Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АҲОЛИ МУАММОСИГА КЎР - КЎРОНА ЁНДАШУВ

ёхуд давлат органларига бўлган ишончнинг чегараси бор

"Сайёр қабул" замирида қандай мақсад-муддао ётади? Халқ билан мулоқот ўтказишнинг пировард натижасидан кўнглимиз тинчми? Ҳар қандай мурожаат юзасидан жойига чиқиб, муаммолар ўрганилмоқдами? Умуман, мурожаатга шунчалик беэътибор, масъулиятсизлик билан қараш мумкинми? Оммавий ахборот воситалари вакиллари давлатимиз раҳбари топшириғи билан имкон қадар аҳоли муаммоларини кўриб чиқиш мақсадида жон куйдирмоқда. Ҳар бир сайёр қабул жараёни, мазмун-моҳияти газетамизда ўз аксини топмоқда, лекин иккинчи, учинчи маротаба мурожаат этувчиларнинг муаммолари давлат идораларида узил - кесил ҳал этилмаётганлигидан хунобмиз. Айб нимада, кимда? Қачонгача туртки ва қарғиш билан ишлаймиз?
Замон, сиёсат ўзгаргани билан айрим раҳбар, мутахассис, соҳа мутасаддилари ўзгармаяпти шекилли.
Тўғри, бугун ҳар бир давлат органи олдида бажарилиши керак бўлган вазифалар кўп. Бўлар-бўлмас гапларни муаммо қилиб, мурожаат этаётган фуқаролар ҳам истаганча топилади. Бироқ жойларда аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган масалалар ҳам борки, уларга кўз юмиш Президентимиз таъбири билан айтганда, давлатга хиёнатдир.
Ана шу руҳ ва оҳангда ўтган ҳафта ўтказилган навбатдаги иккита сайёр қабул тумандаги Қайнама ҳамда Бўзи маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳлининг дил изҳорларини эшитишга бағишланди. Ҳар иккала мулоқотда ҳудудлардан 44 нафар фуқаронинг 50 дан зиёд ижтимоий-иқтисодий ва маиший масалаларга алоқадор мурожаатлари тингланди, рўйхатга олинди. Шулардан 35-40 фоизи жойида ечим топган бўлса, қолгани жиддий ўрганиш, қонуний ечим топишга йўналтирилди. Жумладан, Оҳалик маҳалласидан ёш тадбиркор М.Бобомуродовага тикувчилик цехи ташкил этиш учун бир сотих ер ва имтиёзли кредит ажратиш, Юқори Қайнамадан нуроний отахон А.Бердиевнинг ичимлик сув ҳамда трансформатор билан боғлиқ мурожаати қисқа муддатда ҳал этиладиган бўлди.
Бўзи маҳалласи аҳолисини қийнаб келаётган табиий газ муаммоси бўйича мурожаат этганлар кўпчиликни ташкил этди. Бу масала вилоят мутасадди идоралари билан ҳамкорликда ечиладиган бўлди. Лекин айнан шу маҳалла аҳолисининг коммунал хизмат ва солиқдан қарздорлиги (электр энергиясидан 721 млн, солиқдан - 80 млн) йил якунига етаётган бўлса-да, ҳамон бартараф этилгани йўқ. Бўзиликлар учун бунга ортиқча изоҳ беришнинг ҳожати бормикин?
Шунингдек, Чоршанба маҳалласида электр энергиясини халқ кучи билан узлуксиз таъминлаш учун хайрли ишлар бошлангани, фақат мутасадди идораларнинг амалий ёрдами лозимлиги тўғрисида фуқаро Н.Ҳотамовнинг илтимоси қаноатлантирилди.
Сайёр қабул олдидан Миришкор, Чақа, Заҳлик, Бўзи ҳудудлари ва шароити оғир бир неча хонадонлар аҳли билан яқиндан танишган ҳоким жойлардаги раҳбар ходимлар, фаоллар, кўпни кўрган отахон-онахонларни эл дарди билан яшаш, меҳр-мурувват кўрсатиш, тинчликни сақлаш, атроф-муҳитни тоза-озода тутиш, ёшларга ибрат ҳамда бош-қош бўлишга чақирди.
- 2019 йилни янги, пухта-аниқ режалар, амалий манзилли дастурлар билан кутиб олмоқдамиз, - деди ҳоким. Ижтимоий соҳа объектлари, йўл, сув, уй - жой каби ҳаётан зарур масалалар ечимига қаратилган вазифалар кўлами кенгаяди. Фақат "давлат қилиб берсин" деган кайфиятдан воз кечиб, ҳар биримиз шу юрт, шу ватан фарзанди эканлигимизни эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал билан исбот қилишни ўрганайлик.
Қабулда қатнашган ҳокимлик, Халқ қабулхонаси, бошқарув идоралари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, мутахассис ходимлар туман ҳокими Ш.Жамоловнинг якунловчи сўзидан тегишли хулосалар чиқариб, йилни юқори кўрсаткичлар билан якунлашга эришадилар деган умиддамиз. Халқни рози қилиш энг улуғ саодатдир.

Н.КАРИМОВ


Последнее редактирование: 10/12/2018 11:41;   Просмотров: 943
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку