Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АҲВОЛИМИЗНИ ЎЗИМИЗ БАҲОЛАЙЛИК

Танқид ҳеч кимга ёқмайди, чунки у аччиқ. Лекин бу аччиқнинг фойдаси ҳам бор. Худди туз ёки қалампирга ўхшаш - таомга маза бергани каби, танқидга асос бўлган муаммони ечиш лозимлигини кўрсатади.

Биздаги кўп камчилик унга кўникканимиз учун бартараф этилмаяпти. Масалан, камбағалчилик. Ҳа, биз тилга олмаган, лекин бор бўлган ҳолат. Қаноатли халқимиз ейдиган бир бурда нони бўлса, шукур қилиб яшашга ўрганган. Агар инсон бир кунда қанча каллория озиқ-овқат истеъмол қилиши кераклиги ҳақида тиббиёт тавсия этган қоидага риоя этадиган бўлсак, айрим енгил машинаси борларни ҳам тўқ яшамайдиганлар қаторига бемалол қўшиш мумкин. Шунингдек, дабдабабозликка берилиш оқибатида тўй ва бошқа маросимларга узоқ йиллар тайёргарлик кўриш туфайли аҳолининг миллионлаб қисми "истеъмол саватчаси" рўйхатида бўлган маҳсулотлар билан тўлиқ таминланиш имкониятини ўзи йўқ қилаётгани ҳам айни ҳақиқат ва бу "орзу-ҳавас" жамият даражасига кўтарилган иллат эканини халқ энди-энди англаб етмоқда. Умуман, шу ва шунга ўхшаш муаммоларни бартараф этиш йўли бор ва ҳозирда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар уларнинг ечилишига қаратилган. Лекин, жамиятда ижодкорлик, яратувчанлик муҳити пайдо қилинмаса, бу хислатлар ҳар бир шахсда туйғу даражасида шаклланмаса, инсонийликни белгилайдиган фазилатлар ёшлар руҳида қарор топмаса, узоқ йиллар қонга сингган бефарқлик, лоқайдлик ва боқибеғамлик, ҳатто олиб борилаётган ислоҳотларнинг самардорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўтган икки йилда "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш доирасида аҳолига 10 триллион сўмга яқин кредит маблағлари ажратилди. Ким паранда олди, ким чорвасини кўпайтирди. Айниқса, асаларичилик ва балиқчилик соҳаси яхши ривожланди. Афсуски, давлатдан молиявий ёрдам олган барча бир хил ижобий натижага эришмади. Сабаби эса маълум - ўқувсизлик. Ахир, тадбиркорлик учун ҳам билим керак-да. Ўн сўм устига ўн сўм қўшишнинг ўзи бўлмайди. Чунки пулни топишдан кўра, совуриш осон.
Илгари "Давлат - бош ислоҳотчи" деган тамойил асосида иш юритиб, юқоридан топшириқ берилишига ўрганиб қолгандик. Бугун "жамият - ислоҳотлар ташаббускори" деган янги ғоя фаолиятимиз мезонига айланиб бормоқда. Дарҳақиқат, ҳар қандай жараёндаги муаммони уни юқоридан кузатиб эмас, ичида бўлиб аниқлаш осон. Давлат бошқарув тизимида 4 секторнинг жорий этиш мақсади ҳам ҳар бир хонадондаги аҳволни ўрганиб, жамият ҳаётини ҳақиқий баҳолаш. Лекин, тан олиш керак, соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлиги таъминланишига айрим ходимларнинг эскича иш юритиш кўникмасидан чиқиб кета олмаётгани йўл бермаяпти. Мисол учун халқ таълими вазирлигининг йил якунига бағишланган ҳайъат йиғилишида соҳа раҳбари Шерзод Шерматов ўтган йиллар фаолияти бўйича ҳисобот бераркан, мактабларда ахборот технологияларини жорий этиш жараёни ҳақида гапириб, 4 мингга яқин мактаблар интернетга улангани, лекин компьютер синфларининг доимий ишлаши ташкил этилмаганини танқид қилди. Ёшларнинг интернетга қизиқиши кучли бўлган ҳолда компьютер синфларидан етарли фойдаланмаслик ҳолати бўйича вазирнинг куюнганича бор. Чунки, ёшларнинг бўш вақтини ўтказадиган жойлардан бири ҳамон интернет-кафелар бўлиб қолмоқда ва у ерда хизмат кўрсатиш пуллик. Хўш, болаларга нега текин фойдаланиш мумкин бўлган интернет тармоғига уланган компьютер синфлари эмас, ҳақ тўланадиган интернет-кафелар маъқул. Бу ҳолатни, майли, мамктаб директорининг вақти йўқдир, компьютер синфига масъул этиб белгиланган ўқитувчи ўрганиши мумкин-ку. Интернет-кафеларга бориб, у ердаги хизмат кўрсатувчи ва компьютердан фойдаланаётган болалар билан суҳбат қуриш орқали бу масалага дарров ойдинлик киритса бўлади. Балки интернет-кафелардан болаларни ўзларига қандай жалб қилиш йўлини ўрганиш керакдир. Нима бўлганда ҳам, бундай ҳолатга беэътибор бўлиш болаларни ўқитиш масъулияти юклатилган соҳа ходимларига ярашмайди.
Халқ таълими вазири ўқитувчи-мураббийлардан муҳтарам Президентимиз илгари сурган 5 ташаббусни жойларда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратишларини сўради. Бу борда ота-оналар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш кераклигини айтди. Вазир жуда тўғри масалани кўтардди. Чунки болаларнинг бўш вақти мазмунли ўтишига биринчи навбатда ота-оналар манфаатдор. Дарсдан кейин боланинг ўзи қизиққан йўналиши бўйича тўгаракка қатнаши ҳам ўзи учун, келажаги учун фойдали, ҳам ота-она фарзандининг бўш вақти самарали ўтишидан хотиржам. Афсуски, 5 муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳиятидан ҳали тўлиқ англаб етмаган ота-оналлар ҳам бор. Уларга буни ким тушунтиради? Албатта, ўқувчиларни ўқитиш орқали уларнинг ота-оналари билан муносабатда бўладиган ўқитувчилар.
Ҳайъат йиғилишида халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари жойларда ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши ва малакасини оширишга аҳамият бермаётгани, ҳатто, марказда малака оширган ўқитувчиларнинг баъзилари аттестациядан ўта олмагани, мактабларда турли баҳоналар билан пул йиғиш тўхтамаётганини таъкидлаган.
Ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан, ўзларига тааллуқли бўлмаган мажлислардан озод этилди. Педагогларнинг маоши деярли икки баробарга оширилди. Савол туғилади: ўқитувчиларнинг дарс бериш сифати, ўз устида ишлаши шунга мос ошдими? Ёки улар ҳамон эскича ишлашни давом эттиришяптими?
Олиб борилаётган ислоҳотларда йўл қўйилаётган камчиликлар халқ таълими соҳаси мисолида келтирилиши фақат шу йўналишда муаммо мавжудлигини билдирмайди, албатта. Шунинг учун ҳам мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий тизимни давр талабига мос равишда ўзгартириш учун барча соҳаларда ислоҳтлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Асосий мақсад - халқ фаровонлигига эришиш, халқни рози қилиш масаласи кўндаланг қўйилган.
Президентимиз Парламентга қилган мурожаатида жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётганини таъкидлаб ўтди. "Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди", деди давлатимиз раҳбари.
Табиий шароити жиҳатидан юртимиз дунёнинг энг олд мамлакатларидан бири ҳисобланади. Ер ости бойликларимизнинг кўплиги, тупроғимизнинг унумдорлиги, яна табиат ато этган жуда кўп қулайликларни санаб, ҳеч тортинмай узоқ мақтанишимиз мумкин. Лекин улардан етарли фойдаланишга келганда, ўқувсизлигимиз панд бермоқда. Халқнинг китобдан бегоналашгани, хурофот юқидан тозаланмаган урф-одатларга ёпишиб олгани маънавиятимиз ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.
Замонавий ривожланишга илму маърифат билан, юксак технологияларни ҳаётга жорий этиш орқали эришиш мумкинлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Минг йиллар илгари дунё халқларининг билимли бўлиши учун қатор фанларни яратган мутафаккирларнинг авлоди бўлган биз, бугун ўша илм ортидан юксак тараққиётган эришганлар қаторида бўлмасликка ҳаққимиз йўқ. Буни юртимиздаги ҳар бир инсон англаши керак ва шу ҳақиқатнинг фарзандлари онгига сингдириши шарт. Зеро, юртбошимиз айтганларидек: "Энг катта бойлик - ақл-заковат ва илм, энг катта қашшоқлик эса билимсизликдир".

Хуршид НУРУЛЛАЕВ


Дата добавления: 25/03/2020 16:03;   Просмотров: 742
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку