Ўзбекистон Республикасининг "Умумий ҳарбий мажбурий ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 22 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ туман мудофаа ишлари бўлимида аскарликка иштиёқманд ёшлар жам бўлди. Ҳар томонлама чиниққан, соғлом ва билимли йигитлар навбати билан ҳарбий хизматга жўнатилмоқда.
- Ёшларни жорий йил март-апрель ойларида муддатли ҳарбий ва сафарбарлик чақируви резерви хизматига чақириш бўйича пухта тайёргарлик кўрдик, - деди туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Равшан Ахмедов. - Ушбу мавсумни намунали ўтказиш учун чақирув пунктида сифатли таъмирлаш ишлари ўтказилди. Муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат чақирувини ташкил этиш бўйича махсус комиссия таркиби тузилди.
- Равшан Ҳамидович, бугун йигитларимизнинг аскар бўлиши, ҳарбий хизматчи сифатида фаолият юритиши учун талаблар ортган, шундай эмасми?
-Тўғри, фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида сараланади. Комиссия чақирилувчининг билими ва интеллектуал салоҳияти, шахсий мослашувчанлик қобилияти, жисмоний тайёргарлик даражаси, соғлиғи, спортга муҳаббатини инобатга олади. Ёшларни жисмоний чиниқтиришга, чидамли ва матонатли бўлишга, ҳар қандай қийинчиликларни сабот билан енгишга, бошлиқ ва командирларнинг буйруғини сўзсиз бажаришга ўргатиш жиддий эътибор талаб қиладиган вазифалардандир. Ватан ҳимоячиси ҳарбий либос кийиб, қўлига қурол олар экан, ким учун ва нима учун хизмат қилаётганини англаб етиши лозим. Буюк саркардалар Амир Темур, Жалолиддин Мангубердий, Темур малик, Спитамен ва бошқа халқ қаҳрамонлари ҳаёт ва фаолиятларини билишлари ҳам қарз, ҳам фарз.
Умуман, йигитлик бурчини ўташ ҳар бир ёш ҳаётидаги муҳим давр бўлиб, ҳарбий хизматда у ҳар томонлама чиниқади. Ўз кучига ишончи ортади, дунёқараши ўзгаради. Шу билан бирга, ҳаёт мактабида орттирган билим ва тажрибалари Қуролли Кучлар заҳирасига бўшатилганларидан сўнг ҳам катта фойда беради.
- Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларга берилаётган имтиёзлар тўғрисида ҳам маълумот берсангиз.
- Юртбошимизнинг қарорига мувофиқ жанговор ва ижтимоий-сиёсий тайёргарликда юксак натижалар кўрсатган, намунали интизомга эга муддатли ҳарбий хизматчиларга бир қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлади, сўнг тўлов-контракт шакли бўйича ўқишга қабул қилинади. Бундан ташқари, ўқиш даврида ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолиятида фаол иштирок этган талабаларга контракт суммасининг 35 фоизи тўлаб берилиши жорий этилди.
- Шу ўринда ёшларга ибрат бўлиши учун ҳам бизни бир савол қизиқтиради: сиз нега айнан ҳарбий соҳани танладингиз?
- Мен ёшлигимдан Ватан ҳимоячилари тўғрисида кўплаб китоб мутолаа қилганман. Тарихий асарлар асосида яратилган кинофильмларни кўриб, ҳарбий бўлишга қатъий аҳд қилганман. Отам Ҳамид Аҳмедовдан ва онам Қурбонгул Ҳакимовадан оқ фотиҳа олиб, 2001 йилда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар мудофаа ишлари бўлими томонидан Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга юборилдим. Давлат имтиҳонларидан ўтиб ўқишга қабул қилиндим. Тўрт йил устозларимдан сабоқ олдим. 2005 йил мудофаа вазирининг буйруғига асосан, Тошкент ҳарбий округида взвод командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинландим. 2016 йил эса Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлими сафарбарлик чақирув резерви бўлим бошлиғи лавозимига ишга келдим. Икки ойдан буён Самарқанд туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи сифатида фаолият олиб бораяпман. Касбимдан фахрланаман. Она Ватанимиз тинчлиги, юртга содиқ ўғлонларни тарбиялашни асосий бурчим, деб биламан.
- Бугун чақирилувчилар қайси қисмларга жўнатилмоқда?
- Аскарликка иштиёқманд ёшларнинг миллий гвардия, чегара қўшинлари ва десант қисмларига қизиқишлари каттадир. Тиббий кўрик пайтида уларни ҳар бир шифокор ўзининг йўналиши бўйича жиддий текширувдан ўтказади. Бўй- бастидан тортиб, кўкрак кенглигигача, ранг ажрата олиш қобилиятидан, эшитиш ўткирлигигача ва албатта маънавий олами инобатга олинади. Шунга муносиб тарзда қисмларга жўнатилмоқда.
Хуллас, туман мудофаа ишлари бўлимида муддатли ҳарбий хизматга бориш мавсуми пухта тайёргарлик ва байрам кайфиятида давом этмоқда.
Зоҳир Ҳасанзода, журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.