Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲАР КУНИМИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!

Туман Ҳокими
Ш.Ў.Жамолов билан сУўбат

-Ҳурматли Шўҳрат Ўроқович, уч минг йиллик тарихга эга бўлган энг қадимий байрам - Наврўзи олам билан табриклашга ижозат бергайсиз.
- Раҳмат. Мен ҳам имкониятдан фойдаланиб, газетамиз «Гулобод тонги» орқали дилларга ҳаловат ва аъло кайфият олиб келаётган Наврўз умумхалқ шодиёналари билан барча тумандошларимизни чин кўнгилдан муборакбод этаман.
Таъкидлаш жоизки, мўҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил, 23 февраль куни қабул қилинган «2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида» ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманимиз ҳудудида қутлуғ айёмни умумхалқ сайиллари шаклида юксак савияда нишонлаш мақсадида ташкилий-амалий, маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишлари дастури ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда. Айниқса, март-апрель ойларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлигини ташкил этиш ҳамда ҳашар йўли билан мевали ва манзарали ниҳол ўтказилиб, янги-янги боғ ва гулзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилади.
- Демак, интенсив боғдорчилик янада ривожланади.
- Қишлоқ хўжалиги тараққиёти-халқ фаровонлигининг кафолати эканлигини унутмаслигимиз лозим. Қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларнинг ривожланиши мўътадил табиий иқлим шароитида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш бўйича мунтазам чораларни кўришни талаб этади. Туманимиз боғдорчилик, сабзавотчилик, узумчиликка ихтисослаштирилган. Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, бутун йил мобайнида қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бузилмасдан, йўқотилмасдан сақлаш, қайта ишлашни янада кенгайтириш чораларини кўришни замонамиз зарурият қилиб қўймоқда. Қишлоқ хўжалигида рақобатбардош озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда янги илғор замонавий технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш долзарб вазифадир.
Туманда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмининг тобора ортиб бораётганлиги, нафақат ўз эҳтиёжимизни қондиришда, балки чет элга экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Миллатлар, халқлар, дўстлигида катта ҳикмат бор. Жорий йил 9-10 март кунлари ҳурматли Юртбошимизнинг қўшни ва қардош Тожикистон республикасида тарихий биринчи давлат ташрифи билан борганликлари ҳам икки мамлакатнинг қирқ миллионлик аҳолисини мамнун этди, азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлади, борди-келди, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳамкорлик эшикларини кенг очиб берди. Бунинг замирида одамлар бахт-саодати, мамлакатлар тараққиёти, миллатлар жипслиги ётади.
Мўҳтарам Президентимиз томонидан 2018 йил - Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилиниши жамиятимиз ривожига, ҳаётимиз фаровон бўлишига хизмат қилади.
- Ўтган йил февраль ойида Юртбошимиз фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, яъни тарихий аҳамиятга молик дастуриламал ҳужжат эълон қилинди.
- Унутмаслик керакки, стратегия барқарор ривожланиш асосидир. Мазкур Ҳаракатлар стратегиясининг давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишида ҳам ўзига хос маъно мужассам. Ҳаракатлар стратегияси 5 та устувор йўналишдан иборат бўлиб, улар ўзаро узвий боғлиқ ва бир-бирини тақозо этади. Яъни давлат ва жамият қурилишини такомиллаштирмасдан, қонун устуворлигини таъминламасдан ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилмасдан туриб, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга эришиб бўлмайди. Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсади инсон манфаатларини, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга қаратилган. Зеро, халқ вакилларининг ҳар ой жойларга чиқиб, вазиятни ўрганиши ва мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот беришидан тортиб, уларнинг мавжуд муаммоларини оқилона ёндошув билан ҳал этишини таъминлаш давр талабидир. «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган Президентимиз ғояси бу борада фаолиятимиз мезонига айланмоқда. Шунинг учун ҳам ҳоким, ҳокимият ва барча ҳуқуқ-тарғибот идоралари ходимлари жойларга бориб, аҳолини ташвишга солаётган энг долзарб муаммоларнинг амалий ечими билан шуғулланмоқда.
Шу маънода 2017 йил халқ билан яқиндан мулоқот қилиш ва уларнинг ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, - деб айтсак, муболаға бўлмас.
Бундан ташқари, бу тизимнинг асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонаси ҳам туман фуқароларининг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институти сифатида амалда ўзини оқламоқда.
- Қизиқ, туман аҳолисини қандай муаммолар ташвишга солмоқда?
- Халқимизда бир ажойиб нақл бор: бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув. Бугунги кунда туманимизда 77 та маҳалла, 236 минг аҳоли ва 40 мингдан зиёд хонадон мавжуд бўлиб, қанча-қанча одамнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари борлиги маълум бўлмоқда. Сир эмас, жойларда масъул раҳбарларнинг йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезликда бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлмоқда. Айниқса, сув, электр энергияси, суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш яхшиланди. Йўлларимиз ва аҳоли турмуш тарзи тубдан ўзгарди.
Йил давомида биз учун ғоят муҳим бўлган аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлди. Ўтказилган ўрганишлардан аниқланишича туманда 57 минг 271 нафар 14-дан 31 ёшгача бўлганлар истиқомат қилади. Улардан 55 фоизи ўрта махсус ва 41 фоизи ўрта маълумотли фуқаролар ҳисобланади. Икки минг 272 нафари эса тадбиркорлик ва бир минг 749 нафари ўз томорқасидаги ишлар билан банд бўлган бир пайтда, 831 нафари ишсиздир. Бу фақатгина ота-оналарни эмас, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман бўлимини, хотин-қизлар қумитаси, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари туман бўлимларини янада фаоллаштиришни талаб этади. Донишмандлар таъкидлаганларидек, тарбия фақат фуқароларни вояга етказиш билангина чекланиб қолмаслиги керак, фақат мактабдагина эмас, ижтимоий ҳаётда ҳам давом этадиган тарбия иши иложи борича шахснинг ижодий қобилиятларини, унинг ғайрат ва ташаббускорлигини оширишга имкон берувчи барча воситалар ёрдамида олиб борилмоғи лозим. Тарбия-фақат инсон зеҳнини ўстириш ва унга маълум ҳажмдаги билимни сингдиришгина эмас, балки у инсонда меҳнатга том маънодаги чанқоқлик ҳиссини уйғотмоғи зарур, бусиз одам ҳаётда на эътиборли ва на бахтиёр бўлаолади.

Натижада чет эл бозорига маҳсулотларни чиқариш ҳажми ошмоқда. Фақатгина ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 34,7 млн доллар миқдорида, саноат маҳсулотлари 7,8 млн доллар миқдорида экспорт қилинди. Шунингдек, хорижий инвестицияни туманимизга олиб келиш борасида ҳам аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Миронқул ҳудудида «Корея-мультифрут» МЧЖ ташкил этиш ва 250 гектар ерда турли гилос ниҳоллари парваришлаш ишлари бошлаб юборилди. Маҳсулотнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади. Оҳаликда эса хитойлик тадбиркорлар қиймати 200 млн долларлик инвестиция киритиб, цемент заводи бунёд этишга бел боғлашди. Маҳаллий аҳолидан 150 киши домий иш билан банд бўлишади. Келгусида қўшни Тожикистон тадбиркорлари билан ҳамкорлик қилиш борасида музокаралар олиб борилмоқда.
Бир киши буюк аллома Ибн Сино олдига келиб фарзандни неча ёшидан тарбия бериш керак, деб сўраган экан.
- Фарзандингиз неча ёшда? - деб сўрабди аллома.
- Олти ойлик бўлди, - жавоб берибди ота.
- Атанг, роса олти ой кечикибсиз, - жавоб берган экан улуғ аллома. Шунинг учун ҳам таълим тизими бамисоли бинонинг пойдеворидир. Ва шубҳасиз, иншоотнинг қанчалик мустаҳкам қурилиши эса унинг пойдеворига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Шу боис айни пайтда Юртбошимиз ташаббуси билан мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида шундай деган эди: «жажжи болага етук шахсга хос кўникма ва фазилатларни сингдириш мақсадида биз келгуси 3-4 йилда юртимиздаги барча болаларни мактабгача таълим муассасаларига юз фоиз қамраб олиш вазифасини ўз олдимизга қўйганмиз ва уни албатта амалга оширамиз... Чиндан ҳам ҳозирги кунда туманимизда боғчаларнинг қуввати етишмайди, десак тўғри ва адолатли бўлади.
- Бу муаммони бугун ва эртага бирданига ҳал қилиш осон кечмаса керак?
- Албатта. 2016 йилдан буён мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг учта қарори эълон қилинди. Охиргисида мактабгача таълим соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, уларни моддий-техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва илғор педагогик технологияларни қўллаш, мазкур соҳани юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, ходимлар меҳнатини моддий рағбатлантириш, фарзанд ва набираларимизнинг ҳиёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш, соғлом овқатланишини самарали таъминлаш, уларда китоб ўқишга бўлган қизиқишини уйғотувчи ўқув-методик материаллар ва бадиий адабиётлардан кенг фойдаланиш имконини беради. Бир сўз билан айтганда, Юртбошимиз томонидан қаратилаётган бундай юксак эътибор ҳамда кўрсатилаётган ғамхўрлик, аввало мактабгача таълим тизими ходимлари руҳини кўтарса, иккинчидан биз, раҳбарларнинг масъулиятимизни ошириши шубҳасиз.
- Одамзод яратган мўъжизаларнинг мўъжизаси китобдир. Шунинг учун китоб дўконларида ва кутубхонада бўлишдан, жавонлар оралаб юришдан ортиқроқ завқ борми? Чунки билим манбаи бўлмиш - китобни севиш, эъзозлаш ва маънавий куч олиш ақлимизга, қалбимизга қанот бағишлайди. Шундай эмасми?!
- Жуда тўғри айтдингиз. Китоблар қалбни ёритади, инсонни юксакликка кўтаради ва кучига-куч қўшади, ақлни чархлайди, фикрлашга ундайди у. Энг муҳими, инсонга нур бағишлаб турувчи сеҳрли чироқдир. Мўҳтарам Президентимизнинг «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактабларида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида, айниқса ёшлар ўртасида китоб тақдимотлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, ёш китобхонлар сафини янада кенгайтириш, истеъдод ва иқтидорларини аниқлаш, уларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш мақсадида таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида режа асосида «Билимдон китобхон» тадбири ўтказилди. Унда агросаноат касб-ҳунар коллежининг «Китобсевар», Майиший хизмат касб-ҳунар коллежининг «Издошлар», Гулобод иқтисодий-ижтимоий касб-ҳунар коллежининг «Интеллект», Равонак қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг «Шарқ гавҳари» жамоалари фаол иштирок этиб, фахрий ўринларни эгалладилар. Тумандаги 16-сон умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Заррина Олимова «Китобхон мактаб» республика кўрик-танловида I-даражали диплом билан мукофотланди.
Афсуски, ҳар бир маҳалла ва гавжум кўчаларда китоб магазинлари йўқ. Янада ачинарлиси, ҳар қандай билимнинг жони ва юраги, ҳар қандай фаннинг ибтидоси, барча руҳий бойликларнинг дурдоналари бўлмиш оммавий кутубхонага эътибор камайди. Модомики, китоб дўстимизгина эмас, балки доимий, бутун умр йўлдошимиз экан, уни севмоқ ва ардоқламоқ лозим. Ўқиш энг яхши таълим. Туманимизда ўзбек, тожик ва рус тилида ижод қилаётган шахслар 60 нафардан кўп экан. Мен ўз дастуримда улар билан бир пиёла чой атрофида суҳбатлашиб китобларини чиқариш ниятим бор.
- Яна қандай режалар тузгансиз?
- Спорт ишонч-эътиқод маданиятини, тетикликни шакллантиради. Жисмоний тарбиянинг улкан моҳиятини яхши ҳис қилиш ва мустаҳкам саломатликни сақлаб қолмоқчи бўлган ва чинакам қувончли ҳаёт кечиришни хоҳлаган ҳар бир одамнинг кундалик турмушидан спорт ва яна спорт мустаҳкам ўрин олмоғи лозим. Мўҳтарам Президентимиз спортни ривожлантиришга, Ўзбекистон байроғини Осиё, жаҳон ва олимпиада мусобақаларида баланд кўтараётган йигит-қизларимизни ҳам маънавий, ҳам моддий эъзозламоқда. Биз ўз навбатида спорт турларини ривожлантиришга, айниқса футбол, волейбол, шахмат-шашка, эшкак эшиш, кураш, бокс, самбо, тоғ туризми, таэквандо ва бошқа хилларини оммавийлаштиришга катта аҳамият берамиз. Қувонч билан иқтидорли қизимиз Азиза Шамсиевани ҳам жаҳон чемпиони бўлганлиги билан табриклаб қоламан.
- Қадрли Шўҳрат Ўроқович, ниҳоят Сизнинг истакларингиз.
- Имкониятдан фойдаланиб, аввало рўзнома муштарийларини, қолаверса халқимизни кириб келаётган яшариш, гўзаллик, хурсандчилик байрами-Наврўзи олам билан чин кўнглимдан қутлайман. Наврўз ҳар бир оила ва ҳар бир хонадонга қут-барака, тўкин-сочин дастурхон, шодлик-омонлик олиб келсин. Ҳаётимизни янада обод ва фаровон қилиш йўлида ўзининг мардонавор меҳнати ва матонати билан улкан ҳисса қўшаётган табдиркор ва фермерлар, деҳқон ва боғбонларга, хуллас барча касб эгаларига янгидан-янги муваффақиятлар тилайман.

Суҳбатни Нормурод Каримов ва Зоҳир Ҳасанзода ёзиб олишди.
Суратда: Наврўзи олам туманимизда.
Суратлар муаллифлари Бекзод Қодировва Баҳодур Зоҳир


Последнее редактирование: 30/03/2018 14:44;   Просмотров: 1150
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку