Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида, бу суҳбатларда ҳарбийлар мавзуси кўп тилга олиниши билан боғлиқ албатта, ўзимнинг аскарлик даврим эсимга тушади ва, негадир ўша пайт билан ҳозиргисини таққослайман. У вақтлар балоғат ёшига етган йигит борки, ҳарбий хизматга бориши мажбур бўларди. Агар мингтадан биттасининг соғлиғи панд бериб, ўз йигитлик бурчини ўташга нолойиқ деб топилмаса, аксарият ўша ҳам ҳарбий қурилишга жалб этиларди. Ўзбек йигитларининг кўпчилиги, агар ҳарбий хизматнинг биринчи кунлари автоматни бир бор қўлига олганини ҳисобга олмаса, унинг асосий қуроли лапатка бўлгани рост. Чунки рус тилини яхши билмаслик унинг пешонасига ҳарбий хизматнинг қайси қисмига боришини олдиндан белгилаб қўйганди. Албатта, ўшанда ҳам ўзининг ақлий салоҳити билан ракета қисмида ёки жисмоний имконияти эътиборга олиниб, денгиз қисмларида хизматни ўтаганлар ҳам бўларди. Уларга ҳурмат бошқача эди, ҳатто ҳарбийда қурилишда бўлганлар ҳам бундай ҳамтенгларига ҳавас билан тикилганини пайқаш мумкин эди.
Олий таълимдан кейин ҳарбий хизматга чақирилганим учун йигитлик бурчимни ҳаво мудофааси қисмида бажаришга тўғри келган. Оренбургда олти ой ўқитишиб, Белоруссия ҳарбий округида жўнатишган. Бир йил шўро осмонни қўриқлаганмиз. Вақти-вақти билан чалинадиган тревога садосини эшитиб, ўрмон ичида ўсти ёпилган танкка югурардик. Унинг ичида ўрнатилган мониторга тикилиб, унда акс этган осмон нусхасининг юзида пайдо бўлган объект – нуқта каби оқ доғ ҳаракатини соатлаб кузатардик. Ўшанда экранда кузатилган самалёт – оқ доғ йўқолиб қолса, бўлим бошлиғимиз бўлган украин майёри ракетани бошқарадиган аппаратларни таъмирлашга киришиб кетар, шунда мен унга ҳазиллашиб, душман самалёти ўтиб кетди, ўртоқ командир, деб қўярдим. Гапимга фаришталар омин деган эканми, дарҳақиқат маълум вақт ўтиб, белгияликми, данияликми, бир ҳаваскор учувчи спорт самалётида чегарадан ўтиб, Москванинг қизил майдонига қўнгани ҳақидаги хабарни эшитгандик. Мен ўшанда командирга ракета ускуналаримиз эскириб қолганини айтганим. У эса гапимга жавобан: «шармандалик» дея жавоб бергани эсимда.
Истиқлол шарофати билан мустақил армиямизга эга бўлдик. Ўзбекистон ўзини суверен давлат деб эълон қилганининг олтинчи куни, яъни 1991 йилнинг 6 сентябрда Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисида Фармон қабул қилинди. 1992 йил 14 январь куни эса Республика Олий Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида»ги қарори билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Бундай тарихий қарор қабул қилинган куннинг юксак аҳамияти эътиборга олиниб, 1993 йилнинг 29 декабрида 14 январь юртимизда « Ватан ҳимоячилари куни» деб эълон қилинди.
Ҳарбий соҳада амалга оширилган ислоҳатлар туфайли ихчам, тезкор, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шаклланди. Айни пайтда армиямиз жаҳон ҳарбий қурилишининг энг илғор тажрибаларини ўзида мужассам этган ҳарбий куч сифатида эътироф этилмоқда. Яъни ҳарбий қудрати етук ҳисобланган давлатлар билан ўтказилган ҳарбий машқларда хорижлик ҳарбий мутахассислар армиямизга шундай баҳо бермоқдалар.
Маълумки қуролли кучларимиз сафида офицер ва сержантлар раҳбарлигида оддий аскарлар ўзларига юклатилган масъул вазифа – ватанни ҳимоя қилишдек шарафли ишни амалга оширмоқдалар. Бугунги кунда миллий армия сафларида хизмат қилиш ёшлар учун ҳақиқий мардлик ва жасурлик ишига айланди. Армия улар учун чинакам тобланиш мактаби бўлмоқда. Ёшлар орасида ҳарбийда хизматни ўташга бўлган ҳавас ва иштиёқнинг тобора ортиб бораётгани сабаби ҳам шундан аслида.
Лекин муддатли ҳарбий хизматга ҳамма ёш йигитлар ҳам олинавермайди. Жисмоний тайёргарлик кўрган ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлишдан ташқари, тиббий кўрикдан ўтган ва ўрта таълим мактаби доирасидаги билими талаб даражасида бўлган навқирон йигитларга муддатли ҳарбий хизматни ўташлари учун йўлланма берилади. Ватанни ҳимоя қилиш асосан йигитлар зиммасида бўлганлиги боис, ота-оналар оилада ўғил болалар тарбиясига алоҳида эътибор беришлари керак бўлади. Улар фарзандларини болалигидан жисмоний соғлом, мустаҳкам иродали, қатъиятли, юрт иши учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялашса, бундан ўзларининг ҳам юзлари ёруғ, ўғиллари ҳам ватан ҳимоячиси деган шарафли номга сазовор бўлади.
Давлатимиз томонидан муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга олий ўқув даргоҳларига кириш учун имтиёзлар берилгани ҳам йигитларнинг руҳиятини кўтарди.
Маълумки, 2005 йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар учун мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўпланадиган энг кўп баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз тақдим этилар эди, 2012 йилдан эътиборан бу кўрсаткич 27 фоиз этиб белгиланганди. 2017-2018ўқув йилидан бошлаб ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқароларга олий таълим муассасаларига киришда тест имтиҳонларида тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилди.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаганларга олий ўқув юртига ўқишга киришлари учун қўшимча имкониятлар яратилгани келгусида уларнинг мустақил ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишларига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Ҳа, шўро давридаги аскарликни ҳозиргиси билан таққослаб бўлмайди. Муҳими шундаки, фарзандлари армияга кетаётган оналарнинг кўзида ёш, юрагида хавотир йўқ. Аксинча, менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлди, деган фахр туйғуси билан жигарбандларини ҳарбий хизматга кузатмоқдалар.
Дунёда касблар кўп, ҳарбийлик улар орасида энг улуғидир. Ватан ҳимоячиси ҳисобланган ҳарбийларимиз нафақат ўзини, оиласини, балки халқини, мамлакатини ҳимоя қилади. Бу — катта бахт, улкан шараф.
Ёшларимиз мустақил ватанимизнинг посбонларидир.
Биз навқирон авлодни баркамол, етук кишилар қилиб вояга етказсак, уларда миллий ғурурни, юртга нисбатан фидойиликни шакллантирсак, ватанимизни энг қудратли давлатга айлантирамиз.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.