Халқ билан бевосита мулоқот олиб бориш, унинг дарду ташвишлари билан яшаш, эл-юртимизни рози қилиш - бу вақтинчалик кампания эмас. Бу халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиядир, дейди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, бугунги ислоҳотлар шиддати, устувор инсонпарвар сиёсат моҳиятидан келиб чиқиб, барча бўғиндаги давлат ва жамоат ташкилотларини омилкорлик билан бошқариш осон эмас. Ишониб топширилган ҳар қандай лавозим эгасида юксак масъулият, қатъий ижро интизоми, шахсий жавобгарлик нон ва жон қадар азиз бўлмаса, ҳалоллик, пок виждон, чуқур билим, метин ирода, ташкилотчилик, ватан, эл, миллат, келажак тақдирига дахлдорлик туйғуси олий фазилатга айланмаса, кўзланган марра ва ютуқлар, режа ва дастурлар рўёби амри маҳол.
Ана шундай руҳият ва жўшқинлик билан навбатдаги (иккинчи) оммавий сайёр қабул 3-сектор ҳудудида жойлашган Ўзбеккент маҳалла фуқаролар йиғини марказида ўтказилди.
Туман ҳокими Носиржон Мавлонов барча мутасадди ижро идоралари раҳбарлари иштирокида 33 нафар турли ёшдаги эркак ва аёл фуқаронинг қарийб 50 та муаммоли масалаларини бирма бир эшитди. Самарқанд шаҳри билан туташ, азалдан сераҳоли бўлган мазкур ҳудудда жуда кўп дала ҳовлилар, кўп қаватли уйлар, шароити оғир хонадонлар, ишсиз фуқаролар, таъмирталаб ички йўллар, ижтимоий объектлар мавжуд ва уларда тўпланиб қолган муаммоларни узоқ келажакда эмас, айнан бугун ва яқин муддатда ҳал этиш зарурати кўндаланг бўлиб турибди. Эшитилган ҳар бир мурожаатнинг ижро муддати 1 кундан 10 кунгача қилиб белгиланди. Ҳар галгидек, масалаларнинг асосий қисми ер ажратиш, кадастр, ичимлик суви, ички йўл, эски симёғоч ва трансформатор, замонавий уй-жой, тадбиркорлик, оилавий келишмовчилик, экологик вазият, МТМ қуриш, даволаш учун моддий ёрдам, бола нафақаси, светофор, табиий газ, меросга эгалик, суд қароридан норозилик, ёнган уй-ҳовлини тиклаш каби масалаларга тегишли бўлди. Уларни жойида чуқур ўрганиб, аниқ хулоса ва таклифлар тақдим этиш вазифаси топширилди.
Йиллар давомида йиғилиб, ечими турли сабаблар билан пайсалга солиниб келинган муаммолар ойдинлашди.
Шуниси эътиборлики, мурожаатчи ўз дардига даво топгандай, енгил тортиб, умид ва ишонч билан ўз манзилига қайтишдан олдин, бажарувчи масъул ходим билан очиқ ва юзма юз гаплашиб ҳам олди.
Жумладан, Навбоғ маҳалласидан келган Искандар Абдурасуловнинг ташландиқ ерни обод этиб, тадбиркорликни бошлаши учун 30 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш ҳақидаги истаги ўз ижобатини топди. Ўрта Туркман маҳалласидан келган фуқаро Раҳим Аҳадовга ҳам оилавий корхонасини кенгайтириш учун Халқ банкидан бир ҳафта ичида кредит олиш имконияти туғилди.
Даштободлик Лола Наимованинг қурилаётган янги уйлардан яшаш жойи билан таъминлаш борасидаги масаласи ҳам ижобий ҳал этилди.
Албатта, сайёр қабулни ҳар қандай муаммо-мурожаат тезда ҳал этиладиган тадбир деб тушунмаслик керак. Қатор мурожаатлар маҳалланинг ўзида ҳал этилиши мумкин бўлган бир пайтда одамларни овораю сарсон қилувчи амалдорлар ҳам йўқ эмас. "Маҳалла - сектор - ҳокимлик" тизими барқарор ишлаётган бугунги кунда, энг аввало, қаерга, кимга, қандай тартибда мурожаат қилиш маданиятини ўрганиш, мавжуд қонунчилик нормаларини ўзлаштириш, мурожаат пайтида ахлоқ-одоб, ҳаё, ҳурмат ва андишани жойига қўйиш, тилим бор деб, шовқин-сурон, дўғ-пўписа ва бепарда сўзларга эрк бермаслик ойдек равшан инсон омили эмасми? Маънавияти етук, маърифати улуғ халқмиз ва ҳар биримиз шу халқнинг тенг ҳуқуқли аъзосимиз. Инсоний фазилатларни оёқ ости қилишдан тап тортмайдиган махлуқсифат кимсага айланмайлик!
Ҳақ-ҳуқуқимизни билишдан ташқари, оила ва жамият, давлат ва халқ олдидаги фуқаролик бурчимизни унутмаслигимиз лозим.
Сайёр қабул якунида барча сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси мудири мурожаатлар мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, жойлардаги ҳақиқий вазият, ижтимоий муҳит, одамлар кайфияти билан боғлиқ ўз таҳлилий хулосаларини билдирдилар ва туман ташкилотлари раҳбарлари, секторлар қошидаги ишчи гуруҳ аъзоларини замон руҳига мослашиш, халқни рози қилиш, виждонан ишлашга чақирдилар.
Ҳар бир сайёр қабулнинг пировард натижаси, албатта қатъий назорат ва чуқур таҳлил призмасидан ўтиши, очиқ ва ҳаққоний баҳоланиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шу ерда фикримизни якунлаб, буюк мутафаккир Абдулҳамид Чўлпоннинг қуйидаги ҳикматини эслатмоқчимиз:
Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.