Вилоятимизда асаларичиликни ривожлантириш, ички бозорни арзон, сифатли маҳсулот билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор шифобахш, тўйимли табиий неъмат ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилда вилоятда минг тоннадан зиёд асал етиштирилмоқда.
Асал - минг дардга шифо, дейдилар. Бунинг исботи буюк аждодимиз Абу Али ибн Синонинг "Тиб қонунлари" асарида берилган рецепт-тавсияларнинг 500 дан ортиғи айнан асалари заҳари ва бошқа маҳсулотларига асосланганида ҳам кўриниб турибди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш, аҳолига сифатли, арзон ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилаётир. Хусусан, асаларичиликни янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бермоқда. Ўтган йили асос солинган вилоят асаларичилар уюшмаси томонидан соҳани янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бир вақтлар 10-15 нафар асаларичидан иборат уюшма бугунги кунда ўз сафларида мингга яқин малакали мутахассисни бирлаштирган. Улар орасида иш тажрибаси юртимиздагина эмас, хорижий давлатларда ҳам қизиқиб ўрганилаётган ва юксак баҳоланаётган аричилар бор.
Улар оила аъзолари билан бирга 1500-2000 тагача она ари парвариш қилиб, юқори маҳсулот ва истиқболли насллар етиштирмоқда. Бундан икки йил илгари вилоят бўйича минг тоннага яқин асал етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични янада ошириш режалаштирилган.
- Аҳолини сифатли асал билан таъминлашдан ташқари, хориждан келтирилган наслли асалариларни кўпайтириш ва хорижга сотиш, асалари билан чанглатиш орқали қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини кескин ошириш мақсад қилинган, - дейди вилоят асаларичилар уюшмаси аъзоси, дипломли асаларичи Соле Бурҳонов. - Бу соҳада илмий изланишларни кўпайтириш билан бирга, АҚШ, Исроил, Россия, Испания, Канада, Швейцария сингари хорижий давлатлар мутахассислари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, улар тажрибасини ўрганиш ва амалий фаолиятда кенг қўллашга алоҳида эътибор қаратилса яхши бўларди. Бу борада фарғоналик асаларичилар тажрибасидан ибрат олса арзийди. Фарғона вилояти асаларичилари йил давомида 30 минг она асаларини хорижга экспорт қилиб, бундан катта даромад олишмоқда. Вилоят асаларичилар уюшмаси самарали иши ва илмий изланишлари билан юртимизда чинакам тажриба мактабига айланган. Уюшма қошида ишлаб чиқариш ўқув маркази ташкил этилган бўлиб, бу ерда ёш асаларичилар ва бошловчи мутахассислар учун барча шароит яратилган. Марказда илмий-текшириш лабораторияси, тренинг заллари, ихтисослаштирилган кутубхона, электрон архив базаси, шунингдек, асални қайта ишлаш ва қадоқлаш цехи, тикувчилик, мум-парда, асбоб-ускуна ва асалари уяси ишлаб чиқариш цехлари фаолият юритмоқда. Ёш асаларичиларга касб сирлари ва унинг илмий асосларини ўргатадиган махсус мактаб очилган.
Президентимиз шу йил июнь ойида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур ўқув марказида бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан танишди. Асаларичиликни ривожлантириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди. Айни кунларда бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Фарғона тумани технология касб-ҳунар коллежида асаларичилик соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлайдиган йўналиш ташкил этилган бўлиб, ўқувчилар ўқув марказида назарий билимини амалиёт билан мустаҳкамламоқда. Фарғоналик мутахассислар кейинги йилларда Исроил давлатидаги ҳамкасблари билан тажриба алмашишни йўлга қўйди. У ерда экинларни чанглатиш орқали сифатли асал ва юқори ҳосил олиш технологияси жуда ривожланган. Бу тажриба яхши ўрганилиб, вилоятда кенг жорий этилмоқда. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, асаларичи хўжаликлар йил давомида 10 миллиард сўмлик асал ва асалари маҳсулотлари етиштирса, пахта, ғалла ва бошқа экинларни асалари орқали чанглатиш йўли билан 120 миллиард сўмгача фойда олмоқда. Шу боис амалда бу ишлар кўламини илмий асосда янада кенгайтириш ва самарадорликни ҳозирги замон талаблари даражасига кўтариш имкониятлари яратилади. Истардимки, эндигина тетапоя бўлаётган вилоятимиз асаларичилик уюшмаси ҳам яқин келажакда шу мавқега эга бўлади. Холбуки, ҳозирги кунда вилоятда 500 тача асаларичи фаолият кўрсатаяпти.
Нафсиламрини айтганда, бир пайтлар вилоятнинг барча туманларида асаларичилик хўжаликлари фаолият кўрсатган ва уларда меҳнат қилган кишилар ҳамон сафимизда. Фақат уларни топиш ва тажрибаларини ўрганиш керак холос. Мен ҳам дастлаб Самарқанд зооветеринария техникумининг асаларичилик бўлимини тугатганман. Олти ой туманимиздаги асаларичилик давлат хўжалигида ёрдамчи асаларичи бўлиб ишладим. Ўша пайтлари хўжалигимизда 130 уя асалари бор эди. Техникумни битириб келганимдан сўнг илк амалий билим ва кўникмаларни шу ерда ургутлик устозим Маъруф Ҳошимовдан ўрганганман.
1996 йилдан мустақил асаларичи сифатида 65 уя асаларини парвариш қила бошладим. Дастлабки йилиёқ улардан 1 тонна тоза асал олишга эришдим. Асални сотиб оладиган саноат корхонаси бўлмагач, олинган ҳосилни асосан вилоятимиз бозорларида сотдик. Мустақиллик барқарор бўлгач, 2011 йилда деҳқон хўжалиги очдим. Асаларичиликка ихтисослашган бу хўжалик учун 20 сотох ер ажратиб беришди, бу жуда кам албатта. Аммо, "борига барака" қилиб ишлаб турибмиз. Бу ҳам тоғолди зонасида жойлашган лалми ер эди. Бу ерда боғ яратишга ҳаракат қилиб, 500 туп олма ва бошқа мевали дарахт кўчатлари ўтқазиб, парваришлай бошладик. Аммо икки йил ўтмай қурғоқчилик туфайли бариси нобуд бўлди. Ҳозирча фақат лалми ғалла экиб турибмиз. Аммо, асаларини фақат ғалланинг гули билан тўйғазиб бўлмайди. Энг ёмони асалари ғалла гулини унчалик хушламайди.
Шу боис асалариларни эрта баҳорданоқ Илонсой қирларига кўчирамиз. Улар бу ерда янтоқ ва жинжак сингари ўсимликлардан яхши асал йиғади. Бу "майский" асалнинг бозорда ҳам харидори кўп бўлади. Июль, август ойларида уларни пахтачилик хўжаликларига кўчирамиз. Шогирдим Рустам Шаропов билан шу ташвишларга улгураяпмиз. Шу тахлит бир йилда 2 тоннагача тоза асал олаяпмиз.
Бу борада туман ҳокимлигидан миннатдормиз. Фойдаланиш учун ер ажратиб беришди. Савдогарбанкдан уч марта 20 миллион сўмдан кредит олишимизга кўмак беришди. Шу билан мавқеимизни анча тиклаб олишга муваффақ бўлдик. Йигирма йилдан зиёд бўлган фаолиятим давомида ўндан зиёд шогирдлар етиштирдим. Афсуски, уларнинг аксарияти Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё сингари қўшни вилоятлардан эди. Энди туманимиз ёшларини ҳам шу савоб ва хайрли ишга қизиқтириб, шогирдлар етиштиришимиз керак. Бу борада оммавий ахборот воситаларидан кенгроқ фойдаланишимиз зарур, деб ўйлайман. Газеталарда ҳам асаларичилик ҳақида кўпроқ мақолалар бериб борилса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Фурсат келганда ёш асаларичиларга гапим шуки, асаларичи кези келганда билимли ботаник ҳам бўлиши керак. Асаларини қандай парвариш қилишдан ташқари, у қайси ўсимликларни хуш кўради, бу ўсимликлар қайси жойларда кўпроқ ўсади. Қайси ойларда гуллайди, барини билиши керак.
Асаларичилик даромадли соҳа. Ўзимиздан қиёс қиладиган бўлсам, "Шаҳризода асалари" деҳқон хўжалигимиз бир йилда 40 миллион сўмдан зиёд даромад олаётир. Аммо, тан олиш керакки, унинг қарийб 20 миллион сўми харажатларга кетади. Асалариларнинг ҳам турли касалликлари бор, шунга қарши эмлаб туриш керак. Қишда эса уларни новвот қиёми билан боқишга тўғри келади. Буларнинг бари харажат-да. Нима ҳам дердик, чидаганга чиқарган-да.
"Самарқанд ерининг саховати" кўргазма савдосида мунтазам қатнашиб келамиз. Қилинган даромаддан хайру эҳсон ҳам қилиб турамиз. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва маҳалланинг турли тадбирлари, байрамларига ҳомийлик ёрдами уюштириб турамиз.
Саховатли диёримизда, хусусан боғ-роғларга бурканган туманимизда асаларичиликни энг пешқадам соҳалардан бирига айлантириш учун чексиз имкониятлар мавжуд. Тажрибали асаларичи Соле Бурҳонов таъбирига кўра, шу соҳа бўйича бошланғич жамият тузиш, шу соҳага қизиқувчи ёшларни жалб этиш, уларни тўплаш ва амалий ёрдам уюштириш палласи келди, менимча. Ушбу мақолани ўқигач, тумандаги шу соҳага мутасадди раҳбарлар билдирилган фикрларни мушоҳада қилиб кўрадилар, деб умид қиламиз.
Хайрулло ҲАМРОЕВ,
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.