Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АҲИЛЛИК - ЮТУҚЛАР ҚАНОТИ

Хаймари боло маҳалла аҳли ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга Мурожаатномасини мароқ билан тингладик. Унда кўтарилган масалалар халқнинг дилидаги гаплари бўлиб, ҳаётимизнинг барча жиҳатларини қамраб олган. Айниқса 2019 йилни "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб номланиши мамлакатимизда инвестицияларни кенг жалб қилиш, халқимизнинг ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ижобий натижалар беради, деб ишонамиз.

Бунда Президентимизнинг "Бу вазифаларни ҳал қилишга бугундан бошлаб киришмасак, бор куч ва имкониятларимизни шу йўлда сафарбар этмасак, кўзланган мақсадга, маррага эришиш қийин бўлади" деган сўзлари ҳар биримизга дастуруламал бўлиши лозим. Хусусан Президентимизнинг "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари халқимиз томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди.
Натижада охирги йилларда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан қурилиш, ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилди ва бу ўзгаришларни кўриб кўнглимиз нурафшон бўлади. Эртанги кунга бўлган умид, шукроналик ҳисси янада ошади.
Кўп соҳалар каби маҳалла институтига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Чунки унинг ортида жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оиланинг мустаҳкамлиги, халқнинг манфаати ётади. Узоққа бормайлик, буни бизнинг маҳалламиз мисолида кўрайлик. Дарҳақиқат уч минг нафарга яқин аҳоли умргузаронлик қилаётган кўҳна Хаймари боло маҳалласида кейинги йилларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бунёдкорлик йўлида кенг кўламли ишлар қилинди.
Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинининг эски биноси ўрнида маҳаллага кўрк берадиган замонавий бино қад ростлади. Бунда МФЙ ходимлари, профилактика нозири, хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис учун иш хоналари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, кутубхона каби тармоқлар қурилгани аҳоли узоғини яқин, оғирини енгил қилади. Бу, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, меҳр-оқибатлиги, тегишли ташкилотлар ва аҳолимизнинг сидқидилдан меҳнат қилишидан далолатдир.

Раҳмонқул ҲамроҚулов,
Хаймари боло МФЙ нуронийлар Кенгаши раиси


Дата добавления: 18/01/2019 15:05;   Просмотров: 884
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку