Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш бўйича туман ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари томонидан бир қатор вазифалар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, 2-сектор раҳбари, туман прокурори Х. Мардиев ҳамда сектор аъзолари туманда биркитилган маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, уйма-уй юриб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганишмоқда. Улар билан якка тартибда суҳбат уюштириб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ойдинлик киритилаётир.
Тумандаги Пулимуғоб маҳалласида бугун 4481 нафар аҳоли, жумладан, 1052 та оилада 2330 нафар эркак, 2351 нафар аёл истиқомат қилади. Маҳалладаги умумтаълим мактабида 745 нафар ўқувчи таълим-тарбия олиб келмоқда. Сектор аъзолари томонидан ҳудуддаги ижтимоий ва коммунал соҳалар, тиббиёт муассасалари фаолияти, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ишлари кўздан кечирилди. Ёши улуғ кекса нуронийлар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олинди. Айниқса, 2662 нафар вояга етмаганларнинг назорати, уларнинг таълим-тарбияси, бўш вақтининг қай тартибда ташкил этилаётганига эътибор қаратилди. Жами 698 та хонадонда уйма-уй юриб муаммолар ўрганилди. Натижада 4 та иш билан таъминлаш, 9 та уй-жой кадастри, 11 та даволаниш, 4 та кредит, 4 та пенсия таъминоти, 1 та мактабгача таълим ҳамда 3 та Мажбурий ижро бюроси фаолиятига доир мурожаатлар қабул қилиниб, улар асосида "йўл харитаси" тузилди.
Шунингдек, 2-сектор ишчи гуруҳи аъзолари Қўштамғали маҳалласидаги 547 та хонадонда уйма-уй юрганда бандлик, моддий ёрдам, табиий газ ва ичимлик суви, ногиронлик аравачаси, кредит ва бошқа муаммолар билан боғлиқ 158 та муаммони аниқлаб, фуқароларнинг таклиф ва мурожаатларига қулоқ тутишди. Конигил маҳалласидаги ўрганишлар давомида эса 40 дан зиёд мурожаатлар тингланди.
Дарҳақиқат, фуқароларнинг мурожаатларини қаноатлантириш, аниқланган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича тегишли масъул ташкилотларга, давлат идораларига тавсиялар берилди. Энг муҳими, уларнинг ижобий ечим топиши алоҳида назоратга олинган.
Абдуҳошим ЗИЯТОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.