Халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, уларнинг меҳнат қилишлари, дам олиши ва яхши яшаши учун қулай шароитлар яратиш, ҳолидан хабар олиб, фикрини эшитиш, мавжуд муаммоларини бартараф этиш шу куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Бунинг учун мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, вилоят ва туманлардаги Халқ қабулхоналари қисқа вақт ичида фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқотни изчил йўлга қўйиш имконини бераяпти. Бу борада туман марказидаги Ғолиб Ражабович Жўраев мудир бўлган “Халқ қабулхонаси”нинг амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқ бўлмоқда.
– Юртбошимизнинг саъй-ҳаракати билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари ҳар куни ўз дарди ва ташвишини айтиш илинжи билан келган фуқаролар билан гавжум,–дейди Ғолиб Ражабович. –Уларни ўз вақтида қабул қилиб, фикрини эшитиш бизнинг асосий вазифамиздир. Биргина шу йилнинг ўтган ойларида 497 нафар фуқаро бизга мурожаат қилди. Улар томонидан билдирилган муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилиб борилаётгани учун одамлар ҳаётдан, Юртбошимиздан миннатдор бўлиб қайтмоқдалар. Шу кунгача тушган ариза, шикоят ва таклифларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг кўпчилиги хонадонларда табиий газ, электр таъминоти етишмаслиги, оилавий келишмовчиликлар, уй-жой, томорқа масалаларидир. Тушган аризалар ўз вақтида ўрганилиб, аниқ ва пухта жавоб қайтариш учун туман ҳокими, идора ва корхона раҳбарларига жўнатилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, юборилган ариза ва шикоятлар ижроси қатъий назорат остига олинган.
Шу билан бирга, туман ҳокимлигида, мактаблар, коллежлар, корхона ва маҳаллаларда ўтказиладиган умумий йиғилишларда туман прокуратураси, ИИБ, маҳалла фаоллари билан учрашувлар ҳам ташкил этганмиз. Шу пайтгача туман ҳокими Б.Қодиров бошчилигида туман ташкилотлари раҳбарларининг Қўлба, Қорасув, Урганжи, Ипакчи, Миришкор, Арабхона маҳаллаларида сайёр қабуллари ташкил этилди. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки туманнинг энг чекка қишлоқларида ҳам туман ташкилот, корхона, муассасалар раҳбарларини алоҳида автобус ташкил этган ҳолда олиб бориб, аҳоли билан сайёр қабулларини ташкил этамиз.
– Муаммоларни ҳал этиш, аҳоли аризасидаги камчиликларга панжа орасидан қаровчи, уларни ҳал этиш чораларини ўз вақтида кўриб чиқмай, кечиктираётган раҳбарлар ҳам бўлса керак?
– Афсуски, бундайлар учраяпти. Пастдарғом туман суди ижрочиси аризани кўриб чиқиш, муаммони ҳал этишни пайсалга солгани учун интизомий жавобгарликка тортилди. “Самарқанд тумангаз” филиали назоратчиси А.Расулов эса фуқароларни асоссиз равишда қарздор қилиб, уларни сарсон қилгани натижасида Меҳнат кодексининг 181-моддасига биноан эгаллаб турган вазифасидан четлаштирилди. Туман кадастр бўлими ер тузиш бўлинмаси бошлиғи Зафар Олимов қонун бузилиш ҳолатига йўл қўйгани учун туман прокуратураси томонидан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Туман Халқ қабулхонасидан юборилган аризадаги муаммони ҳал этишни асоссиз кечиктиргани учун туман фермерлар уюшмаси раиси У.Хуррамовга нисбатан Меҳнат кодексининг 43-моддасига биноан жарима жазоси белгиланди. Миришкор маҳалласи фуқароси Наврўз Ҳасанов эса электр таъминотидан асоссиз қарздор дея сарсон қилинган. У ҳеч қандай қарздорликка йўл қўймагани аниқланди.
– Фарзандим болалигидан ногирон,–дейди Соҳиба Раҳмонқулова. –Буни маҳалла фуқаролар йиғини, шифокорларга ҳам айтганман. Аммо натижа йўқ. Халқ қабулхонасига мурожаат этдим. Улар аризамни кўриб чиқишди ва талабимни қондиришди. Энди болам учун ногиронлик нафақаси оламан. Бунинг учун қабулхона раҳбариятига, хусусан Юртбошимизга миннатдорчилик билдираман.
Умуман олганда, халқ билан бевосита мулоқотлар ўз самарасини бермоқда. Туман ҳокимлиги, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари халқ дардини тинглаш, улар муаммоларини ҳал этиш асносида фуқаролардан миннатдорчилик сўзларини эшитиб, янада кўтаринки руҳ билан ишламоқдалар. Юртбошимиз айтганларку: “Халқ сендан рози бўлса, ишингда унум бўлади”, деб. Ҳа, бизни тарбиялаган, едирган шу халққа хизмат қилиш бурчимиздир.
Сўҳбатдош Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.