Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АҲИЛЛИК ҚЎРҒОНИ

Манбалардан маълум бўлишича, "Равонак" маҳалласи Буюк Ипак йўли - Термиз, Китоб, Қаршидан Самарқандга келадиган марказий йўл устида жойлашгани учун Чин, Ҳинд, Чағониён каби узоқ-яқин мамлакатлардан келган сайёҳлар асосан шу йўлдан ўтишган экан. Маҳалла XII-XIII асрларда ҳам анча хушманзара, обод мавзелардан бўлган. Сайёҳлар шу ерда қўналға топиб, дам олган. Қайтишда ҳам шу ердан манзиллари томон равона бўлган. Шунинг учун ҳам мазкур маҳалла номининг этимологияси форс-тожик тилидаги "равона", яъни "кетмоқ" маъносини англатади, кейинчалик бу сўз шаклининг такомили ва меъёрлашуви туфайли "равонак" сўзи ҳосил бўлган...

"Равонак" маҳалла фуқаролар йиғини 1933 йилда собиқ Иттифоқ давридан бошлаб расман қишлоқ йиғини сифатида тан олиниб, мустақиллик йилларида мукаммал таркиб топди ва бугунги кунда ўз тасарруфида халққа хизмат қиладиган биноси ва фуқаролар йиғини ходимлари ишлаши учун барча шароитлар мавжуд.
"Равонак" маҳалласида бугун 725 та хонадон, 1297 та оила мавжуд 4270 нафар аҳоли, жумладан, 2236 нафар хотин - қизлар, 597 нафар 7 ёшгача болалар, 453 нафар 16 ёшгача болалар ва ўсмирлар, 1050 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар истиқомат қилади.
Фуқаролар йиғини ҳудудида 1 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та умумий ўрта таълим мактаби, 1 та касб-ҳунар коллежи, 1 та мини-футбол майдони мавжуд. Шунингдек, 1 та жомеъ масжиди, 2 та нуронийлар дам олиш маскани, 1 та маданият уйи фаолият кўрсатмоқда.
Ижтимоий муҳофазага муҳтож оила 21 та, моддий ёрдам олувчи 1 нафар, нафақа олувчи ёшлар 18 нафар, тадбиркорлик субъектлари 140 та бўлиб, шундан мебель ишлаб чиқариш цехлари 12 тани, ширинликлар ишлаб чиқариш цехлари 5 тани, овқатланиш шохобчалари 12 тани, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари 10 тани, турли тиббиёт муассасалари 3 тани ташкил этади. Маҳалла аҳолисининг 190 нафари хорижий мамлакатларга ишлаш учун кетишган.
Кейинги йиллар мобайнида янги қурилган бинолар олдидаги ноқонуний қурилишларга барҳам берилиб, ободонлаштириш бўйича хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Кўча ва хиёбонлар тартибга келтирилмоқда. Янги чойхона ва аёллар учун спорт комплекси қурилишининг лойиҳаси тасдиқланди. Тез-тез ҳашарлар ташкил этиш анъана тусига кирган. Асосий мақсадимиз соғлом, намунали турмуш тарзини қарор топтиришдир.
Маҳалла, аввало, соғлом ижтимоий муҳит масканидир. Бу ерда жамоатчилик фикри асосида маҳалла аҳлининг хулқ-атвори, ўзаро муносабатлари адолат ва маънавий мезонлар тартибга солиниб келинмоқда.
Шу маънода бежизга "Маҳалла-демократия дарсхонаси" дейилмайди. "Равонак" маҳалласида жамоатчилик томонидан олиб борилаётган мафкуравий ишлар ўз самарасини бермоқда.
Маҳалламизнинг фаолиятини сарҳисоб қилиш мавридида қайд этиш лозимки, аҳолининг асосий қисмини ҳунарманд-усталар, фермер хўжалиги аъзолари ҳамда турли хил касб эгалари ташкил этади. Улар аҳил - иноқликда умргузаронлик қилишади. Аҳолимизнинг бандлигини таъминлашда мебель, ширинлик ишлаб чиқариш цехлари, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, умумий овқатланиш шохобчаларининг хизмати катта. Улар айни пайтда 140 нафар халқимиз,хусусан, ёшларнинг иш билан бандлигини таъминламоқда.
Ҳозирги пайтда турли тадбирлар режа асосида ўтказилиб, Пайшанба - профилактика куни давомида участка нозирлари билан ҳамкорликда жиноят содир этишга мойил, нотинч оилалар, ичкиликка ружу қўйган фуқаролар аниқланиб, жиноятчиликнинг олдини олиш чора-тадбирлари, туман судлари томонидан сайёр судлар ўтказиб келинмоқда.
Фуқароларимиз томонидан юздан ортиқ мурожаат тушган бўлса, шуларнинг 23 таси ёзма аризадан иборат. Ушбу аризаларнинг 21 таси ижобий ҳал этилди. 2 таси бугунга қадар айрим сабабларга кўра муаммолигича қолиб келмоқда.
Мавжуд муаммолар маҳалла фуқаролар йиғинининг комиссиялари, хусусан, яраштириш, ёшлар ва вояга етмаганлар комиссияси, кексалар, фахрийлар ва нуронийлар билан ишлаш комиссияси билан ҳамкорликда бартараф этилмоқда. Маҳаллада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари тўғри йўлга қўйилган бўлиб, байрамлар олдидан ҳашарлар ташкил этилиб келинмоқда.
Кам таъминланган ва яшаш шароити ўта оғир хонадонларнинг 25 нафарига имтиёзли микрокредитлар ажратилди. Уларга паррандачилик ва чорвачиликни ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.
Ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Яқинда буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоийнинг 578 йиллиги, буюк саркарда, шоҳ ва улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 536 йиллигини муносиб нишонладик. Бундан ташқари, ҳар бир байрамларда кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларга совғалар улашилди, байрам дастурхонлари ёзилди.
Маҳалла аҳли Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун. Ўтган йили юртбошимиз томонидан Чернобель ҳалокати иштирокчиси Орзумурод Ҳамдамов ва Фароғат Бозороваларга юборилган совғалар ҳам кўтаринки руҳда топширилди.
Бир сўз билан айтганда, айни пайтда маҳалла фаоллари халқимизнинг бахт - саодати йўлида тиним билмай меҳнат қилмоқда.

Ориф ТЎраев,
"Равонак" МФЙ раиси


Дата добавления: 22/02/2019 12:23;   Просмотров: 914
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку