Самарқанд халқаро аэропортига "Истанбул-Самарқанд" йўналишидаги 372-рақамли авиарейсда учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Х.Ю. "яшил" йўлак орқали божхона назорати зонасидан ўтиш вақтида унинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортади.
Шунда божхона ходимлари мазкур фуқарога тегишли бўлган багаж сумкасини холислар иштирокида кўздан кечиришади.
Натижада сумка ичидан йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган қиймати 11 миллион сўмдан зиёд диний мазмундаги китоблар борлиги аниқланиб, божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, қонунчилигимизда диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш бўйича тартиб-қоида мавжуд.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги 10-сонли қарорининг 1-иловаси, 11-бандида "юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ҳар бир номланишдаги материалдан уч нусхадан ошмаган миқдорда, агар улар тақиқланган материаллар рўйхатига киритилмаган бўлса, экспертиза ўтказилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишига йўл қўйилади", деб таъкидлаб ўтилган.
Суд мазкур қарорга амал қилмаган фуқаро Х.Ю.нинг қилган ишидан пушаймонлигини, оилавий шароити, нафақада эканлиги ва унга нистабан жазо тайинлашда муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини инобатга олиб, тегишли қарор чиқарди.
Фуқаро Х.Ю. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227 -моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Маъмурий иш бўйича ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган китоблар давлат фойдасига мусодара қилинди.
Таҳлилларга қарасак, ўтган 2018 йилнинг март ойидан жорий йил март ойига қадар самарқандлик божхоначилар томонидан қиймати 41 млн. сўмдан зиёд, жами 357 дона диний мазмундаги китобларни ноқонуний йўллар билан олиб келиниши олди олинган.
Ғ.САТТОРОВ,
вилоят божхона бошқармаси
ахборот хизмати ходими
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.