Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15 июнда пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш - давр талаби” мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқи барча қатори мени ҳам тўлқинлантириб юборди. Унда юрак-юракдан чиқариб айтилган оташин сўзлар, кўтарилган ўта долзарб масалалар ҳар бир имом-хатибни масъулият билан ишлашга даъват этади.
Бизнинг халқимиз бағри кенг бўлиб, улар азалдан тариқат сулукига - нақшбандия таълимотига амал қилиб келади. Ҳа, сохта тариқат пешволарига эргашгандан кўра Нақшбандияга амал қилсак арзийди. Баҳоуддин Нақшбандий пиримиз беҳудага: “Даст ба кору, дил ба ёр!” дея айтмаганлар. Юртбошимиз ҳам шуларни таъкидлаб ушбу сўзларни уқтирганлари ҳам қулоғим остида жаранглаб турибди: “Ахир кечагина шу ёшлар, ўзимизнинг қоракўзлар, биримизнинг маҳалладошларимиз, биримизнинг ўғлимиз, биримизнинг қизимиз ёки жиянимиз эдику! Улар қачон адашди, қачон нотўғри йўлга кириб кетди?”
Чиндан ҳам нотўғри йўлга кириб кетган баъзи бир ёшларни кўриб афсусланасан, киши. Уларни қайтариш, тўғри йўлга солиш мумкин эди-ку. Бунинг учун маҳалла-кўй, имом-у ўқитувчилар қаерга қаради? Нахотки, уларни тўғри йўлга бошқара олмади? Яхши насиҳат қилса, яйраб ўқишлари, дам олишлари, ишлашларига шароит яратиб беришса, ахлоқий тарбияга оид тарғиботларни кучайтиришса - улар тўғри йўлларидан адашишармиди, йўқ, албатта.
Яна шуни алоҳида қайд этишни истардимки, Бухорода тариқат - тасаввуф йўналишидаги мадраса очилиши, халқимизнинг асрий орзуси ушалишидан далолатдир. Бу билан барча Баҳоуддин Нақшбанд таълимотини пухта эгаллайди, ҳалол-пок меҳнат қилиш, Ватанга содиқ хизмат қилишни ўрганади.
Б.ШАРИПОВ, туман бош имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.