Маълумки, давлатлар миллий статистикасининг асосини аҳолини рўйхатга олиш натижасида олинган маълумотлар ташкил этади.
Анъанавий, кенг қамровли аҳолини рўйхатга олиш усули демографик ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича аҳолининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ва аниқ манбасидир.
Ҳозирги кунда, дунёнинг ривожланган давлатлари кўп йиллик тажрибалар натижасидан келиб чиқиб, рўйхатга олиш ишлари рўйхатга олиш учун қилинган харажатлардан кўра кўпроқ фойда келтиришига қатъий ишонч ҳосил қилган.
Бундан ташқари рўйхатга олиш жамият ҳаётининг ўзига хос рағбати бўлиб, умумий ресурсларни оқилона (адолатли) тақсимлаш ва фойдаланиш имконини беради.
Дунёнинг деярли барча мамлакатларида рўйхатга олиш натижасида олинадиган барча маълумотлардан фақат статистика мақсадларида фойдаланиш ва мутлақо махфий сақланишини таъминлайдиган статистика тўғрисидаги қонуни мавжуд. Ушбу қонун билан олинган ҳар бир алоҳида инсон тўғрисидаги маълумотлар қандайдир ташкилот ёки жисмоний шахсга берилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Барча давлатлардаги рўйхатга олиш анкеталари жуда ўхшашдир. Давлатнинг ижтимоий дастурини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланганлар, етимлар, уйсизлар, жиноятчиликни камайтириш, бандликни оширишни қўллаб-қувватлаш учун анкетага аҳолининг жисмоний ва ижтимоий саломатлиги, меҳнат шароити, иш жойигача етиб олиш усуллари ва вақти тўғрисида саволлар қўшилади.
Шу билан бирга ҳар бир давлатда жамиятнинг миллий ўзига хослиги
ва анъаналарини ҳисобга олган ҳолда аҳоли билан ишлаш методлари ва рўйхатга олишга тайёрланиш механизмларидан фойдаланади.
Рўйхатга олиш ўтказиладиган барча жойларда аҳоли билан жиддий равишда асосий мақсади рўйхатга олишнинг аҳамияти ва керакли нарсалигини кўрсатиш ва ишонтиришдан иборат бўлган кўп қамровли ишлар олиб боришга тўғри келади.
Амалиётда аҳолини рўйхатга олишнинг бир қанча усуллари мавжуд бўлиб, АҚШ (2010 йил) ва Европа давлатлари (2011 йил) томонидан қуйидаги усуллар қўлланган.
Жумладан, Болгария, Буюк Британия, Венгрия, Греция, Ирландия, Италия, Литва, Польша, Португалия, Руминия, Чехия, Эстония каби давлатларда рўйхатга олишни ўтказишнинг одатдаги усули қўлланган.
Австрия, Дания, Норвегия, Финляндия ҳамда Швецияда регистр маълумотлари асосида рўйхатга олишни ўтказиш усули қўлланган.
Бельгия, Испания, Латвия, Люксембург, Словения давлатларида одатдаги рўйхатга олиш усули билан биргаликда регистр маълумотлари асосида рўйхатга олишни ўтказиш усули қўлланган.
Германия ва Нидерландия давлатларида регистр маълумотлари асосида рўйхатга олишни ўтказиш усули билан бирга танлама кузатиш усули ҳам қўлланган.
АҚШда узундан узоқ рўйхатга олиш сўровномаси ўрнини босадиган доимий танлама кузатувлар билан биргаликда қисқа сўровномали одатдаги рўйхатга олиш ўтказилган.
Францияда эса узлуксиз рўйхатга олиш усулидан фойдаланилган.
Қуйида айрим давлатлар мисолида аҳолини рўйхатга олиш тадбири жараёнларини кўриб чиқамиз.
Америка қўшма штатларида биринчи рўйхатга олиш 1790 йилда амалга оширилган бўлиб, ҳар 10 йилда мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. 2010 йилда АҚШнинг тарихида 23 - марта рўйхатга олиш ўтказилган.
АҚШнинг аҳолини рўйхатга олишдан кўзлаган асосий мақсади ҳар бир штатдаги аҳоли сонини билиш ва Америка конгрессида вакилларга Палатадан пропорционал ўрин ажратиш, ҳар бир ҳудуд учун соғлиқни сақлаш тизими ва таълим дастурини молиялаштиришни кафолатлаш. Тадқиқотга рўйхатга олиш вақтида АҚШда истиқомат қилаётганларнинг ҳаммаси тушади. АҚШнинг қонуний фуқаролари иш юзасидан ёки бошқа сабабларга кўра мамлакатдан ташқарида юрган бўлса, давлат хизматчиларидан ташқариси рўйхатга тушмай қолиши мумкин.
Рўйхатга олиш жараёни дастлаб манзилни текширишдан бошланади. Аҳолини рўйхатга олиш дастури ходимлари ҳар бир уйни айланиб чиқиб, манзилни текширади. Улар томонидан маълумотни янгилаш электрон воситалар (портатив компьютер) ёрдамида амалга оширилади. АҚШда аҳолини рўйхатга олиш учун шакллантирилган рўйхат энг тўлиқ рўйхат ҳисобланади ва миллий қутқарув хизмати, почта хизмати ва глобал навигация тизими (GPS) технологиясида фойдаланилади. АҚШда аҳолини рўйхатга олишда иштирок этиш мажбурий ва АҚШ кодексининг 13-бўлимига мос келади. Анкета турли тилларда (испан, хитой, корейс, въетнам ва рус), тўлдириш бўйича йўриқнома эса 59 тилда тайёрланади.
2010 йилда тарихдаги энг қисқа анкетадан фойдаланилган. Унда бор йўғи 10 дона содда саволлар мавжуд бўлиб, 10 дақиқа мобайнида тўлдириш мумкин бўлган. Лекин деярли 30 фоиз оилалар анкеталарни аҳолини рўйхатга олиш бюросига қайтариб юбормаган. Бюро ходимлари манзил бўйича юборилиб суҳбат ўтказишга тўғри келган.
АҚШда 2010 йилда аҳолини рўйхатга олиш бўйича вақтинчалик лавозимга 600 мингдан кўпроқ ходим жалб қилинган. Аҳолини рўйхатга олишдан бош тортганлик учун жарима миқдори 100 долларни, ёлғон маълумот тақдим этганлиги учун 500 доллар миқдорида жарима белгиланган.
Давоми келгуси сонда.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.