Мамлакатимизда ўсимликларни карантин зарарли организмлардан муҳофаза қилиш давлат аҳамиятига молик масала ҳисобланиб, бу талабларни ўз вақтида бажармаслик қишлоқ хўжалигида катта моддий зарар етказиши мумкин.
Туманда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш миқдорини янада кўпайтириш учун барча иқтисодий, агротехник ва маънавий тадбирлар сифатли тарзда амалга оширилиб келинмоқда. Ўсимликларни самарали ҳимоя қилишда экинзорларда учрайдиган зарарли организмлар пайдо бўлиши ва тарқалишига йўл қўймаслик, мунтазам равишда назорат қилиб бориш, уларга қарши агротехник, ташкилий курашнинг арзон ва самарали усулларини қўллаш анча фойдалидир. Барчамизга маълумки, ғалла ўрим - йиғими мавсуми арафасидамиз.
Бободеҳқонларимиз не-не машаққатлар билан етиштирилган ҳосилни бирон-бир мисқолини ҳам нест-нобуд қилмасдан, йиғиштириб олишга шай туришибди. Айтиш жоизки, ғалла майдонида учрайдиган бегона ўтлар, судралувчи какра, зарпечаклар ҳосил сифатига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, судралувчи какра ўсимлиги кўп йиллик бўлиб, 30-80 минг донагача уруғ пайдо қилади. Унинг уруғи билан ифлосланган дон қайта ишланганда аччиқ бўлиб қолади. Бу ўсимликда кўплаб алкогоидлар тўпланади, шу боис у билан боқилган қишлоқ хўжалик ҳайвонларида ҳам заҳарланиш юзага келади. У сигир сутини таъмини ҳам кескин бузади. Какра ўсимлиги бошқа ўсимликларга нисбатан озуқа моддасини 3-5 марта кўпроқ сўриб олади. Шунингдек, зарпечаклар таркибида ҳам "кускудин" ва "кусталин" деган алкогоид моддалар мавжуд бўлиб, улар ҳам ҳайвонларни зарарланишини келтириб чиқаради.
Шулардан келиб чиқиб, ғалла ҳосилини тоза ва сифатли етказишда карантин тадбирларини ўз вақтида қўллаш катта аҳамият касб этади.
А.Рахимов, Ф.Абдухамитов,
Давлат карантин инспекторлари
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.