Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АРИҚЛАР ФАРЁД ЧЕКМОҚДА

Оҳ менинг эзилган, гирён ариғим,
Не қисмат бор экан азиз бошингда.
Ноинсоф дастидан ёнмоқда бағрим,
Бош эгиб турибман сенинг қошингда.

Ҳа, бу афсус-надомат нидоси, қаҳр-ғазаб ҳайқириғи, аччиқ қисмат исёни охир-оқибат кўнгил қулоғига, пок виждон назар-эътиборига бориб етгандай, юртимизда бошқа соҳалар каби ариқ, канал ва коллекторлар тизимида ҳам тоза ҳаво, илиқ муносабат сезила бошланди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг журъат ва ташаббуслари билан пойтахтимиздаги эски анҳор ва каналлар ён-атрофи барча ноқонуний қурилмалар, чиқиндихона ва маиший ахлатлардан тозаланиб, ички ва ташқи туризм, маҳаллий аҳоли манфаатига хизмат қилувчи дам олиш, сайр қилиш, маънавий ҳордиқ чиқариш масканлари, ям-яшил хиёбон ва майдонларга айлантирилди. Бу эзгу қадамлар, ижобий сайъ-ҳаракатларнинг шамоли қадимий ва гўзал шаҳримиз, бир қатор туманларимизда ҳам эса бошлаяпти. Ўйлаймизки, азиз Самарқандимизнинг нодир тарихий обидалари, ширин-шакар мевалари, олиму фузалолари, бетакрор миллий-маънавий анъана ва қадриятлари қатори асрлар давомида она диёримизнинг хушҳаволиги, кўркам-хуррамлиги, боғу-роғларга бойлиги, мўътадил иқлимини сақлашда хизмат қилиб келган ҳовузлар, Сиёб, Оби Машҳад, Оби Раҳмат, Шаҳар, Мўлиён, Навбоғчиён, Даштак каби қадимий сероб ариқлари қайтадан янги қиёфа касб этади. Шундай бўлиши ҳам керак! Мазкур сув ўзанларининг бугунги ҳолати ҳеч кимни мамнун эта олмайди. Шу йил баҳор пайтлари юз берган тинимсиз ёмғирлар шаҳримиз кўчаларини қай аҳволга солганидан хабардорсиз. Қанча ҳовли, хонадонлар зарар кўргани ҳам маълум. Сабабчи бир томондан ўзимиз эмасми? Ариқ-зовур ва коллекторларни вақт-вақтида тозалаб, сув йўлини очиб қўйиш деярли ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Боз устига ҳар хил қурилмалар, ўзбошимча ҳатти ҳаракатларимиз борки, нафақат ўзимизга, балки қўшнилар, бутун маҳаллага ноўрин зиён- заҳматимизни тортиқ қиламиз, эл-улус лаънатига дуч келамиз. Буни била туриб пинагимизни бузмаймиз ҳам. Ўзимиздан чиққан балога қайга борай даъвога, деб ўтираверамиз. Энди бундай қараш-муносабатлар замони ўтди. Ариқ ҳам ўзимизники, элники. Унга эҳтиром табиатга, ватанга эҳтиром демакдир.
Таъқидлаш жойизки, чучук ичимлик сув таъминоти тобора мушкул бўлаётган бир пайтда, техник ва оқар сувдан ҳам оқилона фойдаланиш зарурати туғилди. Ахир уй-жой, ҳовли, томорқа, боғ-роғлар, гулзор ва майдонлар каби ҳаётий эҳтиёжларимиз айнан оқар сув билан яшнайди. Оқар сувнинг қадри баландлигини ҳаёт кўрсатмоқда.
Илгариги ҳовузларни имкон қадар тиклаш ҳам керак. Бўм-бўш, қуп-қуруқ, қум-тупроқ, ўт-ўлан ва ахлатга тўла ҳовуз, ариқлардан нима наф? Бундай хунук манзара ва аянчли ҳолатни фақат умумхалқ ҳаракат-ҳашарлар билан бартараф этиш мумкин. Соҳага алоқадор мутасадди ташкилотлар ҳам томошабин мақомида турмаслиги лозим. Халқни зарур техника воситалари, амалий ёрдам-маслаҳат билан қўллаб-қувватлашса, иш осон кечади. Олдинда яна куз-қишнинг уззукун ёмғир- қорлари кўз тикиб турибди. Фурсатни ғанимат билиб, қиш ғамини ёзда е, даганларидек ўзимизни кутилмаган табиий хавф-хатар ва офатлардан асраш чораларини кўрайлик, бепарволикка чек қўяйлик!

МЕҲРАНГИЗ


Дата добавления: 13/09/2019 18:06;   Просмотров: 782
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку