Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АСАЛНИНГ НИМАСИ ШИРИН?

Ёхуд тўйларда меъёрдан чиқиш оқибатлари

Хўжа Насриддин умрида биринчи марта бозордан қанд харид қилаётганда баққол буни кўп истеъмол қилса, оғизни тахир бўлишини таъкидлаган экан. Афанди бунга қандай жавоб бергани ўз йўлига. Лекин бугунги тўйларни кўриб, дабдабабозликларни эшитиб, беихтиёр киши хаёлига баққолнинг ибратли гапи келиши аниқ.
Бинобарин, кейинги пайтларда дабдабали тўй қиламан, деб бошига ортиқча ташвишларни орттириб олаётган юртдошларимиз сони кам эмас. "Сендан мен камми?" қабилида иш тутиб, кимўзарга иш кўраётганлар бисёр. Тўйхоналар тирбанд. Илгари одамлар дўкондан ноёб мол олишга турнақатор тизилишар эди, энди эса тўйларга хизмат қиладиган отарчилар уйига яқин бориб бўлмайди. Тўй рўйхати билан лиқ тўлдирилган семиз-семиз дафтарлар кунига бир неча марта очилиб-ёпилади. "Меникига боринг", дея ялинишлар… Буларнинг ҳаммаси бир кунда ўтадиган тўйлар учун, ўзини кўрсатиб қўйиш учун, "мендай тўй қилиш учун сенга йўл бўлсин", деган писандалар учун… Нахот, шундай хашаки туйғулар қули бўлиб қолдик, дея ёқангни ушламасликнинг иложи йўқ.
Тўйга таклиф этилган бежирим қоғозлардаги сўзларни ўқиб, ғурурланасиз. Сиз учун йўлларга интизор кўзлар, тўкин дастурхонлар. Тантанада иштирок этгач ҳавасингиз келади: тўйни шундай тўкин қилди, мезбоннинг уйи жаннат бўлса керак?..
Чучварани хом санабсиз. Бир тўйда шаҳардан келган меҳмон уйига қайтиб кетолмай тунаб қолишига тўғри келибди. Ақалли қўлига бирорта оҳорли сочиқ тутолмабди бутун элни чақирган шоввоз… Уйи ҳам афтодаҳол. Ўқишга китоб сўраган экан, топилмабди. Эртасига оғайнисига аччиқ гаплар айтибди:
- Мендан хафа бўлма, дўст ачитиб гапиради. Шунча ноз-неъматни исроф қилиб тўй бергунча, тузукроқ иморат қурсанг бўлмайдими? Болаларингни ўқитсанг, уйингда шароит қилсанг…
- Э оғайни, одамларнинг тўйида кўп бўлганман, вақти келганда давраларда катта гапирганман, - деган жавобни олиб, унга ортиқча гапириш бефойда эканини сезибди.
Бундайлар мисқоллаб йиққан, жонини жабборга бериб тўплаган бойлигини бир кунда хазон баргидай сочса, яна бири қишлоғига тўй беришни эп билмай узоқ шаҳардаги тўйхонада базму жамшид уюштиради. Тўйда кўрсатилган ҳотамтойликни айтиб келиши учун қишлоғидан одамларни териб-териб чақиради. Нима ниятда бундай қилганини ҳамма билади, лекин индамайди. Чунки у қишлоғидаги тадбирларга қўшилмайди. У ўз вақтида узатганларини йиғиб олса, бас. Қошиқ ҳам мой, товоқ ҳам. Ишқилиб, бир кунда ўтадиган тўйда ўзини кўрсатиб қолса бўлди-да…
…Дунёнинг ривожланган мамлакатидаги дўстининг тўйида иштирок этиб келган киши гапириб берган мана бу ҳолатга эътибор беринг: У ердаги тўйга бор-йўғи 40-50 нафар одам йиғилди. Уй эгалари ва уларнинг яқин меҳмонлари. Тўй тамом бўлгач, бўлаётган воқеалардан ҳайратланиб, дўстимдан сўрадим:
- Эй, уялмайсанми, "миллионер" деган номинг бор. Шу ҳам тўйми?
- Ҳа, нима бўпти, нимаси кам?..
- Мен камида минг нафар одам қатнашади, 7-8 жойдан санъаткор келади, деб ўйласам…
Шу жойда гапим оғзимда қолди.
- Мен не-не машаққатлар билан йиққан даромадимни бир кунда сочиб юборсам, эртага тадбиркорлигим қандай ривожланади?.. Молиянинг қонуни: Фойда олмасанг касодга учрайсан, тийинлардан сўмлар ҳосил бўлади. Мен иқтисод талабларига амал қилмасам, миллионер бўлолмас эдим. Э, йиққан одам сарфлашни ҳам билиши керак-да…
Бу гаплар меҳмондўст, танти, бағри кенг ўзбекка асло таъна эмас. Тўғри, ҳамма ҳам бир хил эмас, топган бойлигини эъзозлаб, уни янада кўпайтириш учун жон куйдираётганлар жуда кўп. Лекин баъзи бир юртдошларимиз улардан ўрнак олиш ўрнига манманлик, бир кунлик ҳотамтойлик, тўй орқали сохта обрў орттириш йўлига кириб қолаяпти.
Рости, кўнглида саховат қилиш туйғуси бор экан, тўйга сарфланадиган маблағнинг бир қисмига мактаб кутубхоналари учун китоблар олиб берсин, маҳалласидаги бева-бечора, етим-есирларга қарашсин. Бу билан ҳам кимгадир яхшилик улашган, ҳам савобга қолган бўлади-ку?!
…Бир кунлик тўй ўтади-кетади. Қарз эвазига сохта обрў орттириш учун қилинган ҳаракатлар ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди. Ортидан қарзни тўлаш муаммоси бўй кўрсатади. Келиннинг чилласи чиқмасдан туриб, куёв бўлмиш хорижга йўл олади. Дарди ичида бўлган ота маҳалла-кўйдаги тадбирларга кўкрагини кўтариб боролмайди…
Ҳаммани тўйга етказсин. Тўйда биргина меъёрга амал қилинса, олам гулистон. Йўқса, баққол Хўжа Насриддинга таъкидлагани каби шириннинг тахири чиқади.

Пардабой ТОЖИБОЕВ,
журналист


Дата добавления: 26/04/2019 15:57;   Просмотров: 835
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку