Аҳолини рўйхатга олиш нафақат статистик мақсад, балки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини башорат қилиш ҳамдир. Жорий йил 1 апрель ҳолатига туманимиз аҳолиси 247,1 минг нафар кишини ташкил этиб, уларнинг 122,1 минг нафари ёки 49,4 фоизи аёллардир.
Юртимизда сўнгги бор аҳолини рўйхатга олиш тадбирига 30 йил бўлди. Бу эса демография ва миграциядаги ўзгаришлар, аҳоли сони, ёши, жинси, таркиби ва бошқа ижтимоий-демографик маълумотларни қўллашда қатор ноаниқликларни келтириб чиқармоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 5 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони қабул қилинишида ҳам юқоридаги жиҳатлар инобатга олинган.
Мазкур ҳужжат асосида 2022 йилда мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади ва бунга давлат статистика қўмитаси ваколатли орган сифатида белгиланди.
Фармонда аҳолини рўйхатга олишда хорижий тажриба, замонавий технология ва услублардан фойдаланган ҳолда аҳолининг ёши, жинси, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, миллати, фуқаролиги, бандлиги ва бошқа демографик жиҳатларни аниқ ҳисоблаш вазифаси юклатилган. Бунинг натижасида аҳолининг фаровонлиги, бандлик, иш ўринлари яратиш, барқарор ривожланиш, миллий мақсадлар индекаторини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш борасида давлатнинг узоқ ва қисқа муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилади
Рўйхатга олишда республика худудида яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида халқаро таққос имконини берадиган яхлит маълумотлар ягона статистик услублар асосида йиғилади.
Ушбу тадбир мамлакатда яшовчи аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Келгусида ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш, худудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш, сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради.
Азимжон Шарипов,
туман статистика бўлими бошлиғи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.