Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚАЛИН ВА МАҲР БЕРИШ КЕЛИН ТАРАФГА ЎТДИМИ?

Таҳририятдан "Қалин ва маҳр" ҳақида мақола тайёрлаш топшириғи берилганда, рости ҳайрон бўлдим. Чунки, қалин ибораси, деярли мулоқотдан чиққан. Маҳр эса, тўғриси, бу ибора таниш бўлса-да, унинг аниқ маъносини яхши билмасдим. Масалага аниқлик киритиш мақсадида муҳаррирга учрадим.

– Қалин йўқлиги ҳақиқат, – деди у саволимга жавобан, – Илгарилари у куёв томонидан келинга бериладиган маълум тўлов шаклида бўлган. Ҳозир у йўқ. Лекин эндиликда қалин тўлаш келин томонга ўтаётгани кўп гапириляпти. Бу эса маҳрнинг бузилишини келтириб чиқармоқда. Яъни, мусулмончиликда зид амаллар бўлмоқда. Шуни мисоллар билан очиб бериш керак. Ўқувчиларимиз тўй маросимларда урф-одатларимизга тўғри келмайдиган расм-русумларни ўйлаб топишаётганини тушуниб етишсин.
Қалин ҳам, шунингдек, куёв томондан келинга маҳр бериш ҳам қадимдан амалга ошириб келинган миллий анъана экани тарихий манбалардан маълум. Лекин улар янгича кўриниш касб этган. Қалин пулини келинни сотиб олиш учун унинг ота-онасига бериладиган пул ёки бойлик деб тушунмаслик керак. У келин томоннинг тўй харажатлари учун куёв тарафдан бериладиган ёрдам бўлиб, унинг аниқ миқдори белгиланмаган. Шунинг учун аҳолининг кам таъминланган қатлами ҳам уни амалга ошириш имконига эга бўлган. Маҳр – куёвнинг келинга ажратган мулки (одатда, унинг яшаши учун умрбод шахсий мулк тарзида берилган, масалан, айни пайтда у келин бўлиб тушган уй мисолида берилмоқда).
Дин пешволари қалин ва маҳр борасида қуйидагиларни таъкидлашади: "Динимизда умуман қалин деган нарса йўқ. Қалин қизнинг ота-онасига ёки қариндошларига бериладиган пул ёки қандайдир мол бўлиб, қизларни буюмдек сотиш ёки сотиб олишга ўхшайди. Маҳр эса куёвнинг бўлажак рафиқасига кўнгилдан чиқариб берадиган ҳадяси. Унинг қандай бўлишини ва қанча миқдорда бўлишини келин-куёв келишиб олишади. Бу борада келинни рози қилиш жуда муҳим. Маҳр келиннинг мулки бўлиб қолади. Қизнинг ота-онаси ёки қариндошлари бу мулкка эгалик қилмайдилар. Қалинда эса аксинча пул ёки мол қизнинг ота-онасига берилади".
Аллоҳ Қуръонда: «Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз» (Нисо, 4) деб марҳамат қилган. Демак, маҳр беришда келинни рози қилиш билан бирга чин кўнгилдан чиқариб бериш керак. Айни замонда келин бечора шу қадар катта сеп билан келадики, куёв берадиган маҳр сепнинг олдида урвоқчалик ҳам бўлмай қолади. Аслида шундай бўлиши керакми? Келиннинг куёвга олиб келадиган ҳадялари олдида маҳрнинг жуда кичкина бўлиши одатий ҳолат бўлиб қолган. Унда маҳрнинг ўрни қаерда қолади? Тўғри, баъзилар маҳрга «бир уй, айвони билан» беришади. Лекин, аксар ҳолларда ўша уй ва айвон келинга мулк қилиб берилмайди. Агар турмуш бузилиб эр-хотин ажрашгудек бўлса, хотиннинг маҳрига тушган уй билан айвон ҳақида ҳеч ким эсламайди. Хотин қизлик уйига ҳайдаб юборилади. Аслида хотин маҳрига тушган уйдан эри билан қайнона-қайнотасини чиқариб юборишга ҳақли.
Оламларнинг саййиди бўлмиш зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз жигаргўшалари, аҳли жаннат аёлларнинг саййидаси Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога қилиб берган сеплари қанчалик камтарона, қанчалик содда бўлганини Насаий ёзиб қолдирган ривоятдан ҳам билиш мумкин: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чийдухоба, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз(сеп) қилиб бердилар».
Мазҳаблик қоидасида уй жиҳозларини тайёрлаш худди аёлга нафақа ва кийим бериш каби эрга вожибдир, деб белгилаб қўйилган. Эр келин тушадиган уйни икковлари яшашлари учун мувофиқ ва лойиқ равишда жиҳозлаши шарт. Ундаги кўрпа-тўшак, қозон-товоқ, гиламлар – барча нарсалар куёв томонидан олиб берилган келиннинг мулки ҳисобланади. Куёв улардан ўз мулки сифатида фойдаланишга ҳақли эмас. «Маҳр» эса келинни хурсанд қилиш мақсадида бериладиган нарса.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф "Бахтиёр оила" китобида қуйидагиларни келтирган" "Фарғонада туғилиб, ўсиб, Москвага турмушга чиққан татар миллатига мансуб аёл ўша тарафда умумий хожатхонада фаррошлик қилаётган аёлларимиздан бирини кўриб, унга ачиниб, нима учун бу ҳолга тушиб қолганини сўрабди. Жавоб ҳар қандай одамни ларзага соладиган даражада бўлибди. «Қизимни турмушга узатишимиз керак. Мебел ва бошқа нарсаларни олгани пулимиз йўқлигидан бегона юртларда шу ҳолга тушиб юрибман», – дебди аёл.
Ҳа, бу айни ҳақиқат. Четга ишга кетганларнинг аксарияти фарзандини тўй қилишга маблағ топиш учун мусофирчиликни бўйнига олганини айтади. Лекин йиллаб оғир меҳнат қилиб ишлаб топилган пулнинг бир кунда сочиб юборилиши бирор мантиққа тўғри келмайди. Бундан ташқари, ота ёки онанинг оилани маълум муддатга ташлаб хорижга кетиши шу оиланинг тўлиқ бўлмай қолишига олиб келади ва бу шу оилада тартиб ва тарбиянинг издан чиқишига сабаб бўлади.
Тақводорларнинг келин томонга тушаётган оғирлик ҳақидаги эътирозлари тўғрилигини қайд этиб, Шайх ҳазратлари давом этади; "Ўйлаб кўрайлик-чи, янги оила қуриш учун куёв тараф нима сарф қилмоқда? Баъзи сарполар, маҳрга бир дона узук, сут пулими ёки яна бошқа ном билан бир оз маблағ. Келин тараф-чи? Деярли барча сарф-харажатлар келин тарафга юкланган. Қиз боққаннинг жазоси – шу! Сарпога ундан кўра қимматроқ қилиб сарпо қайтариш керак. Сут пули ёки тўй пулига ўн баробар қўшиб тўй қилиш керак. Келин тарафнинг тўйдаги бош ташвиши – куёв тараф жамлаб келган кўплаб меҳмонларни яхшилаб кутиб олиш, яқинларига сарпо кийдириш ва куёв тараф «бўшатиб қўйган» хоналарни қимматбаҳо асбоб-анжомлар билан тўлдириш керак..."
Ота-она фарзандига тахт бериши мумкин, бироқ бахт беролмайди. Қилинган сеп-сидирғалар вақтинчалик. У фарзандларимизда ҳаётга енгил-елпи қараш кўникмаларини шакллантиради. Биз қилиб бераётган қўша-қўша жиҳозу буюмларни ўз меҳнатлари билан топсин. Шундагина улар ана шу нарсаларнинг қадрига етади.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ тайёрлади.


Дата добавления: 12/05/2017 15:24;   Просмотров: 1624
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку