Ўзбекистон Республикаси Президентининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармони ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорини ўқиб, туманимиз нуронийларининг эътибор ва ғамхўрликдан қалби қувончга тўлди. "Нуроний" жамғармаси туман бўлими ҳам байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирларини белгилаб, шу асосда байрам тантаналарини муносиб ўтказишни режалаштирган.
Бугунги кунда туманда 1 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 117 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари ва 20 478 нафар нуронийлар истиқомат қилади.
9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан туманда мавжуд бўлган 46 та қабристон, 1 та қадамжо ва 2 та ёдгорликларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 8 май куни туманда уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланади. Дастлаб, байрам иштирокчиларини нуронийлар масканида ёшлар ва туман ташкилот раҳбарлари тантанали равишда кутиб олишади ва ёшлар билан кекса отахон ва онахонлар ўзаро самимий суҳбатлари уюштирилади. Шундан кейин туман ҳокими ва ташкилот раҳбарлари иштирокида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинади. Бундан ташқари, тўшакда ётган уруш, меҳнат фахрийлари кекса отахону онахонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар улашилади.
Бугунги кунда туманда ягона Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган Юқори Арабхона маҳалласида яшовчи Аҳад бобо Очилов давлатимиз раҳбари фармонида кўрсатилган барча имтиёзлардан фойдаланиб келмоқда. Отахон Тошкент шаҳрида бўладиган байрам тадбирларида ҳам иштирок этади.
Мухтасар айтганда, "Нуроний" жамғармаси туман бўлими ҳам умумхалқ байрамига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Ҳа, кекса авлод вакилларининг ҳаётига дахлдор муаммоларни ҳал қилиш, барчамизни оқ ювиб-оқ тараган, она юртимизнинг оғир юкини, уни қувонч ва ташвишларини умр бўйи елкасида кўтариб келган мўътабар боболаримиз ва момоларимизни, ота - оналаримизни рози қилиш, уларнинг дуосини олиш дунёда энг улуғ ва энг савобли ишдир. Шунинг учун ёшларимизни аждодларимиз анъаналарига садоқат, қадриятларимизга эҳтиром руҳида тарбиялаш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
О. АЛИЕВ,
"Нуроний" жамғармаси
туман бўлими раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.