Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АРИҚЛАР ЧИРОЙ ОЧМОҚДА

Бу мавзу халқимиз ва таҳририятимиз учун ҳамиша долзарб эканлигидан хабардорсиз. Бундан олдин туманимиз ҳудудидан ўтувчи ариғу анҳорларнинг аянчли аҳволи ҳақида бонг урган эдик. Одамларнинг оқар сувга ҳурмат -эътиборини қайтариш, ариқларни асраш, тоза-озода сақлаш, ҳар хил чиқинди-партовлар билан булғамаслик борасида куюниб ёзгандим ҳам.

Ниҳоят... Давлатимиз раҳбари томонидан бошланган хайрли ташаббус, яъни пойтахтимиздаги канал ва анҳорларни тартибга келтириш, атрофидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш орқали янги сайргоҳ, хиёбонлар бунёд этишдан халқимиз, хорижий сайёҳлар беҳад мамнун бўлишгани сир эмас. Ана шу жараённинг мантиқий давоми ўлароқ вилоятимиз ҳокими Э.Турдимовнинг тегишли қарори қабул қилинди. Унинг ижросини таъминлаш бўйича барча туман ва шаҳарларда махсус ишчи гуруҳ ва амалий чора-табдирлар дастури тузилди. Туманимиз ҳудудидан ўтувчи Боғишамол (3,5 км), шаҳар (2,5 км), Жарқишлоқ (6,7 км), Обираҳмат (2,0 км) каналлари ва Сиёб марказий коллектори (2,0 км) ҳудудидаги чиқиндиларни тозалаш, ободонлаштириш ва санитария ҳолатини янада яхшилаш бўйича туман ҳокими Н.Мавлонов бошчилигида барча сектор раҳбарлари, МЧ "Янгиариқ", "Мароқанд", "Гулобод", "Наврўз", "Гулистон", "Конигил" агротехсервис" агрофирмалари, туман атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ирригация бўлимлари, ДСЭОМ, Ободонлаштириш бошқармаси ва жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари енг шимариб ҳашар уюштирганликлари, қатор қудратли техника воситалари жалб қилинганлиги натижасида кейинги 20-30 йилда мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Жуда кўп хонадонларга СЭСнинг огоҳлантирувчи хатлари тарқатилиб, ариқлар атрофини тоза тутиш, сувни ифлос қилишга чек қўйиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Ахир дунёни ташвишга солаётган коронавирус пандемиясига қарши курашнинг бош омили ҳам соғлом турмуш тарзи, шахсий гигиена қоидалари ва тозалик-озодаликка риоя қилиш эмасми? Ариқдан тўлиб-тошиб оқадиган сув ичишга яроқли бўлмасада, атроф-муҳит иқлимини мўътадиллашга, чанг-тузоннинг камайишига, фермер хўжаликлари ва томорқаларимизнинг ҳосилдорлигини оширишга ҳовузларни тўлдириш ва ёнғинларни ўчиришга асқотади.
Олиб борилаётган эзгу сайъ-ҳаракатларимиз ўзимизга, ўз юртимизга беҳисоб фойда бўлиб қайтади, ёш авлодни табиат неъматларига юксак эҳтиром руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

МЕҲРАНГИЗ

Хайрли тадбир

Жорий йил 14-15 март кунлари ўтказилган умумхалқ ҳашарида 53 та кўп қаватли уйлар ҳудуди ободонлаштирилиб, 385 туп ниҳоллар экилди, 745 та дарахтларга шакл берилиб оқланди. Шунингдек, 5 та ноқонуний қурилмалар бузилиб, 575 минг п/м лоток ва қувурлар тозаланиб, таъмирдан чиқарилди. Биргина, Гулобод маҳалласидан 279 нафар тумандошларимиз ушбу хайрли тадбирда қатнашди.

С.Шарипов,
Туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи

Баҳорнинг илк кунларидан бошлаб туманимизда халқимизга хос бўлган одатлардан ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ ҳашарлари уюштирилиб, корхона, ташкилот, муассаса ва маҳаллаларда ариқ-зовурлар тозаланиб, кенг кўламда ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Сиз кўриб турган суратда Қумзор маҳалласида жойлашган 25-МТТ да ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди ва унда барча маҳалла аҳли фаол иштирок этди.
А.САМАТОВА


Дата добавления: 19/03/2020 15:50;   Просмотров: 722
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку