9-Б синф ўқувчилари синфдошлари Парвизни жанозасига қатнашиш учун гулчанбар юборишди. Бутун синфда сукунат чўккан. Кечагина дарсда яхши қатнашган ўқувчи афсуски, бугун даврада йўқ. Ҳамма ҳайрон, нима учун шундай бўлганини ҳеч ким билмайди. Ўртоқлари билан урушмаган, ҳатто овозини баландлатиб гапирмаган, нега ўз жонига қасд қилди экан? Бу савол барчани қийнади. Ўқитувчилар хонасида ҳам шу мавзу. Ахир, отаси шу ёлғиз ўғлини деб шунча ҳаракат қилса. Инсон зотини тушуниб бўлмас экан. Ёинки ўртоғи билан уришиб қолдимикан деган саволлар ёғилаверди. Кўп йиллар олдин Парвизнинг онаси автоҳалокат туфайли оламдан ўтган. Шундан сўнг бола одамови бўлиб қолган эди. Ўртоқларига унча қўшилмас, доимо хаёл суриб юрар, кимдир жаҳлини чиқарса ҳам яхшилик билан вазиятдан чиқарди. У отаси билан яшар, кўпинча уйда танҳо қолиб кетарди.
Ўғлимга ким ҳам оналик қила олар ҳеч ким онасидай бўла олмайди деб отаси қайта уйланмади. Кечқурин ота-бола дастурхон атрофида гурунглашиб ўтиришди. Суҳбат чоғида «отажон, қачонгача мени деб юрасиз, ўзингизни қийнаманг, мен сизни тушунаман, онажонимни унутолмаслигингизни биламан. Ҳаёт йўлингизни ўзгартиринг. Оила қуринг, яхши яшашга сизнинг ҳам ҳаққингиз бор» деб айтди.
Ўғлим, сен ҳам улғайибсан, шукр. Сенинг бахтингни кўриш ҳар қандай оила қуришдан устун менинг келажагим сенсан болам, - деди отаси. Одатдагидек, яна расмларини томоша қилишди. Отаси бўлиб ўтган яхши дамларини сўзлаб берди. Суҳбат якунлагач, Парвиз ўз хонасига кириб кетди. Отаси «ўғлим онасидан ёш қолди. Она меҳрига тўймади. Она барибир она-да. Э, бунчалар қийин бўлмаса бу ҳаёт», деб ўтган воқеаларни хотирлади. Кўзига ҳеч уйқу келмади. Нима қилсинки, ўғли тенгқурлари каби яйраб, болалик гаштини сурса. Тўсатдан нохуш овоз эшитилди. Тезда ўғли кирган уйга остона ҳатлади. Не кўз билан кўрсинки, ўғли ўз жонига қасд қилибди. Жасад ҳали совиб улгурмаган ҳам эди, жон-жаҳди билан ёпишди. «Нима қилиб қўйдинг болам! Шўр пешонамга шу кўргиликлар ҳам бор эканми», деб болани тортиб олди. Унинг фарёдидан қўшнилар йиғилишди. «Тез ёрдам» келди. Аллақачон болани жони узилган эди. Отасига тинчлантирувчи уколлар қилишди. Эрта тонгда барча ёшу қари тўпланишди. Майитни сўнги манзилга кузатдилар. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган шум хабар. Отанинг нолаларига еру-осмон титради. Бандани қисмасин экан.
Ҳа, яна бир фожиа. Шу фожианинг сабабини аниқлашга киришдилар. Марҳум ётган уйни синчиклаб кўздан кечирдилар. Ёстиғининг тагидан онасининг суратлари билан бирга қўл телефони ҳам бор эди. Ўзини чалғитиш учун кечаси билан телефонда ўйин ўйнаган. Шундай берилиб ўйнаганки, охирида ўзини бошқаролмай шу аҳволга тушиб қолганлиги аниқланди. Мактабларда ҳам телефон масаласи кўп кўтарилади. Йиғилишларда мураббийлар ота-оналарга фарзандларингизга қимматбаҳо алоқа воситаси бериб қўйманг, унинг ўрнига яхши китоблар олиб беринг, турли спорт тўгаракларига қўйинг, тил ўргансин, шу билан биргаликда ўзи қизиққан касбга йўналтиринг, деб такрор- такрор айтишади. Мана сизга телефон ўйини. Ким ота дардига малҳам бўлаолади. Фарзандим ҳаётда кўп сиқилган-ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб олиб берилган бу мато ёмонлик йўлида хазмат қилди. Ундаги турли ўйинлар инсон миясини заҳарлаб, ўлимгача олиб келишини падари бузруквор билмаган эди.
Авваллари камдан-кам ўқувчиларга қўл телефони бўлар эди. Ҳозир эса, аксинча телефонсиз ўқувчини деярли тополмайсиз Ким қандай хулоса қилади, бу сизнинг ҳукмингизга ҳавола. Бир бегуноҳ ўсмир алоқа воситасининг қурбонига айланди. Минг афсуски, катталарнинг бефарқликлари сабаб бундай аянчли воқеалар такрорланиб турибди.
Огоҳ бўлинг! Фарзандларимиз-келажагимиз. Уларнинг ўртоқлари ким? Қаерга боради? Қачон келади? Бўш вақтини қандай ўтказади – эътиборсиз бўлманг.
Фарзандингизга алоқа воситасини бермасангиз ҳам яхши ўқиб, ўрганиб муваффақиятларга эришади. Сўнгги пушаймон-ўзингга душман.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.