Онажон, мунис онагинам. Бугун ҳаётимдаги унутилмас кун. Мен - сизнинг нуридийдангиз, мустақил ҳаётда қадам қўйиш арафасидаман. Сиз орзу қилган келинчак даргоҳимизга келади. Барча ёру дўстлар жамулжам. Тўй тараддуди ҳам ҳеч кимникидан кам эмас.
Фақат, афсус, сиз йўқсиз. Менинг хокисор онагинам. Куёвлик сарпосини кияр эканман, ич-ичимдан эзилдим. Бу бир кам дунёнинг ўзига яраша сир-синоатини тушунмадим. Фарзандларингиз келажагини ўйлаб, сиз чекмаган заҳматлар, кўрмаган азоб-уқубатлар қолмаганди. Гарчи ёш бўлсам ҳам, бошингиздан ўтган яхши ва ёмон кунларнинг гувоҳи бўлдим. Ҳамма вақт олдинга қараб интилгансиз. Юқумли касалликлар шифохонасида тажрибали ҳамшира, оилада жонкуяр, меҳрибон она, дўстларингиз учун яқин маслаҳатчи эдингиз. Онажон, Аллоҳга минг шукурки, сиздан ёдгорлик қолган укаларим бор. Улар мен учун жуда қадрли. Инсон бахтини ўз қўли билан яратади, дейдилар. Сиз ҳам ўзгалар каби бахтли яшашга ҳақли эдингиз. Фарзандларингизнинг камолини кўриш сизга насиб этмади. Гарчи ҳовлида тўй бўлса ҳам, фақат мени эмас, укаларимнинг нигоҳларидан ҳам шодлигимиз татиматганини илғаш қийин эмас эди. Ҳаётий тажрибамиз йўқлиги учун кўп азоб чекдик. Остона ҳатласак, худди сиз пешвоз чиқиб келаётгандек туюлади. Айниқса, дадамга қийин бўлди. Оиланинг тарози палласини аёл тўғрилаб турар экан. Шу йўлда бизга яқин маслаҳатчи топилмади. Тирикчиликнинг нозик томонини аёллар билади. Эркак минг урунса, аёли бўлмаса, ўзини ўнглаши қийин экан. Сизнинг фожиали ўлимингиз ҳақидаги хабар ҳали ҳануз кўз олдимдан кетмайди. Сиз билан умрбод видолашиш биз учун жуда оғир эди, лекин биз бандалар ожизмиз. Жойингиз жаннатдан бўлсин, онагинам. Сиз ҳақингизда илиқ гаплар бўлиб ўтади. Сиз ҳамиша ёдимиздасиз, онажонгинам. Ёр-ёрдан сўнг келин ҳам келди, уйимиз бирмунча тўлгандай бўлди. Шоир айтганидек:
Балки сенинг қабринг узра,
Кўкарганда гулчечак.
Остонамга қадам қўяр,
Сен истаган келинчак.
Ҳа, онажон келинингизга ҳам осон бўлмади. Айтишадику: "Қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин-масхара келин". Кўникмасдан илож йўқ. Ойлар, йиллар ҳам ўтди. Фарзандли бўлдим, укаларимни уйли-жойли қилдик.
Онажон, яхшиликни, одамийликни, камтаринликни сиздан ўргандик. Ҳаммамиз сиз каби бўлишга интиламиз. Ҳаётда нимадандир хафа бўлсам ҳам мени тушуниб, менга далда берадиган ҳам сиз эдингиз. Онажон, сиз менинг армоним, чала қолган орзуларим. Зару тиллаларга алишмайдиган ягона меҳрибоним. Юрагимнинг бир парчаси, пешонамга сиғмаган хокисор онагинам. Толеим кемтик - сизни йўқотганман, волидам. Йигит бўлсам ҳам, пана-паналарда, сизни соғиниб кўзимдан ёшлар келади. Баъзида бор овозим билан сизни чақиргим, келсангиз узоқ-узоқ суҳбатлашгим келади. Худо ҳеч кимни ўз яқинидан барвақт айирмасин экан. Руҳингиз шод бўлсин онажон. Баҳорнинг илиқ фараҳбахш кунларида сизни соғиниб қабристон ораладим. Эҳ, неча-неча маълуму-номаълум зотлар ётибди. Тиловат ўқидим.
Сиздан фақат хотиралар қолган, онажон.
Маюс, маҳзун бўлиб уйга қайтаман. Ажал ёш танламас экан.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.