Зироатчилик шундай тармоқки, унда ҳар бир агротехник тадбир экин талабига энг мақбул шарт-шароит яратиш билан боғлиқдир ва бу таъбир жоиз бўлса, бошқа соҳаларда бўлгани каби зироатчиликда ҳам изчил ва оғишмай амалга оширилиши ғоят муҳимдир. Шубҳасиз, буларнинг барчасига экинларни галма-гал, далалар бўйига, илмий асосда, навбатлаб экиш-қонуний асос ҳисобланади ва кўп ҳолларда унга давлат даражасида аҳамият берилиб, ҳатто қонун сифатида талқин қилинади ва тус берилади.
Хўш экинларни навбатлаб ёки алмашлаб экишнинг бу қадар аҳамиятига боис нимада? Бунинг сабаби шундаки, аввало у зироатчиликда тупроқ унумдорлигини ошириш негизида ердан мақсадли фойдаланиш, уларнинг ҳолатини яхшилаш, дала экинлари ҳосилдорлигини изчил ошириш, бегона ўт, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашнинг энг самарали тадбирлари сирасига киради. Бу айниқса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, бозорларнинг арзонлашуви ва аҳолининг реал даромадлари ошишида асос бўлади. Ҳолбуки, шундай экан фермерларимиз ушбу масалани ўта муҳим деб билмоғи жоиз кўринади.
Дарҳақиқат, озиқ - овқат муаммосини ҳал этиш биринчи навбатда, ерга ўтмишдагидек хўжасизларча муносабатда бўлиш эмас, балки том маънода, ҳақиқий эгаси сифатида қайғуриш лозим кўринади. Фермерлик ҳаракати кенг қулоч ёйиб, қонуний асосда ривожланаётган ҳозирги даврда агротехнологияларни қўллашда ҳам қонуний, илм-фан ва илғор тажриба ютуқлари асосида иш кўришни тақозо этади. Шундай қилсак ҳозирда эришган муваффаққиятларимиз мустаҳкамланиб, халқимизнинг янада фаровон яшаши кафолатланади.
Ҳозирда кўп тармоқли фермерларимиз ғўза, ғалладан ташқари бошқа экинлар, хусусан сабзавот, мойли, озиқ-овқат ва озуқабоп экинлар экишмоқдалар.Табиийки, бундай ҳол экинлар тузулмасидан ташқари уларни далалар бўйига илмий асосда навбатлаб экишга ҳам эҳтиёж сезади. Демак кўп тармоқли фермер хўжаликларида ҳозирда мавжуд пахта-ғалла алмашлаб экишдан ташқари ғалла-сабзавот, пахта-ғалла ёки ғалла-озуқабоп экинлар каби алмашлаб экишларни қўллаш шарт ва зарурдир.
Хўш, алмашлаб экишни қўллашнинг қандай афзалликлари бор ва уларнинг илмий асосларини нималарда кўрамиз? Экинлар тўғри навбатлаб экилганда фермерларимиз экин учун озиқ моддалар нисбатини тўғри белгилай оладилар.Чунки у ёки бу экин азот, фосфор, калий ва бошқа моддаларни тупроқдан бир хил миқдорда олиб чиқмайди, уларнинг баъзилари тупроқдан ҳосил билан бирга олиб чиқиб кетилади ва далага қайтмайди.Бундан ташқари ғўза тупроқнинг қуйи қатламларидаги озуқани ўзлаштирса, ғалла экинлари юқори қатламдаги моддаларни ўзлаштиради.Бунда баъзи бир экинлар қийин шаклдаги моддаларни ўзлаштирса, баъзи бирлари эса осон шаклдаги унсурларни ўзлаштиради.
Шунингдек, алмашлаб экиш тупроқ муҳитига ҳам турлича муносабатда бўлинади. Бундай ҳол, ўзаро номутаносибликни ва моддаларнинг етишмаслиги оқибатида ҳосилнинг кескин камайишига олиб келади.
Табиийки, экинларни бетартиб, пала-партиш жойлаштириш ва экиш тупроқ хоссаларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.Натижада, тупроқ унумдорлиги заифлашади ва ёғингарчилик боис қатқалоқ босади, ҳаво алмашиниши ёмонлашади,тупроқ жониворларининг фаолияти сусаяди ва ҳоказо. Агарда ғўза ва ғалладан сўнг далага такрорий экин сифатида оралиқ ёки сидератлар экилса, бундай ҳолда чиринди миқдори орта бориб, ўша майдон унумдор тупроққа айланади ва улар шамол ҳамда сув эрозиясига чидамли бўлади.
Яна бир жиҳати шуки, бирор бир экин бир далага сурункали экилаверса, у ҳолда ўз-ўзидан бегона ўт турлари, энг хавфли касалликлар, зараркунандалар тез кўпаяди ва даланинг экотизимига ўта салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, қисқа муддатда тезу соз ўсувчи ўсимликлар билан бирга, куз-қиш-эрта баҳорги бегона ўтлар хуруж қиладиган далага эса баҳорги экинларни танлаш биологик асос ҳисобланади.
Ниҳоят, экинларни илмий асосда навбатлаш аввало, иқтисодиёт жиҳатидан ҳам юқори самара беради. Чунки, экинларга навбатдаги номутаносиблик, таваккалчилик ва асоссиз равишда хато-камчиликларга йўл қўйиш соҳани издан чиқарибгина қолмай, балки иқтисодий жиҳатдан хавф-хатар ва инқирозга ҳам олиб келиши мумкин. Бу эса ҳозирда жаҳон молиявий инқирози рўй бераётган бир даврда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг сунъий равишда етишмаслиги, қимматлашуви ва аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари, саноатининг хом ашёга, чорвачиликнинг эса озуқага бўлган эҳтиёжини тўла таъмин этишда муайян қийинчиликларга олиб келади ва ҳоказо.
Ана шулар асосида таъкидлаш жоизки, зироатчиликда агротехнологиялар занжиридаги бошланғич кўрсатгич, яъни алмашлаб экишга илмсиз ёндашиш нафақат иқтисодий зарар ёки ҳосилдорликнинг пасайиши, балки давлатимиз томонидан қўйилган ўта муҳим вазифаларни бажариш, фермерлик ҳаракатидаги чекинишлар, айниқса тупроқ унумдорлигининг кескин пасайиши, хоссаларининг ёмонлашуви, шўрланиш, эрозиянинг юзага келиши, шунингдек, катта маблағ эвазига, сарф-харажатларнинг асоссиз равишда елга совурилишига олиб келади.
Шундай қилиб, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва уни жаҳон андазалари даражасига олиб чиқишни мақсад қилган эканмиз, парламентимиз томонидан "Алмашлаб экиш тўғрисида" қонун қабул қилинса, бу унинг деҳқончиликдаги устуворлиги ва ҳуқуқий жиҳатдан қонунийлигини белгилашда муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблаймиз.
Хидирали Ботиров,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.