Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"ҲАР БИР МУРОЖААТНИНГ ЗАМИРИДА ИНСОН ТАҚДИРИ БОР"

Туман ҳокими, Халқ қабулхонаси ва секторлар раҳбарларининг навбатдаги сайёр қабули туман халқ таълими бўлими фаоллар залида ўтказилди. Қабулда Хишрав маҳалласидан келган Дилбарой Олимова "олти ойдан бери қайнонам уй-жойига эгалик қарори чиқара олмаяпти, ўзлари эса келолмайди, саломатлиги бироз оғирлашган", деб йиғлаб юборди.

Д.Олимова томонидан тақдим қилинган уй-жой ҳужжатлари шу ернинг ўзида кўриб чиқилди. Олимова тегишли ташкилот раҳбарларининг масъулиятсизлиги туфайли овораю сарсон бўлиб юргани учун мутасаддилар огоҳлантирилди. Дарҳол унинг қайнонаси учун ўз уйига эгалик ҳуқуқини берувчи қарор қабул қилинди.
- Маҳалламизнинг йўли қишда лой, ёзда чанг бўлиб кетади, - деди Пулимуғоб маҳалласида яшовчи Робия Сулаймонова туман ҳокимига мурожаат қилиб. - Тўғри, қилинаётган ҳар бир ўзгариш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Келгусида маҳалламиз кўчаларига ҳам асфальт ётқизилишида умидимиз катта. Аммо айни кунда кўчаларимизга тош-шағал ётқизилишига ёрдам қилинг.
Мурожаатчининг эътирози ўрганилиб, шу куннинг ўзида маҳалла кўчасига тош-шағал ётқизиш ишлари бошлаб юборилди. Қарийб беш соат давом этган қабулни якунлар экан, туман ҳокими жумладан, шундай деди: - Гувоҳ бўлганингиздек, муаммо кўп, ечимини топиш ҳам ўзимизга боғлиқ. Хулоса чиқармасак, халқ бизни кечирмайди. Яқинда Самарқанд телерадиокомпанияси томонидан эфирга узатилган "Очиқ мулоқот" кўрсатувида тушган саволлар, вилоят ҳокимига қилинаётган арз-додлар, туман ҳокимлиги ва бошқарув идоралари, Халқ қабулхонаси ҳамда секторлар штабига бўлаётган мурожаатлар, биринчидан, халқимизнинг жойлардаги камчиликлардан безовталигини кўрсатса, иккинчи томондан мутасадди раҳбарларимизнинг муаммоларга юзаки қарашлари, ўзибўларчилик кайфияти устун эканлигидан далолатдир. Такрорий мурожаатлар ҳам фаолиятимиз қониқарсизлигини кўрсатмоқда. Шиддатли ислоҳотлар, давр талабларига жавоб бера олмаётган айрим сафдошларимизда қатъий интизом, шахсий жавобгарлик, назорат-таҳлили маданияти етишмаяпти. Қуруқ ваъда, ёлғон ёзишмалардан воз кечиш пайти келди. Одамлар узоқ келажакда эмас, айнан бугун яхши, фаровон яшашни хоҳлайди. Инсон қадри ва манфаати ҳамма нарсадан устун. Унинг талаб-истаклари эса қонуний ечим топмоғи шарт. Бугунги сайёр қабул ҳаммамиз учун сабоқ бўлмоғи даркор.
Қабулда фақаролар томонидан уй-жой билан таъминлаш, электр энергияси, моддий ёрдам, ер ажратиш масаласи каби 45 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, қолганларига муддат белгиланди.
Ҳамма нарсада тошу-тарозу бор деганларидек, фуқаролар томонидан билдирилган эътирозларнинг айримлари қонунга хилоф бўлганлиги учун рад этилди.

Н.КАРИМОВ
Б.ХОНКЕЛДИЕВ


Последнее редактирование: 16/10/2019 16:20;   Просмотров: 805
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку