Илм-фан янгиликларга тўла ва уларни қунт билан ўрганиб, қадам - бақадам амалиётга жорий қилиш ҳеч шубҳасиз, катта самара беради. Қуйида айни мавзуга дахлдор фикрларни баён қилишни лозим топдик.
Аэропоника дегани бу ҳозирги замон илм-фан ютуқлари тилида инновацион ихтиро бўлиб, тупроқ муҳитисиз сув қаватини асос қилган ҳолда ва унинг ёрдамида қишлоқ хўжалиги экинларидан муайян миқдорда биологик ҳосил етиштириш демакдир. Бу ҳақда оммавий - ахборот воситалари орқали ўтган йили Президентимиз Наманган вилоя тининг Чуст туманидаги "Барака мева саноат сервис" масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти билан танишганларида картошкани ушбу усулда етириштиришига юксак баҳо берган ҳолда уни бошқа вилоятларда ҳам жорий этиш лозимлигига эътибор қаратганди. Мазкур янгиликни МЧЖ бошқарувчиси С.Ҳасанов турли хорижий мамлакатларга сафари чоғида ўрганганини эътироф этганди.
Ушбу янгилик туфайли сувни ҳар 20 дақиқада пуркаб турувчи қурилма орқали 1,2 сотих ердан 5 сотих ерга экилганига нисбатан 6 ҳисса олий навли картошка уруғлари етиштириш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Президентимизнинг ташрифидан сўнг бу ерда тегишли вазирлик, муассаса, ташкилотлар, олим-мутахассислар ва фермер хўжаликларини жалб қилган ҳолда иссиқхоналарда аэропоника усулида картошка уруғини етиштириш бўйича республика миқёсида анжуман ҳам ташкил этилди.
Хўш, ушбу усулда картошка уруғи, яъни туганакларини етиштиришнинг қандай афзалликлари бор? Агар қуйидаги оддий рақамларга диққат билан разм солсангиз ушбу янгиликнинг асл моҳияти ва ундан келадиган даромаднинг салмоғи яққол намоён бўлади. Мазкур усулда картошка туганакларини бир йилда икки марта етиштириш мумкин. МЧЖда микротуганак (булар клонлар дейилади)лар 120 метр квадрат аэропоника мосламасига 3 минг дона экилади ва агарда уларнинг бир донасининг нархи ўртача 300 сўм қийматда белгиланадиган бўлса 9 млн. сўм қийматдаги элита уруғлигини етиштириш мумкин. Улар иссиқхонада меҳр билан парвариш қилинмоқда ва ҳар бир дона кўчатдан ўртача 30 тадан (жами 90 минг дона) супер элита уруғлик туганаклар дегани. Бу очиқ далада 1,5 га майдонни эгаллаши билан тенг. Қаранг-ки, гектаридан 20 тонна ҳосил олинганда келгуси йили экилса бундай ҳосилдорлик камида 4 ҳисса кўп ҳосил беради. Бу эса бутун бошли туман ва вилоятни уруғлик картошка билан таъминлаш имконини беради, албатта.
Ҳа, биргина Наманган вилоятидаги Чуст туманида жойлашган "Барака мева саноат сервис" МЧЖга раҳбарлик қилаётган С.Ҳасановнинг ушбу ноёб тажрибаси ҳақиқатан ҳам ибратдир. Бундан мақсад наинки озиқ-овқат картошкасини етиштириш, балки шу билан бирга, унинг сифатли ва тезкор уруғчилик тизимига асос солиш оркали ҳар бир минтақанинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда серҳосил картошка навларини яратиш, улар билан аҳоли эҳтиёжини қондириш ҳамда экспортга маҳсулот чиқариш имконини ҳам беради.
Хидирали БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалиги фанлар доктори
Завқиддин БОЗОРОВ,
вилоят илмий маркази бош мутахассиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.