Таассуфки, ўтган йиллар мобайнида тумандаги олис ҳудудлар аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилмагани туфайли ночор аҳволга келиб қолганди. Буни айниқса, Меҳробод, Илонсой, Паррандачилик маҳалласи мисолида кўриш мумкин эди. Бу ҳол аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан бундай кўнгилсиз ҳолатларга чек қўйилиб, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича аниқ ва мақсадли тизим яратилди. “Обод қишлоқ” дастури ҳаётга татбиқ этилиб, маҳалла ва гузарлар қиёфаси тубдан янгиланиб, файзли масканлар кўпаймоқда. Буни айниқса Паррандачилик маҳалласи мисолида кўриш мумкиндир.
Шуни таъкидлаш жоизки, туман ҳокими Шуҳрат Жамолов бошчилигидаги биринчи сектор фаоллари ободончилик ишларига фаол қатнашдилар. Чунки туман ҳокимининг аҳоли билан ўтказган сайёр учрашувида аҳоли ўз муаммоларини баён қилган эди.
Дарҳақиқат, бугун давлат бошқаруви органлари вакиллари ва сектор раҳбарларининг маҳаллаларга бориб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказаётгани туфайли кўплаб муаммолар жойида ҳал этилиб ва таклиф-ташаббусларни қўллаб-қувватлаш имкони юзага келмоқда. Ана шундай учрашувлардан бирида Паррандачилик маҳалласи аҳолиси фарзандлари учун спорт майдончаси бўлмаганлигини шикоят қилишган эди. Туман ҳокими ушбу муаммони ҳашарчилар ва ҳомийлар кўмагида ҳал қилди ва очилиш маросимида қатнашди.
- Тан олиш керак, - деди биз билан бўлган суҳбатда туман ҳокими Шуҳрат Ўроқович, - олис ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласи йиллар давомида эътибордан четда қолган экан. Биз жойларда очиқ мулоқотлар ўтказиб аҳолини қийнаётган кўпгина муаммоларга дуч келдик. Мени таажжубга солган нарса - биздан олдин ҳам туманда раҳбарлар, мутасадди ходимлар, фаоллар, депутатлар бўлган-ку?! Агар ҳар бир муаммо ўз вақтида ҳал этилганида, бугунга келиб бунча ташвиш-таҳлика бўлмасди. Оллоҳга шукурлар бўлсинки, бизда ҳам ҳомий ташкилот ва корхоналар, саховатпеша ва фидойи фуқароларнинг беғараз кўмагида кенг кўламда хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада мазкур қишлоқдаги мактаб, болалар боғчаси, йўлаклар, турар жойлар сифатли таъмирланди. Сув, газ ва электр қуввати билан таъминлаш яхшиланди. Энг муҳими - фарзандларимиз учун болалар майдончалари фойдаланишга топширилди. Туман ҳокими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раиси, ҳамда 1-сектор раҳбари сифатида халқ билан юзма-юз учрашувлар одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, пировардида уларнинг ҳаётдан мамнун, давлатдан рози бўлиб яшашларига замин яратди.
- Ҳурматли Шуҳрат Ўроқович, қиш фасли эшик қоқмоқда. Табиий газ муаммоси кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган аҳоли учун қандай ҳал этилмоқда?
Туманда 2018-2019 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан ҳам комплекс чора-тадбирлар дастури асосида кенг кўламда иш олиб борилмоқда. Айни пайтда туманда 42 минг 200 дан ортиқ хонадон бўлиб, уларнинг 16 минг 500 таси табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга. Қолган хонадонларга суюлтирилган газ етказиб берилади. Биргина жорий йилда 1300 тага яқин янги газ баллони олиб келиниб, аҳолига тақсимлаш режалаштирилган. Айни пайтда тумандаги 60 маҳаллага белгиланган жадвал бўйича навбати билан газ баллони етказиб берилмоқда.
Тумандаги Гулобод, Газчилар, Паррандачилик массивларидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи 800 га яқин оила бир неча йилдан буён газ тармоғи тортилган бўла туриб ундан фойдаланиш имкониятига эга эмас эдилар. Шунинг учун мазкур ҳудудга тортилган газ қувурларини икки километри таъмирланди. Бир километрлик янги тармоқ тортилди. Ҳар бир маҳалла ҳудудига киришда газ тақсимлагич ускуналари (ГРП) ўрнатилиб, электрон ҳисоблагичлар билан жиҳозланди. Умуман, туман бўйича мавжуд 400 тадан кўп газ тақсимлагич ускуналари тафтишдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Чунки бизнинг асосий мақсадимиз - фуқаролар розилиги.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА, Паррандачилик маҳалласи
Суратда: янги болалар ўйингоҳи
Бекзод ҚОДИР олган сурат.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.