Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АСАБ БУЗАРЛИКЛАРГА ҚАЧОН ЧЕК ҚЎЙИЛАДИ?!

Жорий йилнинг 11 октябрь куни "Гулобод тонги" газетасининг 38- сонида "Чириётган узумлар" ёхуд "Собиров Эргаш боғлари " фермер хўжалигида бўлаётган можаролар" сарлавҳали танқидий мақола ёритилган эди. Бу мақолани ёзилишига сабаб "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалигининг раиси Раҳмат Собиров ва унинг ишчилари Нилуфар Зайниева, Акобир Миров, Алишер Сувонқулов, Жўрабек Муродов, Орзуқул Холиқов ва Сангин Иброҳимовлар ўртасида 2016 йилдан буён келишмовчиликлар давом этиб келаётгани бўлди. Юқорида номлари тилга олинган ишчилар таҳририят бош муҳаррири Н.Каримов номига шикоят хати тақдим этган. Ушбу хатга қўшиб 2016 йилдан ҳозиргача туман ҳокимлиги, турли давлат идоралари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, матасадди шахсларга қилинган мурожаатлар ва улар томонидан юборилган жавоб хатлар, суд қарорлари (жами 35 варақ) илова қилинган.

Бош муҳаррир топшириғи асосида аризачилар билан учрашиб, сухбатлашгандан кейин, уларга тегишли бўлган токзорга Саидмурод Сувонқулов билан бирга бордик. Фермер хўжалиги даласида ҳеч кимни кўрмадик. Токзордаги пишиб ётган қора кишмиш узумлар қуттиларга ҳамда ерга узиб қўйилган, қуёш нури тагида ярим майиз бўлиб, таги чириб, мағорлаган узумларни кўриб ачиндик ва суратга туширдик. Ахир бир йил давомида ҳалол меҳнат қилиб етиштирилган олий навли, экспортбоп узумнинг аҳволини кўриб қандай чидаш мумкин?! Бу увол эмасми? Хатларга кўрсатилган шикоят ва суратдаги расмларга аниқлик киритиш мақсадида туман фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоботини юритиш маркази директори Н.Ҳақбердиев, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Х.Ўроқов, туман фермер хўжаликлари Кенгаши раиси У. Хуррамов билан суҳбатлашиб, фикрларини эшитдим. Ҳамма Р.Собиров тўғрисида аризачиларнинг мурожаатларини тўғри деб хулоса берди. Фермер хўжалиги раиси Р.Собиров билан учрашиш мақсадида яна фермер даласига бордим, лекин, уни кўрмадим. 12 ноябрь куни "Гулобод тонги" газетасининг идорасига келганимда бош муҳаррир Н.Каримов ва масъул котиб Т.Юсупов фермер хўжалиги раиси Р.Собиров ва ҳисобчиси М.Камоловнинг таҳририятга келиб эътирознома топшириб кетганларини айтди ва уни кўриб чиқиш учун менга топширди. Эътирозномага ёзилишича гўё мақолага келтирилган фактлар тўҳмат, мухбир текширмасдан, ҳужжатлар асосида аниқламасдан мақола ёзган Муҳаррир шу масалада фермер хўжалиги раиси Раҳмат Собировга телефон қилиб таҳририятга таклиф этди. У қаергадир бораётгани ва соат 15-00 - да таҳририятга келишини айтди. Лекин, пешинга яқин Р.Собиров ўз адвокати билан таҳририятга келиб йиғилишда қатнашмаслигини айтиб кетган, йиғилиш қолдирилди. Аризачилар шу куни таҳририятга келиб, Самарқанд туман ҳокимлиги томонидан Тойлоқ туманлараро иқтисодий судига берилган даъво аризаларига мувофиқ 2019 йил 6 ноябрь куни бўлиб ўтган ҳал қилув суд қарори (4-1405-1903) (2143-сонли) ҳамда бош муҳаррир Н.Каримов номига ўзларининг қайта ёзилган аризаларини топшириб кетган. Ушбу ҳужжатлар ҳамда фермер Р.Собировнинг бош муҳаррирга ёзган эътирозномасини ўрганиш учун фермерни топиб гаплашдик. Унинг айтишича, фермер хўжалиги раиси Низом (Устав) асосида аъзолардан иш талаб қилишга ҳамда аъзоларини ишдан бўшатиб, бошқа кишини ишга қабул қилишга ҳаққи бор. Аъзолар эса унга итоат этишни хоҳламайдилар. Ҳосилни ўзлари хоҳлагандек сотмоқчи. Шартнома тузишдан бош тортиб келмоқда. Почта орқали ойлик иш ҳақларини олиб кетишлари учун огоҳлантириш хати юборган, лекин аъзолар ойлик маошларини олишни хоҳламаган. Ҳосил пишганда фермерга топширмасдан уйларига олиб кетаётганда участка инспектори томонидан мусодара этилган. Шу ўринда изоҳ тариқасида маълум қилмоқчиман: 2016 йилдан ҳозиргача топшириб келган узум ҳақида ҳисоб-фактуралари тўла мавжуд. Тоннасини бажаришмаган бўлса ҳам, пул (сумма) ҳисобидан бажарилган. Иккинчидан, ўғирлик пайтида участка инспектори томонидан ушлаб олинганликлари тўғрисида далолатнома ёзилмаган. Бошқа фермер хўжаликларида аъзолардан гектаридан 80-120 центнердан ҳосил талаб қилинади, лекин, Р.