Аҳолини рўйхатга олиш учун сарфланган харажатлар жон бошига 47 доллардан тўғри келган.
Бразилияда 2010 йилда 12 - аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилган. Тайёргарлик ишлари 2007 йилда бошланган. Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун мамлакат қонунчилигида алоҳида кўрсатилмайди. Аҳолини рўйхатга олиш ва уни ташкиллаштириш ишлари 1879 йилда ташкил топган Бразилия картография ва статистика институтининг Низомига мувофиқ юклатилган. Институтнинг Низомига киритилган энг сўнгги ўзгартиришлар бўйича, аҳолини рўйхатга олиш даврида қатъий равишда БМТнинг 1993 йилги статистика бўйича тавсияларига мувофиқ ҳаракат қилиш белгилаб қўйилган.
Юқори даражадаги қашшоқлик ва тенгсизликка эга бўлган Бразилия ноанъанавий тарзда аҳолини рўйхатга олишни амалга оширган. Ҳукумат биринчи марта электрон аҳолини рўйхатга олишни тўлиқ амалга оширди. Улар бунга рақамли технологияларни синовдан ўтказа олмаган ва эскириб қолган усул - қоғозда рўйхатга олиш жараёнига қайтишга мажбур бўлган АҚШ каби ривожланган мамлакатларга нисбатан тезроқ эришишди. Бразилиядаги аҳолини рўйхатга олиш тадбири - кам ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда ўз ички муаммоларини ҳал қилишда технологияларнинг қандай қўлланилаётганига яна бир мисолдир.
Тадқиқотни олиб борган Бразилия география ва статистика институти ўзида мавжуд технологияни қўллаб-қувватлади. Улар 150 мингта LG 750 GM смартфонларига буюртма бердилар. Интервъюерлар уларни сўровномага жавоблар тўплаш ва ундан сўнг маълумотларни мавжуд 7000 та маълумотлар йиғиш ва ишлов бериш марказларидан бирига GPS орқали узатиш учун ишлатишди.
Электрон рақамли рўйхатга олиш усули аниқликни таъминлайди, вақтни тежайди, манзилни аниқлашда ёрдам беради.
Бразилия география ва статистика институтининг маълум қилишича анъанавий қоғоз усулида 5 фоизгача хатоликка йўл қўйилган бўлса, рақамли рўйхатга олишда 0,5 фоизгача хатоликка йўл қўйилади.
Бразилия география ва статистика институтининг маълумотларига кўра Бразилия аҳолиси 191,0 млн. кишидан иборат ва аҳоли сони бўйича дунёда 5 ўринни эгаллайди.
Украинада аҳолини рўйхатга олишга тайёрлаш ва ушбу тадбирни ўтказишнинг ҳуқуқий, методологик ва ташкилий жиҳатлари "Украинанинг бутун аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида" қонунига мувофиқ амалга оширилади. Аҳолини рўйхатга олиш натижасида олинган маълумотлар қонун билан ҳимояланган махфий ахборотдир. Аҳолини рўйхатга олишда мамлакат ичи ва ташқарисидаги фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижликлар рўйхатга олинди. 4-дан 5-декабргача бўлган 0 соат ичида қаерда бўлишидан қатъий назар (уйида, ишхонасида, вақтинчалик яшаш жойида, кўчада ва ҳ.) рўйхатга олинган.
Чехия Республикасида аҳолини рўйхатга олишни тартибга солувчи қонун 1995 йилда қабул қилинган. Охирги рўйхатга олиш 2001 йилда амалга оширилган ва ушбу тадбир 1 ой давом этган. Cўровнома анкетаси 3 қисмдан иборат бўлиб, 1 - қисмда шахсий маълумотлар (фамилияси, ёши, миллати... ва ҳ.), 2 - қисм уй-жойдан фойдаланувчилар учун саволлар (уйнинг техник ҳолати, жойлшган жойи, жиҳозлари ва ҳ.), 3 - қисм уй-жой эгалари учун (хоналар сони, мебеллар ҳолати ва ҳ. ) саволлардан тузилган. Чет эллик фуқаролар 5 та саволдан иборат анкета тўлдиришган. Анкета тўлдиришдан бўйин товлашга 10 минг крон, хато маълумот берганлик учун 10 минг крон, маълумотларни ошкор қилганлиги учун 200 минг крон жарима белгиланган.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, аҳолини рўйхатга олиш тадбирини Қўшма штатлар ва Буюк Британия ҳар 10 йилда бир марта, Франция ва Швецияда ҳар 5 йилда бир марта, Австрияда ҳар 3-4 йилда бир марта ўтказилади.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбиридан олинган маълумотларнинг тўлиқ ва сифатлилигини таъминлаш мақсадида мамлакатларда турлича усуллардан фойдаланилади.
Россия Федерациясида қонунга мувофиқ аҳолини рўйхатга олишда қатнашиш инсон ва фуқароларнинг ижтимоий бурчидир. Аҳолини рўйхатга олишдан қочган фуқароларга ҳеч қандай санкция қўлланилмайди.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбири "Ҳаммаси Россия учун муҳим" шиори остида ўтказилади. Россия қонунчилигининг ҳисоблашича аҳолига ишонч билдириш ҳаққоний маълумотлар олиш имкониятини яратади.
АҚШ, Англия ва Чехия Республикасида қонунга мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш тартибини бузиш (бош тортиш, ёлғон маълумот бериш) катта миқдорда жаримага тортилади.
Хитой Халқ Республикасида нотўғри маълумот берганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Туркияда аҳолини рўйхатга олиш кунида мамлакатнинг барча фуқаролари рўйхатга олувчи келгунига қадар уйдан чиқишлари тақиқланади.
Боливияда рўйхатга олиш кунида поездлар, жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилади. Аҳолига уйини тарк этиш тақиқланади.
Аргентина ва Чилида рўйхатга олиш кунида барча кўнгилочар масканлар, дўконлар, ресторанлар ва хизмат кўрсатиш муассасалари ёпилиши қонун билан белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш ва давлат бошқарувида ушбу маълумотлардан самарали фойдаланиш мамлакат равнақи йўлида муҳим ўрин тутади.
Туман статистика бўлими
ахборот хизмати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.