Газетамизнинг ўтган сонларида МЧЖ "MAROQAND" деҳқон бозорини бошқа ҳудудга кўчирилиши ва ўрнида кўплаб маданий-маиший объектлар қурилиши ҳақида хабар бергандик.
МЧЖ "MAROQAND" деҳқон бозори таъсисчиларининг яқинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида бу масала янада муфассалроқ муҳокама этилди. Унда 51,6 фоиз улушга эга бўлган туман ҳокимлиги ва бошқа ўн нафар таъсисчилар иштирок этишди. Унда деҳқон бозори таъсисчилари кун тартибидаги МЧЖ "MAROQAND" деҳқон бозорининг филиали бўлган автомобил бозорининг жойини танлаш ҳақидаги масалани муҳокама қилишди. Таъсисчилар йиғилишини туман ҳокими Ш.Жамолов қисқача кириш сўзи билан очди ва Президентимизнинг топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида МЧЖ "MAROQAND" деҳқон бозорига тегишли бўлган автомобилларнинг эҳтиёт қисмлар сотиш бозори 0,97 га, машиналарни сақлаш майдончаси 0,39 га ҳамда автомашиналар сотиш бозори 1,64 га жами 3,0 га ер майдонлари туман ҳокимлигининг захирасига олиниши ҳамда захирага олинган ер майдонини "Оқ амур балиқлари" фермер хўжалигига ажратиб бериш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга раислик этувчи тумандаги МЧЖ "MAROQAND" деҳқон бозори филиали бўлган автомобил сотиш бозори айни вақтда катта йўлнинг ёқасига жойлашганлигини, бозор кунлари мазкур йўл тирбандликларга, шу билан бирга нохуш ходиса (авто тўқнашувлар), ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлиб келаётганлиги, бундан ташқари тирбандликларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг оворагарчиликларига сабаб бўлаётганлиги, МЧЖ "MAROQAND" деҳқон бозори филиали бўлган автомобил бозорини хавфсиз ҳамда катта йўл ёқасидан узоқроққа кўчириш лозимлигини, янги қуриладиган автомобилларни сотиш бозорини замонавий ва инновацион ғоялар асосида қуриш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Сўзга чиққан Худойберди Салохиддинов, Сухбат Исмоилов, Саме Махмудов, Шохиста Абдуллаева, Мухсин Исмоилов, Мухаммаджон Исмоилов, Ирина Самеева ҳамда Муқаддас Исломов МЧЖ "MAROQAND" деҳқон бозори таъсисчилари ҳам юқоридаги гапларга қўшилишларини, автомобил бозорини бошқа ҳудудга кўчириш бўйича қарши эмасликларини баён этдилар.
МЧЖ "MAROQAND" деҳқон бозори таъсисчилари йиғилиш қарорига кўра, автомобилларни сотиш бозорини тумандаги "Оқ амур балиқлари" фермер хўжалиги ҳудудидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмай ётган жами 4 га ер майдонига жойлаштириш масаласи, "Оқ амур балиқлари" фермер хўжалиги раиси Илҳом Ҳалимов замонавий автомашиналар сотиш бозори, меҳмонхона ҳамда автомобиларни сақлаш майдончаларини ўзининг 5 (беш) млрд. сўмлик шахсий капитали орқали қуриб бериши ҳамда киргизган капитали орқали (кадастр ҳужжати) МЧЖ "MAROQAND" деҳқон бозорига таъсисчи бўлиб кириши ҳақидаги фикрлари тасдиқланди.
Зариф ҲАМРОҚУЛОВ,
туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.