Собиров 150 центнер ёки 15 тонна талаб қилмоқда. Нима учун собиқ туман прокурорига берилган тушунтириш хатларига аъзолардан қарздорлигини тан олиб, уни тўлаш чорасини кўрмаган. Почта орқали 2017-2018 йил март-июнь ойлари иш ҳақларини олиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборган бўлсада, уларга маошини бермаган. Ишчилар иш ҳақларини талаб қилиб Мажбурий ижро ва прокуратурага мурожаат килган ва ҳалигача олишмаган.
2018 йил 20 сентябрь куни Маъмурий ишлар бўйича туман суди Муродов Илёс ва Саидмуродов Алишер билан шартномани бекор қилиш тўғрисида қарор чиқарган. Шу қарор асос қилиниб, 2018 йил 20 октябрь куни 9,10-сон буйруқ билан юқоридаги ишчилар фермер томонидан ишдан бўшатилган...
Алишер Сувонқулов ва Жўрабек Муродовлар ўз ишларини давом эттириб яхши, сифатли, экспортбоп узумларни етиштириб келмоқда. Бир нарсага ҳайрон қолади киши. "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалиги раиси Раҳмат Эргашев 2019 йилнинг ўзида туманнинг собиқ ҳокими Ш.Жамоловга (13 май 2019 йил), фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритувчи маркази директори Н.Ҳақбердиевга (08.04.2019 йил), туман ҳокими Н.Мавлоновга (21.08.2019 йил) хат билан мурожаат қилган. Жумладан, хатларнинг бирида шундай ёзилган: " Мен фермер хўжалиги раҳбарияти ва ишчилари ўртасида мавжуд бўлган келишмовчиликни бартараф этиш ва келажакда аҳиллик билан ишлашни таклиф қилиб, 2019 йил 22 февраль куни фермер хўжалиги аъзоларининг умумий йиғилишига қатнашиш, таклиф ва маслаҳат беришлари мақсадида туман ҳокимлиги, фермер хўжаликлари Кенгашига ҳам таклифнома юбордим, лекин ҳеч ким келиб қатнашмади." Эътибор беринг, фермернинг гапида ҳам жон бор. Йиғилишда қатнашиб, очиқ-ойдин тўғри маслаҳат берганларида ариза-шикоятлар барҳам топган бўлармиди?! Ёки улар муросага келармиди?
Туман ҳокими Н.Мавлонов бошчилигида барча мутасадди шахслар (комиссия аъзолари) "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалиги токзори ва далаларига бориб аъзолар томонидан етиштирилган экспортбоп узумларни кўриб хурсанд бўлган ва миннатдорчилик билдирган. Аризачиларга ишларини давом эттиришни тайинлаган. Комиссия ноқонуний тарзда бунёд этилган бино ва иншоотларни аниқлаб қайтган.
Тойлоқ туманлараро иқтисодий судига туман ҳокимлиги даъво ариза билан мурожаат қилиб "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалиги томонидан ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни жавобгар томонидан буздиришни ҳамда туман ҳокимлиги ва "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалиги ўртасида 2006 йил 22 мартда тузилган 151-сонли ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисидаги шартномани муддатидан олдин бекор қилишни сўраган.
2019 йил 6 ноябрь 4-1405-1903/2148-сонли иш қарори бўйича суд ажрим чиқарган. Унга кўра ўзбошимчалик билан бунёд этилган иншоотларни жавобгар ҳисобидан буздириш ва узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисидаги шартнома муддатидан олдин бекор қилиниши белгиланди.
Хулоса ўрнида: биз ҳаммамиз яхши биламиз, қаерда ҳамжиҳатлик, ҳурмат-эътиром, ҳалоллик, тўғрилик бўлса, ўша жойда ривожланиш, тараққиёт ва хайру барака бўлади. Мен фермер хўжалиги раиси Раҳмат Собиров билан дўстона суҳбатда шу фикрларимни айтдим, келишиб ўзаро ҳамжиҳатлик билан ишлашга ундадим, аммо у хоҳламади. Биз ҳаммамиз инсонмиз. Ўзбекистондек азиз Ватан, Самарқанддек жаннатмакон, муқаддас тупроқда яшаётганимиздан фахрланишимиз лозим. Инсон, инсонга ғаниматдир.

Раҳматилло ШАРИФ


Дата добавления: 12/12/2019 15:00;   Просмотров: 749
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку