирги"нинг ўзгинаси. Агар ожиза бўлмаганида шу феъли билан аллақачон эрини "гаҳ деса қўлига қўнадиган қилиб олган бўларди, -деди Азамат телевизорга тикилганча.

- Йўқ, ўғлим, шошиб хулоса чиқаришга шошилма! Чуқурроқ ўйлаб кўрсанг, бошловчининг гапида ҳам ҳақиқат бор. Аёллар ожиза эмас, уларни ожиза ёки заифа деб менсимаслик нотўғри. Чунки, барчамизни дунёга келтирган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган мўътабар Она сиймоси, хонадонларимиз чироғи, кўрки ва файзи ҳаётимизнинг маъно- мазмуни бўлган аёл тимсоли, ҳар доим Яратганнинг мўжизаси деб улуғланади. Ҳатто, буюк мутафаккир Алишер Навоий аёлдаги нафосат ва гўзалликни тарифлар экан "Аёллар фаришталарнинг опа-сингиллари" дея таъриф бериши ҳам бежиз эмас. Ўша сен "мулойим супурги" деб айтаётган раҳбаринг лавозими, мансабнинг қулига айланиб қолмаган, ўзи-ўзлигини унутмаган фаросатли аёл экан. Агар билсанг, иш билан шахсий ҳаётнинг ўзаро фарқини биладиган, оиласининг устуни, қалбининг султони бўлмиш эрини ҳамиша ҳурмат қилиб, унинг айтган гапини қонун биладиган, фарзандларига меҳрибон она, турмуш ўртоғига ширинсўз, садоқатли рафиқа, уй рўзғор ишида саранжом-сариштали бека, оилада ўз ўрни, бурчи, вазифа ва мажбуриятларини ҳеч қачон унутмайдиган, ҳар бир аёл оқиладир...
Азамат отасининг гапларидан сўнг бошловчининг: "Қудратли салтанат соҳибларини тиз чўктирган, улуғ шеърият султонларига илҳом бағишлаган, бир дона холи учун дунёнинг бетимсол шаҳарлари бахшида бўлган муқаддас хилқат қандай қилиб ожиза ёки заифа бўлсин?!"деган гапларининг мазмунини англай бошлади.

Фотима МАҲМУДОВА


Дата добавления: 06/03/2020 11:14;   Просмотров: 804
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку