Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АСОСИЙ ҒОЯЛАРГА ТАЯНИБ

Мамлакатимиз тарихида илк маротаба Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тақдим этилди.

Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида кўп масалалар қатори қонун устуворлигини таъминлаш, демократик йўл билан жамиятни янада тараққий эттиришга алоҳида эътибор қаратди. Мурожаатномадаги асосий ғоялар учта:
1. Халқни рози қилиш.
2. Ҳар бир бошлаган ишимизнинг натижаси бўлсин.
3. Бағрикенг, меҳнатсевар халқимиз эртага ёки яқин келажакда эмас, балки бугун яхши, фаровон яшашга ҳақли.
Ана шу асосий ғояларга таянган ҳолда ишлаб мамлакат тараққиётига ҳисса қўшмоғимиз шарт. Шу ўринда ўзимнинг айрим фикрларимни айтиб ўтмоқчиман. Юртбошимиз таъкидлаганидек: «қоғозларда кўплаб масалаларни ҳал қилгандан кўра, амалда бир нечта муаммони ҳал қилиб берсангиз, одамлар сиздан рози бўлади».
Президентимизнинг ушбу сўзларига амал қиладиган, халқ дарди билан ёниб яшайдиган бўлсак, кутилган натижаларга эришишимиз мумкин.
Айрим маҳаллаларда ўтказилган тарғибот-ташвиқот жараёнида фуқароларимиз ўзлари сайлаган, овоз бериб, ишонч билдирган депутатлар фаолиятидан норози эканликларини билдирмоқдалар. Негаки, бир қатор маҳаллий депутатлар аҳоли билан мулоқотлар ўтказишгану улар томонидан ўртага ташланган муаммолар ечими ҳал этилмай, қоғозда қолиб кетаяпти. Бунга бир қанча мисоллар келтириш мумкин. Хаймари боло, Хаймари поён маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси суюлтирилган газ етказиб беришда узилишлар бўлаётгани боис ёрдам сўраб ўз депутатларига мурожаат этишган. Улардан ҳалигача садо чиқмаяпти, очиғи муаммо муаммолигича қолиб кетаяпти.
Парламентга Мурожаатномада ислоҳотлар самарасини оширишда депутат ва сенаторларнинг ўрни ва ролига тўхталиб ўтилган. Шунга амал қилган депутатлар ҳеч қачон янглишмайди. Аксинча халқ олқишини қозонади. Ҳаётимиз ҳозир тамоман ўзгариб бораяпти. Юртбошимиз ғамхўрлиги-ю, одилона сиёсати билан обод қишлоқлар кўпайиб, аҳоли фаровон яшамоқда, матбуот нашрлари, радио ва телекўрсатувлардан янгиликларни билиб олмоқдалар.
Энди, халқни алдаб бўлмайди. Уларга берилган ваъда сўзсиз адо этилиши шарт. Мамлакатимиз раҳбари «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак»! дея беҳуда гапирмаганлар. Ишлар шу тариқа давом этса, ўйлайманки ҳаётимиз янада чиройли бўлади, мамлакатимиз эса гуллаб-яшнайди.

Сурайё САИДОВА,
Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежи тарих фани ўқитувчиси


Дата добавления: 20/04/2018 14:46;   Просмотров: 1081
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку