Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АСЛИЯТДАН УСТУН НУСХАЛАР

Қилиғи ўзига ярашади, деган гап бор. Қилиқ деганда ҳаётимизда салбий фикр келади, лекин айни гапнинг яхши маънода тушунилиши ҳақиқат.

Кишининг бирор ҳаракати бошқаларни завқлантирса, шу жумлани қўллашади. Мен баъзи одамларнинг ўзига ярашган бу жиҳатини, асосан тўй-маросимларда ижро этиладиган рақсларида кўп кузатганман. Эътибор берган бўлсангиз, даврага чиққанлар бир хил ўйнашмайди. Баъзиси тез ҳаракатланса, бошқаси қўлини бир-икки бор кўтариб қўйиш билан кифояланади. Бири эчкига ўхшаб сакраб, чопқиллаб ўйнайди, турган жойидан қўзғалмай рақс тушадигани ҳам бор. Умуман, ҳар бирининг ҳаракати ўзига хос. Хурсандчилигини рақсда ифода этаётганлар орасида баъзиларининг одамни ўзига жалб қиладиган мафтункор, айримларининг ҳатто антиқа ҳаракатлари борки, бундайлар кузатганларни ўзига бутунлай маҳлиё қилиб қўяди. Уларнинг ҳаракатида кишига завқ улашадиган қандайдир куч бор ва у беихтиёр нигоҳлар ва эътиборни бир нуқтага тикишга мажбур этади. Бу ҳаракат турлича кўринишга эга, кимдир кўз-қошларини учириб ўйнаса, бошқаси мешдай қорнини силкитиб, ҳаммани ўзига жалб этади. Шундай паллада хаёлимга кўпинча “қилиғи ўзига ярашаркан”, деган фикр келади ва уларга ҳавас билан тикиламан. Чунки мени ҳам рақсга даврага тортишган, лекин ўйнолмаганман. Сабаби, ҳаракатларим ўзимга беўхшов бўлиб туюлган, улар кишиларнинг завқини келтирмаслигини билиб, мени даврага мажурлаб чиқаришган тақдирда ҳам, турган жойимда чапак чалиш билан кифояланганман.

Умуман, баъзиларнинг қилаётган иши ўзига ярашади. Ҳатто бу иш салбий тасаввур уйғотса ҳам. Мен ўтакетган илтифотни назарда тутяпман, яъни, синонимнинг қўполроқ иборасида изоҳласам - лаганбардорликни. Наҳотки, шундай салбий хусусият ҳам кишига ярашса, дея эътироз билдиришингиз мумкин. Ярашаркан, буни ҳаётимда учратганман. Истасангиз, айтиб беришим мумкин. Бу воқеага анча бўлди. Унда биз – нуфузли ташкилотнинг ёш ходимлари олий таълимдан сўнг турли ташкилотларда беш-ўн йил ишлаб, қайси бир хислатимиз эътиборга тушган бўлса керак, масъул лавозимга эришган, вилоят миқёсидаги масалаларни ечмасак-да, уларнинг ечилиши (ёки ечилмаслиги)га аралашиб юрган вақтларимиз эди. Ташкилотимиз раҳбарининг бир нечта ўринбосари бўлиб, мутахассисларнинг асосий қисмини биз ёшлар ташкил этардик. Мен ижтимоий соҳа бўйича раҳбар ўринбосарининг мутахассислари, улар ўз бошлиқларини қандай кутиб олишлари ва кузатишлари ҳақида гапирмоқчиман. Чунки, деярли ҳамтенгимиз бўлган уч йигитнинг раҳбарига кўрсатган мулозамати, аввалига бизга эриш туюлган бўлса, кейинчалик, яъни кўникканимиздан сўнг, ҳавасимизни уйғотганди. Лекин ўшандаги бу ҳавас илтифотни қойилмақом қилиб бажарган ҳамтенгиларимизга ёки уларнинг бошлиғига бўлганми, ҳалигача тушунмайман. Менимча, бошлиққа нисбатан бўлган. Чунки, ўзимни йигитлар ўрнида ҳеч тасаввур этолмаганман. Сабаби, буни иғво деб аташ унчалик тўғри бўлмас, лекин, гоҳида улар хақида гап кетганда баҳолаш тарозисининг палласи, қанча ёқлов тошлари қўйилмасин, охир-оқибат мусбат томонга оғарди. Бизни ҳайрон қолдиргани, бошлиғи ташкилотимиз олдига қачон келмасин, уни кутиб олиш учун уч йигитдан бирининг ҳозир бўлганида эди. Шундай вақтлар бошлиқ келаётганини уларга огоҳлантирилса керак, деган хаёлга борардик. Чунки эрталаб келиш вақти аниқ, кетар чоғи кузатиб қўйишда бошлиқ ёнида бўлиш муаммо туғдирмайди. Лекин кун давомида келган бошлиқни, у қайси вақтда келмасин, худди унинг айни вақтда келишини билгандек, йигитлардан бирининг кутиб олишга чиқишини ақлимизга сиғдиролмасдик. Эрталаблари, бу энди одатга кирганди, бўлим мудири вазифасида ишлайдиган ходим раҳабирини кутиб олишга чиқарди. Ташкилот олдига келиб тўхтаган “Волга” машинасининг орқа эшигини у чаққон ҳаракат билан очаркан, бошқа ўринбосарлардан савлати билан ажралиб турадиган нафақа ёшидаги кўркам киши машинадан виқор билан тушиб, ўзи билан олиб тушган қалин папкани қўлини илҳақ узатган бўлим мудирига берарди. Машина ўрнидан оҳиста қўзғалар, лекин бошлиқ ва бўлим мудири одатдагидек ўша жойда бир дам тек қотишарди. Бўлим мудири қандайдир бир муҳим масала ҳақида гапирса керак, бошлиқ диққат билан эшитарди. Албатта, бу суҳбат узоқ чўзилмайди. Бошлиқ маъқул деган маънода бошини бир-икки қимирлатади, сўнг шошилмай эшик томон юра бошлайди. Гапини давом эттирган ҳолда бўлим мудири унга эргашади. Эшикка яқинлашганда бўлим мудири илдам ҳаракат билан олдинга ўтиб, эшик ёнида туради ва сал эгилиб, бошлиғининг ичкарига киришини кутади. Эшик олдида бинонинг фақат тўртинчи қаватига чиқадиган лифт бор. Бошлиқ ва бўлим мудири орқама-кейин эшикдан киришганда лифтнинг эшиги очиқ, уларни олиб чиқишга маҳтал турган бўлади. Боя эшик олдида қандай ҳозир бўлган бўлса, бўлим мудири лифт олдига шундай илдам келиб, раҳбарининг ичкари киришини кутади ва кейин ўзи кириб, лифтнинг ҳаракатланиш тугмасини босади, эшик ёпилиб, улар юқорига кўтарилишади. Бошлиқни ишдан кузатиш ҳам худди шундай, фақат тескари тартибда амалга оширилади. Бунда раҳбарни лифтгача фақат икки ходим кузатиб келади. Чунки ходимларнинг учинчиси лифтни юқорига чиқартириб, унинг эшигини очиқ тутган ҳолда тайёрлаб турган бўлади. Раҳбар ва бўлим мудири лифтга чиқишаркан, қолган икки ходим зина орқали биринчи қаватга тушишади. Энди раҳбарни уч ходим бўлиб кузатишади. Лекин ҳар сафар бир хил тартибда, олдинда раҳбар билан бўлим мудири, бир қадам ортда раҳбарнинг папкасини кўтарган иккинчи ходим, сал орқароқда учинчиси. Шу сафда йўлакда кутиб турган “Волга”гача боришаркан, ўртада бораётган ходим қадамини тезлаштириб, машина эшигини очади. Раҳбар бўлим мудири айтиб келаётган гапларни тинглаётганини маълум қилгандек, бошини билинар-билинмас қимирлатиб, секин қадам ташлаб боради ва машинага ўтиришдан олдин бир-икки оғиз гапирган бўлади. Шунда бўлим мудири бутун дунёни унутиб, уни диққат билан тинглагани хона дерезаси орқали уларни бинодан кузатиб турган биз – ҳангоматалабларга сезилади Айтилган гапни қолган икки ходим ҳам баравар қабул қилиб, тавозе билан, лекин бироз эгилиб, бу уларнинг тик қарашларига монелик қилгани учун ер остидан тикилишидан маълум, итоаткорликнинг энг олий намунасини намойиш этиб туришади. “Волга” жойидан қўзғалгандан сўнг уч ходимнинг ҳолатини, ўша атрофда бўлиш тақозаси гоҳида менга ҳам насиб қилгани учун тўғридан-тўғри кўп кузатганман ва барча гувоҳларнинг таъкидини тасдиқлаган ҳолда, илтифотнинг бу қадар санъат даражасида амалга оширилиши бизларнинг қўлимиздан келмаслигини тан олганман. Йўқ, бу хусусият туғма бўлса керак, уни ўрганиб бўлмайди. Дарвоқе, уч ходимнинг раҳбарни кузатгандан кейинги ҳолатини тасвирлаш ёдимдан кўтарилибди. Раҳбар жўнаб кетганидан сўнг бўлим мудири ва икки ходим узоқлашиб кетаётган “Волга”га бироз кўз тикилиб туришади. Бу бизга кузатиш тамоили шундай бўлиши керак экан-да, деган тасаввурни уйғотади. Бўлим мудири раҳбар кетиш олдидан унга айтган гапни, гарчи бу гапни икки ходим эшитган бўлишса-да, яна қайтарган бўлади, лекин атрофлича изоҳлаб, чунки бу тушунтириш раҳбарни кузатиш муросимига кетган вақтдан ҳам хийла чўзилади. Сўнг учовлон бинога қараб юришади, юрганда ҳам боя бинодан чиқишгандаги эҳтиёткорона қадам босиб эмас, бамайлихотир, фақат сал шахтамроқ, эгилиброқ эмас, ғоз юриб, атрофга эътибор бермай, агар ўша вақтда бирор бошқа ходимлардан бир-иккитаси ушбу кузатув маросимининг беихтиёр гувоҳига айланган бўлса, уларнинг ёнидан раҳбарлари ўзларини ўзига қанча яқин олганини, тўғрироғи раҳбар билан қанчалар яқинликларини кўрсатиш учун ғўддайиброқ, умуман намойишкорона алпозда бинога кириб кетишади.

Орадан узоқ йилар ўтиб кетган бўлса-да, ўша даврларни эсласам, анча йил бир бинода ишлаган инсонлар қатори, фақат бошлиққа илтифот қилиши билан ёдимда қолган уч ходим ҳам хаёлимдан ўтади ва уларнинг ўшанда бошлиққа нисбатан муносабатидан уйғонган ҳавасни катта лавозимларда ишлаган вақтларим, гарчи имконият тақоза қилганда ҳам амалга оширмаганимни ўйлайман. Илтифотталаб билан илтифотгир бир-бирига тўғри келмаса, уларнинг иккисига ҳам оғир бўлишига кўп дуч келганман.

Ўйлаган фикримни иложи борича айтишга одатланганим учун ўша вақтлар гап келганда ташкилотимиз раҳбарининг ўринбосари сифатида бизнинг соҳани бошқарган бошлиғимизга, бу унинг уйида ўтган бир тадбирда бўлганди, ҳазиллашиб шундай дегандим:

— Биз шунчалар нўноқмизки, ижтимоий соҳа бўлимининг ходимлари бошлиқларига кўрсатган илтифотнинг юздан бирини ҳам сизга кўрсатолмаймиз. Шу ишни уддалай олмаганимиз учун кечиринг.

— Агар шу ишни қилганларингда мен билан ишламаган бўлардинглар.

Ўхшамаса учрамас, деганлари шу бўлса керакда. Илтифотни биз каби тушунмасди устозимиз. Умуман, ишдан бошқа нарсани билмасди, раҳматли.

Нима бўлганда ҳам, ўша уч ходимнинг қилиғи ўзига ярашарди. Улар илтифотни шунчалар назокат билан амалга оширишардики, уни лаганбардорликка йўйолмасдик. Бундан таъсирланиб ҳатто афоризм ҳам ёзгандим: “Шундай самимий бўлингки, сохталиги сезилмасин”.

Хуршид Нуруллаев


Дата добавления: 24/02/2017 11:05;   Просмотров: 1442
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку