Халқ билан мулоқот бугун давлат идоралари ижро ҳокимиятининг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Мақсад битта, у ҳам бўлса - халқ дардини тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ва муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш. Бу эса халқ манфаати барча нарсадан устун деганидир.
Шу боис юртимизда сўнгги йилларда бу борада катта ўзгаришлар юз бергани бор гап. Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Вазирлик ва идоралар, мансабдор шахсларга электрон мурожаат қилиш имкониятлари яратилди. "Ишонч телефонлари" самарадорлиги оширилди. Интернетнинг имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда мансабдор шахслар ижтимоий тармоқларда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйди.
Айни вақтда шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш, муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда ва бу ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Таъкидлаганимиздек, бу халқ манфаати учун амалга оширилаётган чора-тадбирлардир. Аммо асоссиз шикоятлару мурожаатлар ҳам учраётган ва кўпаяётганидан кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, мурожаат ва шикоят қилишга фуқаронинг қонуний ҳақи бор. ҳеч ким буни чеклай олмайди. Лекин барибир баъзи меъёрларни унутмаслигимиз керак.
"ЁЗАВЕРАМАН, ЁЗАВЕРАМАН..."
Яқинда таҳририятимизга келиб тушган шикоят хатини ўрганиш юзасидан бир маҳаллага бордик. Маҳалла фуқаролар йиғини жамоатчилик кенгаши аъзолари, фаоллари маҳаллада турли келишмовчиликлар юзага келаётгани, муҳит бузилишига бир шикоятчи сабаб бўлаётганини билдиришган.
Ўрганишимиз чоғида маълум бўлишича, фуқаро оиласи учун моддий ёрдам сўраб маҳалла фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилади. Белгиланган меъёр ва мезонларга тўғри келмаганлиги учун маҳалла қошидаги комиссия йиғилишида ариза рад этилади. ҳаммаси шундан бошланади.
Мақсади ҳосил бўлмаган фуқаро бу борада тегишли ташкилотларга шикоят қилади. Мутасаддилар томонидан вазият бир неча бор ўрганилади ва тўғри рад этилганлиги ҳақида хулоса қилинади. Фуқаро эса ариза ёзаверади. Турли ташкилотлар, Халқ қабулхонасига бу масалада шикоят хати беради. Комиссия аъзоларини ноҳақликда айблайди. Такрорий ўрганишлару шикоятлардан чарчаган маҳалла фаоллари охир-оқибат фуқарога моддий ёрдам беришга мажбур бўлади.
Аслида-чи? Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, моддий ёрдам олаётган оилада эр ҳам, хотин ҳам олий маълумотли. Яхши касбларнинг мутахассислари. Эр давлат ташкилотида ишлайди. Каттагина томорқаси бор. Бир нафар ёш фарзанди борлиги туфайли турмуш ўртоғи вақтинча ишламайди. ҳаммасини белгиланган меъёрларга қўйиб, аризани рад этган комиссия аъзолари эса балога қолади. "Келинг-лар, шу тинчисин" қабилида "амаллаб" моддий ёрдам чиқаришади. Андиша қилишади-да!
НОШУКУРЛИКМИ ЁКИ
БОҚИМАНДАЛИК?
Бу жиҳатлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бир фуқародан келган мурожаатни жамоатчилик асосида ўргандик. Мурожаатда ёзилишича, оила моддий жиҳатдан жуда қийналган, уйлари таъмирталаб, амалий ёрдам сўраган.
- Эрим ҳеч қаерда ишламайди, чунки ўқимаган, - дейди уй бекаси. - Мен уйда болаларга қарайман. Моддий томондан жуда қийналиб қолганмиз. Уйларимизни таъмирлашимиз керак.
Хонадондаги томорқага разм соламиз. Бегона ўт кўплигидан нима экилганини ҳам билиш қийин. Қаровсиз ҳолатда.
Унинг турмуш ўртоғини чақиртирдик. Чамаси 35 ёшлардаги тоғни урса талқон қиладиган йигит келди. Унга томорқа имкониятларидан унумли фойдаланса, ҳеч қандай моддий қийинчилик бўлмаслигини, имтиёзли кредит асосида парранда олиб боқса, даромад олиши мумкинлигини, оилавий тадбиркорлик имкониятлари ҳақида тушунтирдик, йўл-йўриқ кўрсатдик.
- Кредитни тўлаш ҳам керак-да! Биз тўлолмаймиз. Томорқага келсак, сув муаммо бўлади.
Яна бир қанча баҳонаю важлар. Тебранмаган одамни тепсанг ҳам тебранмайди, деганлари шу бўлса керак. Хуллас, "тарғиботимиз" зое кетди. - Ёрдам бермасаларингиз нега келдингизлар? Биз моддий ёрдам сўраб мурожаат қилгандик.
Тўғри йўл кўрсатиш ёрдам эмасми? Ахир, тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқариб, оилавий тадбиркорликни бошлаб, ўз моддий аҳволини тиклаб олган оилалар камми?
Ёрдам бермаганлигимиз учун бу оила бизнинг устимиздан ҳам шикоят қилибди.
ШИКОЯТ ҚИЛИШ
"МУАММО ЕЧИЛАДИ" ДЕГАНИ ЭМАС
Шундай ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Мурожаатлар ўрганилганда турли низоларга дуч келамиз. Айримлари фақат суд орқали ҳал этиладиган масалалар. Баъзи шикоятларда келтирилган важлар, умуман қонун доирасидан ташқарида, белгиланган талабларга зид ва асоссиз бўлади (туҳматлари ҳам йўқ эмас).
Вилоят раҳбари "Шикояти асоссиз, туҳмат ёки ғараз ниятда бўлса, кенг жамоатчилик ўртасида, оммавий ахборот воситаларида кўрсатиб, муҳокама қилинглар. Халқ кўрсин бундайларни", дея таъкидлаганди. Шундай қилиш керак ҳам. Бу бошқаларга сабоқ бўлади.
Яна бир жиҳат. Айрим мурожаатларнинг мазмуни билан танишар эканмиз (айниқса, кимнингдир устидан ёзилган бўлса), бўҳтонлардан ташқари, ҳаддан ташқари бўрттириш, ҳақоратларни учратамиз. Одоб-ахлоқ доирасига тўғри келмайдиган турли сўзлар, пўписаю дағдағалар ҳам қўшиб ёзилади. Шикоят қилишга қонуний ҳақи бордир, аммо бировга туҳмат қилишга, ҳақоратлашга, нафсониятига тегишга, дағдаға қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Ўзбекистон Республикаси "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунининг 38-моддасида мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек, туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддасига кўра, туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади. Даражасига қараб янада оғирроқ жазолар ҳам белгиланиши кўрсатилган.
Агарда шундай мазмундаги шикоятларга юқоридаги қонуний талаблар асосида ҳуқуқий баҳо берилса, жавобгарликка тортиладиган мурожаатчилар ҳам талайгина топилади. Фақат андиша қилишади!
Аммо унутманг, андишанинг оти қўрқоқ эмас!
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
("Зарафшон"
газетасидан олинди)
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.