Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲАМКОРЛИК САМАРАСИ

Сўнгги йилларда вояга етмаганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Буларнинг ҳаммаси асосан оиладаги низолар ва носоғлом муҳит, катталар томонидан содир этилган тазйиқ, айрим педагогларнинг лоқайдлиги ёки ўсмирда атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилиш, яқинларини қўрқитиб мақсадга эришиш нияти сабаб бўлади. Уларни турли оқимлар таъсиридан асраш, баркамол инсон сифатида тарбиялаш, касб-ҳунарга, кекса авлодни эъзозлашга ўргатиш ва ватанпарварликни сингдириш учун таълим муассасаси, маҳалла ва оила ҳамкорлиги муҳимдир.

Шу мақсадда Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ташаббуси билан тумандаги 16-умумтаълим мактабида ўқув семинари ташкил этилди. Унда халқ таълими муассасаларининг маънавий-ахлоқий тарбия бўйича шўъба раҳбарлари ва шаҳар бўлимлари ходимлари қатнашдилар. Дастлаб мактаб бадиий ҳаваскорлик дастаси аъзоларининг концерт дастури намойиш этилди.Ўқув семинар иштирокчилари тумандаги 2, 14, 16, 26, 34 ва 38-сонли мактаблар ҳузурида “Оила, маҳалла ва таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгашлари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича тайёрланган кўзгазмалар билан танишдилар. “Ораста қизлар” тўгараги, Ахборот-ресурс маркази, фан хоналарини жиҳозланиши ва ҳужжатларини кўздан кечиришди.
- Мактабимизда 740 нафар қиз таълим тарбия олмоқда. – деди тўгарак раҳбари Фарида Жабборова. – Улар учун ҳафтада икки бор машғулот олиб борамиз. Тўгаракда қизлар миллий ҳунарларимизни ўрганиш баробарида замонавий тикиш-бичиш ва пазандачиликни ҳам ўзлаштирадилар. Кекса авлод вакиллари, тиббиёт ходимлари, намунали оилалар билан учрашув ёшлар дунёқарашининг кегайишига хизмат қилади.
Мактаб кутубхонаси дид билан жиҳозланган бўлиб у ўқувчилар билан гавжум. Анъана ва урф-одат бурчаги меҳмонларга катта тассурот қолдирди.
– Китобхонамизда 1613 та турли-туман китоблар мавжуд. 1320 нафар китобсеварларимиз бор, – деди кутубхона мудираси Нилуфар Ҳошимова. – 20 нафар маҳалладошларимиз ҳам китоб ўқишда намуна бўлмоқдалар.
Тадбирни туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлимининг маънавий-ахлоқий тарбия ишлари шўъбаси раҳбари М. Акрамов олиб борди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси З.Шодиева, туман прокурорининг ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси Ш.Одилов, имом-хатиб О.Сафаров, вилоят ИИБ ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи С.Нуруллоев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича 2017 йилда амалга оширилиши режалаштирилган долзарб вазифалар тўғрисида гапирдилар.
Тадбирда 2-сон ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаби ва 26 мактабда вояга етмаганлар ўртасида амалга оширилаётган ибратли ишлар қайд этиб ўтилди. Тақдимотда С.Зафарова, К.Ҳожиев каби ўқувчилар раҳбарлигида намойиш этган тақдимотлари барчага манзур бўлди.

Дилрабо НАСИМОВА


Дата добавления: 05/05/2017 14:59;   Просмотров: 1585
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку