Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚАРЗНИ ТЎЛАШ–ФАРЗ ЭМАСМИ?

Туманимиздаги айрим юридик ва жисмоний шахслар томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги оқибатида қарздорлик иллатига гирифтор бўлиш ҳолатлари ён-атрофдагилар ғашини келтирмоқда, жамоатчиликни безовта қилмоқда. Бу лоқайдлик, боқибеғамликнинг илдизига болта уриш пайти келди. Давлат мулкига хиёнат, халқ талабига беписандлик ва совуқ муносабат қачонгача давом этади?

Ҳар бир фуқаро, оила, маҳалла, меҳнат жамоасида бир ёқадан бош чиқариб тинч-тотув ҳаёт кечириш, эзгу мақсадлар сари бир тан-бир жон бўлиб курашиш муҳити қарор топмоғи учун ғов бўлаётган юлғич, диёнатсиз, ноинсоф, фикри эгри, қалби нопок кимсаларнинг қабиҳ қилмишлари қонуний баҳо олиши зарур. Ахир нурли истиқболга интилаётган эл-юртимизга тили бошқаю дили бошқаларнинг нафидан кўра зиёни кўпроққа ўхшайди.
Туман “Зарафшон” электр тармоқлари идорасидан 2017 10 майда олинган маълумотларга кўра (далолатномалар 2016 йил октябрь-декабрь ойларида тузилган) Қўшкўприк маҳалласидан фуқаро Салима Асророва, Янгиариқ маҳалласидан Ахтам Пўлатов, қавчинонлик хусусий ошхона эгаси Файзулла Бахронов, Ўрташиқ маҳалласидан хусусий дўкон соҳиби Баҳодур Зубайдуллоевлар электр ҳисоблагич асбобидан ташқари, ноқонуний яширинча электр энергиясидан фойдаланиб 757.888 сўмдан то 4.629 минг сўмгача миқдорда қарзга ботганлар. Шуларга ўхшаш кишиларнинг “ватанпарварлиги” эвазига туманимиз бугунги кунда 2017 йилнинг 4 ойида давлатдан 5 млрд. 400 млн. сўм миқдорида қарздордир. Табиий газ истеъмолидан эса 1 млрд. сўмлик қарз мавжуд.
Бюджетдан ойлик олувчи ходимлар орасида эса олдиндан тўлаб қўйганлар (предоплата) кўпчиликни ташкил этмоқда. Бундай номутаносиблик, адолатсизликнинг охири борми? Ҳақ гапни халқ айтади, дейишади. Сизлардан акс-садо кутамиз, азизлар!

Н.МЕҲРАНГИЗ


Дата добавления: 19/05/2017 15:36;   Просмотров: 1534
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку