Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚАЛБЛАРНИ ҚУВОНТИРГАН ТАДБИР

Туман марказидан олис, Самарқанд шаҳри билан туташ Ражабамин маҳалла марказида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул икки жиҳатдан унутилмас, самарали тадбирга айланди.

Биринчиси, Президентимиз топшириғи билан мамлакатимиз ҳудудларидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни, мавжуд муаммоларни ўрганиш бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳининг туманимизда ўн кундан буён иш олиб бораётганлиги ва ушбу маросимда гуруҳ раҳбари ҳамда аъзоларидан Уйғун Рўзиев билан Исмоил Нуриддиновларнинг бевосита иштироки бўлса, иккинчиси барча мурожаат этган фуқароларнинг 80 фоизи уларни йиллар давомида қийнаб келаётган ижтимоий, оилавий-шахсий масалаларга ижобий ечим топганлигидир. Қабулда олиб чиқилган масалалар қамрови кенг, ҳал этиш муддати ва миқёси ҳам турлича бўлиб, айримлари вилоят ва республика доирасида кўриб чиқилиши лозимлиги аниқланди. Ички ва марказий йўллар, ҳаракат хавфсизлиги (белги, светофор), 42,44-мактабнинг собиқ ва авария ҳолатидаги бинолари, янги боғчалар қурилиши, прописка ва паспорт, маданий мерос объектлари атрофини ободонлаштириш, оғир касаллик ва жарроҳлик, маҳалла марказларини қуриш, автобекат, пенсия, ногиронлик аравачаси, арзон уй-жой, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муаммолар атрофлича эшитилиб, мутасадди идораларга ижро учун йўналтирилди ва назоратга олинди.
Жумладан, Обод маҳалласи фуқароси, ёш тадбиркор йигит Шерзод Ражабовнинг ўз фаолиятини бошлаш учун қурилган бинони коммуникация тизимига улаш ҳақидаги мурожаати шу куни ижобий ечим топди.
Табиийки, айрим мурожаатлар амалдаги қонун талабларига зид бўлганлиги сабабли тегишли тартибда жавоб берилди.
Жойи келганда шуни айтмоқчимизки, мурожаат этувчи аксарият одамларда юрт тараққиёти, жамият манфаатига дахлдорлик ҳисси, фуқаролик муносабати таҳсинга лойиқ. Улар бугунги ислоҳотлар моҳияти, давлат талаблари, Президентимиз сиёсатини чин юракдан қўллаб-қувватлаётган бир пайтда, айрим кишилар ҳали ҳамон "Олма пиш, оғзимга туш» қабилида ҳаёт кечирмоқда, атрофидаги, қўни-қўшнилардаги ўзгариш, янгиланиш, ҳавас қилгулик саъй-ҳаракатларни пайқаганлари йўқ гўё. Муҳтарам Юртбошимиз бундай кишиларни назарга олиб "Бизнинг энг катта душманимиз, ички душманимиз бу - бефарқ одам" деб айтганлари айни ҳақиқат. Парвардигор ҳам бандасига "Сендан ҳаракат, мендан баракат" деган экан. Қайнамалик Саодат Ражабова, Соро Ибрагимова каби боқимандаликка мубтало фуқаролар доимий равишда туман, вилоят ҳокимликларидан бир нарса ундириш илинжида елиб-югуришни касб қилиб олган. Бу одат қачонгача давом этади? Қачон элга эш бўламиз? Давр ва ҳаёт билан ҳамнафас яшаш, ишлаш замони келди. Фидойилик, қатъий интизом, шахсий жавобгарлик, ҳалол муносабатлар жамиятни оёққа турғазадиган, унинг тараққиётига хизмат қиладиган буюк куч эканлигини англаб етиш, элга пайрав бўлишга нима етсин.
Қабулда қатнашган Халқ қабулхонасидан тортиб барча бошқарув идоралари мутасаддилари, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари жойлардаги ҳақиқий аҳволга юқоридан туртки кутмасдан, томошабин сифатида эмас, балки шахсий жаобгарлик нуқтаи назаридан холис, очиқ-ойдин танқидий муносабат билдиришлари, тезкор амалий ечим топишлари ҳаётий заруратдир.
Шундагина халқ розилиги таъминланади.

Н.МЕҲРАНГИЗ


Последнее редактирование: 21/09/2018 12:51;   Просмотров: 957
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку