Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АЁЛ НОМИГА НОМУНОСИБЛАР

"Ғафлат" сўзи арабча - бепарволик, нафснинг хоҳиш-истакларига эргашиб, ҳатто Аллоҳ таолони унутиш, дунё ва охират учун аҳамиятли нарсаларнинг қадрига етмаслик, адашиб, нотўғри йўлга кириш деган маъноларни англатади. Ғафлат босиб, нотўғри йўлга кирган ҳуқуқбузарлар Марям Шарипова ва Ойсара Шомуродова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нафақат қонунга зид, балки ўзлигимиз, маънавиятимизга ёт, бокиралик, гўзаллик ва садоқатнинг рамзи бўлган аёлларимизнинг номига номуносиб ишлар билан машғул бўлишди...

Ҳуқуқбузар Марям Шарипова муқаддам Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 190-моддаси 2-қисми билан бир неча маротаба маъмурий жавобгарликка тортилган. Унга нисбатан жарима ҳамда маъмурий қамоқ жазолари тайинланган бўлса-да, ўзига тегишли ижобий хулоса чиқариб олмади. У нотўғри хатти-ҳаракатини тузатиш йўлига кирмасдан, 2019 йил 28 март куни тахминан соат 18:30 атрофида унга олдиндан таниш бўлган Ойсара Шомуродова билан бирга "Янгиариқ-1" маҳалласи ҳудудида фоҳишалик билан шуғулланади. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатлари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан фош этилиб, ушбу ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилади. Судда ҳуқуқбузарлар Марям Шарипова ва Ойсара Шомуродова содир этган ҳуқуқбузарлиги унинг суд мажлисида берган кўрсатмасидан ташқари, дастлабки суриштирув ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.
Юқоридагиларга кўра, суд Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 309-311-моддаларини қўллаб, ҳуқуқбузар Марям Шарипова мазкур кодекснинг 190-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган, деб топилди ва унга нисбатан 7-сутка маъмурий қамоқ ҳамда 212.866 сўм жарима жазоси тайинлади.
Ҳуқуқбузар Ойсара Шомуродова Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 190-моддаси 1-қисмида назарга тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган, деб топилди ва мазкур кодекснинг 21-моддасига асосан маъмурий жавобгарликдан озод қилиниб, огоҳлантирилди.
Жамиятимизда бу каби жирканч жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда сизу бизнинг, кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Бундай иллатларни илдизига болта уриш маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитнинг барқарорлигига хизмат қилади.

Ф.САЛОМОВ,
туман маъмурий
суди раиси в.в.б


Дата добавления: 19/04/2019 12:39;   Просмотров: 805
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку